Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 апрелдаги “Айрим турдаги товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 244-сонли қарори мамлакатнинг ташқи иқтисодий фаолиятида янги босқични бошлади. Мазкур қарор Президентнинг PF-67-сонли фармонига асосланган ҳолда қабул қилиниб, божхона орқали олиб ўтиладиган товарлар бўйича амалдаги қоидаларни қайта кўриб чиқиш ва модернизация қилишга қаратилган.
Янги меъёрларнинг асосий мазмуни
Қарор 2025 йил 1 майдан амалга киритилган бўлиб, у жисмоний шахслар томонидан товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишдаги нормалар ва қоидаларни янгилашни назарда тутади.
1. Божсиз олиб кириш нормалари
Янги тартибда жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда олиб кириладиган товарлар учун транспорт турлари бўйича божсиз олиб кириш меъёрлари қайта кўриб чиқилди:
№ Транспорт тури Илгариги меъёр (PQ-3512) Янги меъёр (VM-244)
1 Ҳаво транспорти (аэропорт) 2,000 АҚШ доллари 1,000 АҚШ доллари
2 Темир йўл ва дарё транспорти 1,000 АҚШ доллари 500 АҚШ доллари
3 Автомобил ва пиёда ўтиш пунктлари 300 АҚШ доллари 300 АҚШ доллари
4 Халқаро курьерлик жўнатмалари 1,000 доллар (чоракда) 200 доллар (ойда)
5 Халқаро почта жўнатмалари 100 доллар 100 доллар
Бу меъёрлар тижорат товарларини нотижорат ниқоби остида олиб кириш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
2. Айрим товарлар учун миқдорий чекловлар
Қарорнинг иловаларида божсиз олиб кириш мумкин бўлган товарлар учун аниқ миқдорий чекловлар белгиланган:
Алкогол маҳсулотлари: 2 литр (шу жумладан пиво)
Тамаки маҳсулотлари: 200 дона сигарет, 5 дона сигара, 100 гр тамаки
Атир ва парфюмерия: 3 дона (умумий 300 мл)
Биологик фаол қўшимчалар: 10 флакон суюқлик, 0.5 кг кукун, 100 дона таблетка ёки капсула
Заргарлик буюмлари: 65 граммгача (олтин, кумуш ва бошқалар)
3. Божхона ҳудудидан олиб чиқишдаги чекловлар
Қуйидаги товарлар учун экспорт миқдори белгиланган:
Товар номи Экспорт миқдори
Гуруч 3 кг
Нон-булка 5 кг
Гўшт маҳсулотлари 2 кг
Янги сабзавот/мева 40 кг
Шакар 2 кг
Ўсимлик ёғи 2 кг
Халқаро амалиёт билан солиштирма таҳлил
Халқаро тажрибага назар ташласак, Европа Иттифоқи мамлакатларида спиртли ичимликлар учун 1–4 литр, сигаретлар учун 200–800 донагача чегара белгиланган. Марказий Осиё мамлакатларида эса спиртли ичимликлар 1–3 литр, сигаретлар 200–400 дона оралиғида бўлиб, Ўзбекистондаги янги меъёрлар мазкур амалиётга мос келади.
Авиа транспорт орқали олиб киришда:
Европа: ўртача 555 доллар
Америка: ўртача 500 доллар
Марказий Осиё: аниқ кўрсатилмаган
Қуруқлик орқали олиб киришда:
Европа: 360 доллар
Америка: 550 доллар
Океания: 630 доллар
Африка: 1430 доллар
Марказий Осиё: 1650 доллар
Хулоса
Ўзбекистонда қабул қилинган ВМ-244-сонли қарор халқаро стандартларга мослаштирилган бўлиб, товарларни чегара орқали олиб ўтиш тартибини шаффофлаштириш ва тизимлаштиришда муҳим қадам ҳисобланади. Қарор нафақат жисмоний шахсларнинг шахсий эҳтиёжлари учун мўлжалланган олиб кириш/чиқариш амалиётини, балки ноқонуний тижорат фаолиятини чеклашни ҳам кўзда тутади.
Янги тартиб, ички бозорни ҳимоя қилиш, божхона назоратини кучайтириш ҳамда давлат иқтисодий манфаатларини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Чекловлардан ҳабардор бўлиш ва уларга риоя этиш ҳар бир фуқаронинг масъулияти сифатида қаралиши лозим.
Мухаммадқодир УМАРОВ,
Андижон вилояти божхона бошқармаси "Асака" Тиф божхона пости катта инспектори.