Ҳуқуқшунос минбари
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда фуқаролик ҳуқуқий муносабатларини суд орқали ҳал қилиш амалиётида ФҲДЁ (Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш) органлари билан боғлиқ маъмурий низолар сони ортиб бормоқда. Бу каби низолар асосан, фуқароларнинг туғилганлик, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралганлик далолатномаларига ўзгартириш ёки тузатиш киритишни рад этиш қарорларига нисбатан шикоят қилиш ҳолатларида юзага келмоқда.
ФҲДЁ органлари томонидан қабул қилинадиган қарорлар маъмурий-ҳуқуқий тусга эга бўлиб, улар фуқароларнинг шахсий ҳуқуқларига даҳл қилади. Агар фуқаронинг туғилганлик далолатномасидаги маълумотлардан бири хато қайд этилган бўлса, ва ФҲДЁ органи уни тузатишни рад этса, фуқаро бу қарорни маъмурий судда кўриб чиқишни сўрашга ҳақлидир.
Маъмурий судлар ушбу тоифадаги аризаларни Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 38-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 228-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 октябрдаги 550-сонли Қарори билан тасдиқланган фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига мувофиқ кўради.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, баъзи ҳолатларда ФҲДЁ ёзувларига ўзгартириш киритиш масаласи маъмурий судлар эмас, балки фуқаролик судлари ваколатига киради. Жумладан, вафот этган шахснинг туғилганлик, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралганлик далолатнома ёзувларига ўзгартириш ёки қўшимчалар киритиш фақат фуқаролик судининг қарорига асосан амалга оширилади.
Бундай тоифадаги ишлар бўйича нафақат фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг хато ва ноаниқликлари бўлган ҳужжатлари ўзларига тегишли бўлган фуқаролар, балки мерос қолдирувчининг вафоти муносабати билан маълум ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келадиган меросхўрлар ҳам манфаатдор шахслар бўлишлари мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1992 йил 13 ноябрдаги 5 а - сонли қарорида тушунтириш берилган.
Суд амалиётида шикоят аризага қўшилган далиллар, жумладан шахсий ҳужжатлар, ФҲДЁ органининг хулосаси ва бошқа юридик асосли далиллар катта аҳамиятга эга. Суд ушбу далилларни холисона баҳолаб, ФҲДЁ органи қарорининг қонунийлиги ва асослилигини текширади.
Маъмурий судлар бу борада фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органлари фаолияти устидан самарали суд назоратини таъминлашда муҳим тузилма сифатида фаолият юритмоқда.
Андижон вилояти маъмурий судининг судьяси.