Ёшлар фикри
Бугунги замон – инновациялар, рақамли технологиялар ва интеллектуал тараққиёт давридир. Бу ўзгаришларнинг марказида эса ёшлар турибди. Зеро, ҳар бир янги ғоя, технологик ёндашув ва ихтиро – ёшларнинг кучи, билими ва жасорати эвазига ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Ёш авлод бугун энди нафақат ахборот истъмолчиси, балки унинг яратувчисига айланмоқда. Стартаплар, сунъий интеллект, электрон хизматлар – буларнинг барчасида ёшларнинг иштироки яққол сезилади. Айниқса, рақамли дунёда мустаҳкам ўрин эгаллаш, халқаро майдонда ўз иқтидор ва салоҳиятларини намоён этиш учун улар ўз устида тинмай ишламоқда.
Инновацион тараққиёт шунчаки техник ютуқ эмас, балки фикрлашдаги янгиланиш, янгича қарашдир. Демак, замонавий ёш нафақат техник жиҳатдан юқори билимли, балки ижодкор, ташаббускор ва ижтимоий масъулиятли бўлиши керак. Чунки келажак айнан мана шундай ёшларнинг қўлида шаклланади. Уларнинг иқтидор ва интилиши билан юрт тараққиёти янада юқори босқичга кўтарилади.
Зулайхо ЖАЛОЛОВА,
Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университети, халқаро журналистика факультети талабаси.