Огоҳлик
Дунё бўйлаб кўнгилочар ва маиший мақсадларда ишлатиладиган пиротехника буюмларидан фойдаланиш кўламининг ортиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, янги йил кириб келиши олдидан пиротехника воситаларидан фойдаланиш ҳолатлари янада кўпаяди. Бу эса пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилиши билан боғлиқ хуқуқбузарликлар сонининг ортишига, ёш авлоднинг саломатлигига жиддий хавф туғилишига олиб келиши мумкин.
Республикамиз ҳудудига пиротехника воситаларининг ноқонуний кириб келиши ва айланишининг олдини олиш, шунингдек, оммавий маданий тадбирлар ўтказилишида хавфсизликни таъминлаш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилиб, мақсадли тадбирлар ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан пиротехника буюмларини қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ 77 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди. Натижада 416 минг донадан ортиқ пиротехника воситаларини ноқонуний равишда олиб ўтилишининг олди олинди.
Янги йил байрами тадбирлари яқинлашаётган шу кунларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари пиротехника воситаларини юртимизга ноқонуний кириб келиши, савдосига қарши курашиш юзасидан зарур профилактик тадбирларни олиб бормоқдалар. Бундан мақсад, турли кўнгилсиз ҳодисалар келиб чиқишининг олдини олиш, байрам тадбирларини чиройли ўтказишга эришишдир.
Шаҳноза МИРЗАЕВА,
Андижон вилояти Транспортда ХТБ ХПГ инспектори, майор.
Элёрбек КОМИЛОВ,
Андижон вилояти Транспортда ХТБ тергов гуруҳи катта терговчиси, капитан.