Версия для печати
28 Сен 2023

Коррупциядан қутулиш мумкинми?

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

ҲуҚуҚшунос минбари

Таниш-билишчилик, бошқа ноқонуний йўллар билан иш битириш каби холатлар борлигини афсуски, ҳеч биримиз инкор эта олмаймиз. Ана шундай ҳолатлар сабаб баъзи соҳалар ривожи қийин кечмоқда, оқсамоқда.

Дарҳақиқат, коррупция - жамият ижтимоий-иқтисодий тараққиётига жиддий даражада путур етказади. Ижтимоий тенгсизликни юзага келтиради, давлатга ишончни йўқотади, жамиятдаги маънавий муҳитни бузади. 

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, агар давлат органлари тизимида коррупцияга қарши ўз вақтида кескин чоралар кўрилмаса, ўша тизим аста-секин емирилиб, инқирозга юз тутади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда инсон қадри ва шаънини камситадиган, ислоҳотларга салбий таъсир кўрсатадиган иллат - коррупцияга қарши курашиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда   коррупцияга қарши курашишнинг яхлит тизими яратилган. 2017 йилда Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонуни қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг махсус қисми нормаларини таҳлил қилиб, айтиш жоизки, мазкур қонунда коррупция билан боғлиқ жиноий қилмишлар учун 20 га яқин моддада жавобгарлик белгиланган.

Жиноят кодексининг 210- моддаси, яъни "Пора олиш" жиноятига алоҳида тўхталиб ўтсак. Мазкур ҳолатда ҳар икки тараф, яъни пора олувчи ҳам, пора берувчи ҳам жиноятдан бирдек манфаатдор бўлгани учун ушбу турдаги жиноятларнинг яширинлик даражаси юқори ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида, пора олиш билан боғлиқ холатларни, аввало фош этишда, қолаверса, айбдор шахсларнинг айбини исботлашда катта тўсиқ ҳисобланади.

Шуни инобатга олиб, порахўрлик жиноятини очиш ҳамда айбдорларга қонуний чора кўриш, шунингдек, ушбу жиноятнинг олдини олиш мақсадида Жиноят кодексининг 211- ва 212-моддалари 4-қисмларида пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилган   шахсни жавобгарликдан озод этиш шартлари белгиланган.

Ушбу нормага мувофиқ, пора берган ёки пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс, агар жиноий ҳаракатларни содир этганидан кейин бу ҳақида ўз ихтиёри билан арз қилса ва чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берса, жавобгарликдан озод қилинади.

Мамлакатимизда фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларниг Конституциявий ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш жараёнини қатъий тартибга солувчи қонунчилик базаси яратилган. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузадиган ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатлаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентиниг Халқ қабулхоналари, Виртуал қабулхонаси мурожаатларни кўриб чиқиш аҳоли билан тўғридан- тўғри мулоқот қилишнинг муҳим, ўзига хос тизимига айланди. Авваллари одамлар ўз муаммоси раҳбарларга етиб бормаслиги сабабли, уни кимлардир орқали ҳал этган бўлса, эндиликда тўғридан-тўғри раҳбарлар билан мулоқот қилмоқда. Бу эса, ўз-ўзидан коррупциявий холатларнинг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда.

Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда аҳолининг коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш муҳим аҳамият касб этади. Бу жараёнда барча ташкилотлар фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш чора-тадбирларини кўриши, айниқса, мансабдор ва масъул шахсларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини кучайтириш муҳимдир. Бундан ташқари, таълим муассасалари, маҳаллаларда ёшлар ўртасида коррупцияга қарши курашиш тадбирларини мунтазам ўтказиб борилишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. 

Коррупцияга қарши курашиш бўйича амалдаги қонун талаблари ва белгиланган тартибларни ҳар биримиз билишимиз, ана шу иллатнинг барҳам топишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. 

Хуршидбек ИСОМИДДИНОВ, 

Фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро судининг раиси.

Прочитано 504 раз
Super User

Последнее от Super User