Версия для печати
14 Сен 2023

Боланинг уқувсизи, қобилиятсизи бўлмайди!

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Педагог минбари

Педагогик фаолиятимни бошлаганимга 32 йил бўлди. Шунча йиллик фаолиятим, ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, боланинг келажаги учун тамал тоши, муҳим пойдевор бўладиган таълим, бу -  шубҳасиз, бошланғич таълимдир. Таълим пойдевори мустаҳкам бўлмаган ўқувчидан зиёли, маънавиятли инсон, малакали мутахассис, саводли ишчи-ходим чиқишини кутиш - худди арпа экиб  буғдой унишини кутиш билан баробар.

Бошланғич синф ўқитувчиси ҳар томонлама билимли, изланувчан, энг муҳими, бағрикенг бўлмоғи лозим. Мен раҳбарлик қилаётган 2-А синфида 23 нафар ўқувчи бор. Ўқувчиларимнинг ҳар бири - бир олам. Ҳар бирининг ўзига хос табиати, феъл-атвори,  инжиқликлари бор.

Уларнинг мактабга илк бор қадам қўйган пайтларини яхши эслайман. Кимдир дарсга чанқоқ, илм олишга қизиқувчан, мактабни яхши кўради. Кимдир эса ҳали болаликни тарк этмаган, боғчаси билан мактабни таққослайди, уйига кетиб қолгиси келади. қайсидир бола уятчан, фикрини очиқ ифодалашга қўрқади. Кимгадир партада ўтириш ноқулай, кимнидир тез қорни очади.

Ҳар бир боланинг ўзига яраша кучли ва кучсиз томонлари бор. Боланинг уқувсизи, қобилиятсизи бўлмайди. Фақат ношуд педагог, ёмон ўқитувчигина боладаги ўзига хослик, қобилиятни кўра олмайди.

Бошланғич синф ўқитувчиси сифатли таълимга, натижага - мурғак қалбларга оналик меҳрини бериб, мактабда оилавий муҳитни яратиб, бир сўз билан айтганда, бола қалбидан жой олибгина эришиши мумкин.

Мана, янги ўқув йилини ҳам бошлаб олдик. Ўтган ўқув йили давомида ўқувчиларим қалбидан жой ололдим, деб ўйлайман. Мактабимиз Шаҳрихон туманининг Бегбачча маҳалласида жойлашган. Мен эса таълим даргоҳидан анча олисда жойлашган Дўлан қишлоғидан қатнайман. Баъзан ўқувчиларим эртароқ келиб, мени мактаб остонасида кутиб олишади. Узоқдан кўринишим билан "Устозззз!" дея қучоғимга югуришади. Шундай пайтларда ўқитувчи бўлганимдан, устозлик мақомига эришганимдан фахрланиб кетаман.

Мактабимиз раҳбари Умиджон Абдураҳмонов ёш, изланувчан, ўз соҳасига фидойи, талабчан раҳбарлардан. Ҳар бир педагогдан ишга масъулият билан ёндашишни,  машғулотларни янги услублар асосида ташкил этишни талаб қилади. Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномасида 2023 йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган   дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилиши таъкидланган эди. Айни пайтда айрим мактабларда Финляндия усулида дарс бериш тажриба сифатида қўлланилаётгани ва унинг самараси бу ташаббуснинг нечоғли фойдали бўлишини кўрсатяпти. Финляндия тажрибаси усулидаги дарсликлар болани креактив фикрлашга, муаммоли вазиятлардан ўз ҳаракати билан чиқиб кетишга ўргатади. Ҳозирги методикада ўқитувчи дарсда кўпроқ ишласа, янги дарсликларда болалар кўпроқ ишлайди.

Ҳозир ҳар бир касбдошим янги тажрибани ўрганиш ва уни фаолиятига татбиқ этиш ҳаракатида иш олиб бормоқда.

Мактабимиз чиройли, замонавий, 350 ўринга мўлжалланган. Ўқувчиларга 36 нафар малакали педагог мутахассис таълим-тарбия бериб келмоқда. Жорий йилги туман педагогларининг анъанавий август кенгашида мактабимиз Шаҳрихондаги энг намунали таълим даргоҳлари қаторида эътироф этилди.

Жадид боболаримизнинг: "Нажот - таълимда, нажот - тарбияда, нажот - билимда. Чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади", деган сўзлари бугун биз учун дастуриламал бўлиши лозим.                

Биз ана шундай илмли, зиёли ва комил инсонларнинг авлодларимиз. Келажагимизнинг мустаҳкам пойдеворини яратиш эса фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ.

 

Дилхумор ИСМОИЛОВА,

Шаҳрихон туманидаги 48-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси.

Прочитано 513 раз
Super User

Последнее от Super User