Талаба мулоҳазаси
Мамлакатимиз Мустақилликка эришганидан сўнг, юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби илм-фан соҳасида ҳам амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами йилдан-йилга кенгаймоқда, соҳада эришилаётган ютуқлар салмоғи ортиб бормоқда.
Нафақат таълим соҳасида фаолият юритувчи педагогларнинг самарали фаолият юритишлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда, балки талабалар, салоҳиятли ёшларнинг илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланиш учун ҳам зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Натижада талабаларнинг илмий иш олиб боришга бўлган қизиқишлари ҳам ортиб бормоқда. Ҳукуматимиз томонидан ёшларни илм-фан соҳасига қизиқтириш, уларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги "Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида"ги қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичида таҳсил олаётган талабалари учун Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий, Президент ва шу каби қатор номли стипендияларнинг жорий этилиши бунга яққол намуна бўлади.
Хўш, ана шу стипендиялар талабаларга қандай наф келтирмоқда? Юртимиз талабаларининг янги-янги марралар, ютуқлар сари интилиши, фаол ва ташаббускор бўлишида мазкур стипендияларнинг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Қолаверса, талаба ва ёш олимларга тақдим этилаётган номдор стипендиялар уларга нафақат маънавий, балки каттагина моддий манфаатдорлик ҳам келтирмоқда.
Номдор стипендияга эга бўлган стипендиатлар берилган имтиёз орқали кейинги таълим йўналишида, яъни магистратура босқичида грант асосида ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлишади. Шунингдек, давлат стипендияларига эришган талабалар бакалавриат босқичини тамомлагач, бир йил давомида магистратурада ўқишни давом эттириш мақсадида хорижга юборилаётган талабалар гуруҳлари таркибига киритилиш имкониятига ҳам эга бўлишади. Номдор стипендия соҳиби, юқорида қайд этилган имкониятларга эга бўлиш албатта, талабадан кўп ўқиш, изланиш, доимий ўз устида ишлашни, ҳамиша фаол бўлишни талаб этади. Ушбу ютуқларга эришиш учун талабгорлар тенгдошларидан кўра аъло баҳоларга ўқиши, тиришқоқлиги, илмга бўлган интилувчанлиги, илмий ва ижодий ишларда фаол бўлиши ҳамда илмий раҳбарлар томонидан илм-фанни ўзлаштириш бўйича берилган топшириқларни талаб даражасида бажариб боришлари лозим.
Номдор стипендияга эришишнинг илк босқичида талабалар ўзи танлаган соҳаси бўйича илмий раҳбари кўмагида илмий изланишлар олиб боради. Илмий изланишлари давомида илмий мақолалар, тезислар, илмга оид ихтиролар ва ўқув қўлланмалар ёзиб турли анжуманларда қатнашиб келадилар. Талабгор ўзи таҳсил олаётган ОТМда номдор стипендиялар танловларида иштирок этади ҳамда талабгорлар ўртасида бўлиб ўтадиган танловнинг илк босқичида ўзининг илмий изланишлари билан сараланади. Шундан сўнг талабгорлар ўртасида Низомга асосланган ҳолда имтиҳон бўлиб ўтади. Имтиҳонда иштирок этган талабаларнинг ҳужжатлар жамланмаси текшириб, баҳоланади. Ана шу босқичлардан муваффаққиятли ўтган талабалар номли стипендияни қўлга киритиш имкониятига эга бўладилар. Бундай стипендия соҳиби бўлиш учун интилиш шубҳасиз, ҳар бир талабанинг ўзига бўлган ишончни оширади ва эзгу мақсад сари руҳлантириб, янги интеллектуал илмлар сари одим ташлашга куч беради.
Очиғи, дунёдаги барча мамлакатлар талабалари ҳам бундай имкониятга эга эмас. Шукрки, Ўзбекистонимиз, юртбошимиз ташаббуси билан биз - ёшларга кўрсатилаётган эътибор, яратиб берилаётган кенг имкониятлар бизни юксак марраларга эришишимиз учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Биби Мухлиса ҒУЛОМОВА,
Андижон давлат чет тиллари институти талабаси.