Версия для печати
08 Апр 2023

ОДАМ БОРКИ, ОДАМЛАРНИНГ НАҚШИДИР

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

эътироф

Истеъдодли журналист, камтар ва кичиккўнгил инсон Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Шукрулло Неъматов ўзининг олтмиш ёшини қарши олмоқда. Устознинг касбий фаолияти, ижоди, инсоний фазилатлари ҳақида жуда кўп ва хўп гапириш мумкин. Лекин шу ўринда ҳакасбимизни қутлуғ ёши билан муборакбод этиб, унга тани сиҳатлик, узоқ умр, хонадонига тинчлик-хотиржамлик, келгусидаги ишлари ва ижодида омадлар тилаб, марҳум устозимиз Абдумутал ҳожи Абдуллаевнинг умрининг сўнгги кунларида Шукрилло Неъматов ҳақида ёзган мақоласини ўқувчилар эътиборига ҳавола этишни лозим топдик.

Таҳририят.

Ҳар бир одам ноёб мўъжиза! Унинг сир-синоатини тушунмоқ мушкул. Негаки, у энг аввало  ўзини англаши зарур. Аммо мияни заковат, қалбни маърифат, мақсадни ибодат, кўнгилни ҳидоят, ҳаётни ҳақиқат билан безамай туриб, бу ниятга етмоқлик душвор. Бунинг учун бир олам орзу-истакдан ташқари Худо берган севги, муҳаббат, сабру бардош, чидам ва ирода керак. Мен Аллоҳнинг суюкли бандаси Шукрулло Неъматовнинг ана шу фазилатлар билан зийнатланганини сезиб, унинг эл-юрт, миллат ва дину диёнат тараққиёти учун рўёбга чиқараётган эзгу амалларини кузатиб бораман.

Ўқувчида муаллиф таърифу тавсифда бироз ҳаддан зиёдаликка чалғибди, деган иштибоҳни сўндириш умидида айрим воқеа, кечинма ва далилларга тўхталиб ўтишни лозим деб биламан.

Бир қизиқ воқеанинг гувоҳи бўлгандик. Андижонлик адиблардан бири "Hamkorbank" АТБ Кенгаши раиси Икромжон Ибрагимов қабулига кириб, навбатдаги китобини чоп эттиришга моддий ёрдам беришини сўради. Тан олмоқ жоиз,  кутилган маблағ анча салмоқли бўлиб, анча-мунча ижодкор бундай йирик сармояни ўзгадан орзу қилишга-да юраги ботинмас эди. Одатда бундай ҳолатларда раҳбар кўпроқ Шукруллонинг тавсия ва маслаҳатини инобатга оларди. Мурожаат қилган Зот ўртамиёна қалам соҳиби эди, бироқ ўзининг номуносиб хатти-ҳаракати, муомала маданиятининг терслиги, бетгачопарлиги билан ҳамкасбларининг, шунинг баробарида бир пайтда Шукруллонинг ҳам анча дилини оғритганди. Шу боис бу сўров изсиз қолиб кетишини кутгандик. Шундай қилиб, сўнгги фикр Шукруллода қолди. У эса хайрли амал йўлини тўсмади. Шунда биз ундан бироз ранжиганимизни билдирдик. Ўша кимсанинг ўзига нисбатан нохолис, номуносиб муносабатини эслатишгача бориб етдик. Яхши одамнинг жавоби ҳам ўзига яраша чиқди:

- Опоқдадам мулла Неъматхоннинг "Ҳаммага бирдек яхшилик қил, болам !", дадам Мадамин полвоннинг "Камтарлик шиоринг бўлсин!", Онам Шарофхоннинг "Ҳеч кимга дилозорлик қилма!" деган ўгитларига амал қилиб яшашга одатланганман. Раҳматли дадам яна доимо болам, сени бир марта ёмонлаган киши ҳақида санаб қирқ марта чиройли сўз айт. Азиз-авлиёлар насиҳатига амал қил. Шунда умр поёнида ўзинг тўғрингда ёмон гап айтувчи одам қолмайди. - қачон кимдандир гина қилсам, падари бузрукворимнинг мана шу ўгити ёдимга келади. Майли ўзим ютқазай, майли  азият чекай, аммо бундай кўргуликларни душманимга ҳам раво кўрмайман, кўролмайман.

Ҳусайн воиз Кошифий "Аҳд қилишнинг маъноси кўнгил хоҳлаган иш устида маҳкам туришдир" деб ёзган эди. Чиндан ҳам ҳақиқий аҳд шундайки, бир киши бирон ишни амалга ошириш учун бел боғласа ва бир муҳим ишни битиришга киришса, ҳар нечук қаршилик ва тўсиқларни енгиб, ўз мақсадига эришишда асло сусткашликка йўл қўймайди. "Йигит сўзидан, арслон изидан   қайтмас" деган мақол бежиз айтилмаган. Биз бу иддаога батафсил тўхталишимизнинг боиси шуки, Шукрулло ҳам "айтса қўрқмайдиган, қўрқса айтмайдиган"лар тоифасидан. У айниқса эл-юрт, жамоа манфаати учун "сув келса симириб, тоғ келса кемиришга" қодир матонат, иштиёқ ва сабру тоқат эгасидир.

Келинг, гапни ўтлатмай аниқ мисолларга ўтайлик. У Андижон вилоят телерадиокомпанияси директорлигига тайинланганида, бу ердаги аҳвол анчайин ночор эди. Биринчидан, шундай нуфузли муассасанинг уч қаватли биноси таъмирталаб, фасад ва ички деворлар нураб бўлганди. Иккинчидан, телерадиокомпаниянинг инженерлик коммуникация тармоғи ҳамда техника базаси маънавий эскирган, шу сабабли кўрсатувлар сифати ҳақида телетомошабинлардан ҳақли эътирозлар тушиб турарди.

 Раҳбар, нима қилганда ҳам дастлабки икки масалани тезроқ бартараф этишга киришди. Чунки бу вазифанинг ижобий ечими учинчи муаммо ҳал бўлиши учун бевосита таъсир кўрсатишини у яхши тушунарди. Албатта "ҳолва деган билан оғиз чучимайди". Чўнтагингда пулинг бўлса, кафтингда шўрва қайнайди. У юқорида қайд этилган камчиликларни тўғрилаш учун қанча маблағ кетишини билиш мақсадида лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлади. Ана шундан сўнг масалани республика телерадио-компанияси ва Андижон вилояти ҳокимлиги олдига қўйди. Мутасаддилар тегишли ҳужжатлар билан танишганларидан кейин ҳам узоқ ўйланишди. Чунки ўша 2013 йилда қурилиш-таъмирлаш учун талаб этилаётган сармоя хийла залворли рақамдан иборат эди. Орадан бир муддат ўтиб, пойтахтдан мутахассислар ташриф буюришди. Улар бинонинг ички ва ташқи кўринишлари, жамоанинг техник воситалари билан яқиндан танишганларидан сўнг, чиндан-да директорнинг ташвишлари ўринли эканлигини тасдиқладилар. Шу тариқа Ҳукумат тавсиясига асосан маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилди. Ўз навбатида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланиб кетди. Телерадиокомпаниянинг ташқи фасади, саҳни тубдан янгиланди. Чўлпон шоҳкўчаси бўйлаб муассаса ҳудуди янгидан ўралиб, бино олд қисми ва ҳовлисида боғ, токзор барпо этилди. Бир йил деганда телерадиокомпания биноси замонавий дизайн асосида кўркам кўринишга эга бўлди.

Журналистлар жойлардан кўрсатув тайёрлашлари учун албатта ўша корхона ёки ташкилотдан транспорт чақиришларига тўғри келар эди. Бу эса ўз навбатида иқтисодий-молиявий ва ташкилий жиҳатдан қарамликни юзага келтирарди. Ана шуни ҳисобга олиб, раҳбар корхонанинг бюджетдан ташқари ишлаб топган маблағлари ҳисобидан уч йилда 2 та енгил автомобиль сотиб олишга эришди.

 Шукрулло Неъматовда шахсий манфаат деган тушунча борлигини билмайман. Аммо  жамоаси учун "жон олиб, жон бериши"га кўп бор гувоҳман.

... Дарвоқе, компаниядаги учинчи муаммо ҳақида. Гап шундаки, ўша кезлари жамоада каттага иззат, кичикка ҳурмат, аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатлик каби фазилатларга путур етган эди. Бунинг сабаби оддий: ходимларга етарли шарт-шароит яратилмаганлиги, ойлик маошлар ва реклама тушумларидан олинадиган фоизларнинг камлиги журналистларнинг кайфиятига таъсир кўрсатмай қолмас эди. Шукрулло бу борада бир қанча ислоҳатларни рўёбга чиқарди. Айниқса, ёшларни қаттиқ қўллаб-қувватлади, уларнинг бошини силади, касбга меҳрини, садоқатини ошириш йўлларини қидирди. Ана шундай уйғониш, ташаббускорлик, ижодий кўтаринкилик тез орада ўз самарасини кўрсатди. Бир далил: Андижон вилояти телерадиокомпанияси республикада биринчи бўлиб, рақамли кўрсатувларни бошлади, вилоят радиоси эса FM тўлқинига ўтказилди.

Телевидениеда ижодий ишлар ҳам авж олди. Янги кўрсатувлар, янги лойиҳалар бирин-кетин эфирга узатила бошланди. "Инсон ўзинг", "Андижон томонларда", "Андижон: кеча ва бугун", "Авто рейд", "Дилга ташриф" каби муаллифлик ва жамоавий кўрсатувлар томошабинлар қалбидан жой олди.

Ҳаёт фақат қувончдан иборат эмас. Бу ёруғ оламда иллатдан ҳикмат эмас, ҳикматдан иллат излайдиганлар кўп. Телерадиокомпания раҳбарининг обрў-эътибори ортиб бораётганлиги, тиришқоқлиги, ғайрат-шижоат билан ишлаши кимларгадир хуш келмади. Хуш келмаганининг исботи шуки, жамоа айни гуруллаб, тараққий этаётган паллада тафтишчилар ташриф буюрди. Роса бир ой ҳаммаёқни икир-чикиригача элакдан ўтказишди. Мана шу фитна ташкилотчилари билмадики, ўзлигини унутиб, умум манфаатидан баҳра оладиган инсон ҳеч қачон қинғир ишга қўл урмайди, муқаддас даргоҳга ғубор қўндирмайди. Тўғри, бир нафснинг қилмишини қирқта шайтон эплай олмас. Шукрулло, ўша нафсдан ҳам, одамни эс-ҳушидан айрийдиган шайтонбаччалардан ҳам устун эди. У араб донишманди Саҳл ибн Абдуллоҳ каби нафсини хумга қамаб қўйган эди. Ҳаромдан ҳазар қиладиган раҳбарга пировардида елкасига "катта юк" ортиб келган тафтишчилар ҳам тан бердилар.

Шукрулло Неъматов талабчан раҳбар бўлиши билан бирга истеъдодли қалам соҳиби сифатида ўз мухлисларига эга. У доимо ижтимоий ҳаётнинг энг оғриқли, долзарб муаммоларини кўтариб чиқади. Ёзган мақолаларининг сарлавҳасиданоқ бу фикрга ишонч ҳосил қилишингиз мумкин. Унинг "Қамчиқ довонига автобус қўйилса", "Йўлдаги ўйлар", "Бензин озайса, ғишт кўпаядими?", "Деҳқон бозори: у чиндан ҳам деҳқонникими?", "Мактабдаги машмашалар", "Йўловчига қулайлик керак!", "Асфальтга тупроқ ямоқми?" сарлавҳали долзарб мавзудаги мақолалари тармоқ, вилоят, республика нашрларида чоп этилган.

Куюнчак журналист мамлакатда биринчи бўлиб юрак ютиб, Асака автомобиль заводида ишлаб чиқарилаётган машиналарнинг техник носозликлари тўғрисида шов-шувли мақола тайёрлаб, менга кўрсатди. Мен эса бу масалада бироз шошмаслик кераклигини айтиб, мақолани чоп эттирмаслик ҳақида ўз мулоҳазамни баён этдим. Ҳолбуки, ўша публицистик чиқишда кўрсатилган камчиликлар ҳамон давом этмоқда...

Дўст сафарда, бошга иш тушганида, хасталик ёпишганида билинади.  Ва яна у мансаб отига минганида ҳам ўзлигини намоён этади. Шу боис ҳам, имом Ғаззолий "Сабр икки турлик бўлур, биринчиси камбағалликда, иккинчиси кишига амал, шуҳрат ва бойлик келганида синалур. Шу важдин, иккинчи ҳолатдаги сабр улуғроқдир" деб насиҳат қилган эди. Чиндан ҳам шундай. Айрим "Зоти шарифлар" борки, лавозимга кўтарилганида нафақат биров, балки ўзини ҳам таниёлмай қолади. Гўёки, бир кунда ақли тўлишиб, ҳаммадан билимли, ақлли, тажрибали  донишмандга айлангандай. Шукрулло бу "чиғириқ"дан ҳам осойишта ўта олди. У Марҳамат тумани ҳокимлиги, вилоят касаба уюшмаларининг "Ҳимоя" газетаси, вилоят телерадиокомпанияси, вилоят ҳокимлигида нуфузли курсиларни эгаллаганида ҳам табиатида бирон бир ўзгариш, кеккайиш, такаббурлик, манманлик, кибру ҳаво каби иллатлар сезилмади. Аксинча, хизмат пиллапояларидан юқорилагани сайин камтарлик, оддийлик, соддадиллик, меҳр-оқибат, кўнгил ошуфталиги, ғамхўрлик, хайру саховат каби инсоний фазилатлари янада сайқал топди. Биз "Тахти равон"га чиқиб олгач, олий ўқув юрти ректорлари, катта-катта амалдорларни ҳам "ҳузури муборакка" чорлаб қўйиб, ўзи соатлаб пашша қўриб ўтиришдан лаззатланган "валломат"ларни ҳам кўрганмиз. ўша лавозимни ота мерос билиб, дуч келган кишига дўқ-пўписа, зулм, калондимоғлик қилганларни айтмайсизми? Дунё чархпалак, бугун ўзини осмони фалакда ҳис қилган раҳбар эртага оёқ остида ўралашиб қолганини  кўриб, ачинганмиз, "Ҳоли вой бўлибди-ку", дея раҳмимиз келган. Шукрулло эса доимо мана шундай ҳолатлардан юқори, баланд мақомда ишлаб, ҳаёт йўлига эзгулик уруғларини сочиб яшамоқда.

Вилоят ҳокимлигининг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича котибияти мудири лавозимидаги фаолияти давомида республика ва вилоят миқёсида ўнлаб лойиҳа ва ташаббусларни илгари сурди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан биргаликда 7 апрель Бутунжаҳон саломатлик кунини Андижон шаҳридаги Навоий боғида оммавий тарзда нишонлашни йўлга қўйди. Шу тариқа ушбу байрам 2007 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинади. Ўша куни минглаб одамлар бепул тиббий кўрикдан ўтиш имкониятига эга бўлишади. Хонободда 2007 йилдан буён ўтказиб келинаётган "Хонобод таровати" ёшлар фестивалига ҳам вилоят маданият ва спорт бошқармаси ҳамда шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда пойдевор қўйилган.

Шукрулло Неъматовда Худо берган яна бир ноёб истеъдод борки, унга кўпчилик ҳавас қилади. Бу мустаҳкам хотира, кучли қувваи ҳофиза билан боғлиқ қобилиятдир. Бир шеър ёки ҳикматли сўзни икки-уч бор эшитса бас, қулоғига қўрғошиндай қуйиб, миясига муҳрлаб олади. Шу боис ўзбек адабиётининг атоқли адиблари шеърларини ёддан ўқий бошлаганида ҳайрат ва завқ-шавққа тўлиб тошасиз. Унинг соҳир овозидаги ёқимли, ўзига хос оҳанг қалбингизни титратади, вужудингизда тотли туйғулар бош кўтаради. Андижоннинг кўзга кўринган шоир ва ёзувчилари даврасида Муҳаммад Юсуф, Олимжон Холдор, Тўлан Низом, Ҳалим Карим ашъорларини ўқиб, улуғлардан неча бор олқиш олгани ёдимизда.

Шукруллонинг "Отам орзу қилган кун"ини ўқиб, бутун борлиғим ларзага келди. Табиийки ота боласининг феъл-атвори, юриш-туриши ва табиатини беш панжасидай билади. Аммо фарзанднинг отасига шундай ҳайратомуз қузатуви ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган катта бахт. Ахир сиз, мажозий маънода  айтганда "Отангизни тирилтириб қўйибсиз-ку". Бу шунчаки қалам меваси эмас, бу юракнинг туб-тубига ўрнашган ва тошга ўйилган ёзув каби таобад ўчмайдиган мангу муҳаббатдир.

Буюк боболаримиздан бири Нажмиддин Кубро "барча яхшиларни қамраб олган сифатлар ичида энг қадрлиси хулқ гўзаллигидир" деб ёзган эди. Биз эса Шукрулло Неъматов табиати ва ахлоқида ана шу гўзалликни кўриб, беихтиёр Навоий ҳазратларининг "Одам борки, одамларнинг нақшидир", деган байти ёдимизга тушади. 

 

Абдумуталиб АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Прочитано 901 раз Последнее изменение 27 Апр 2023
Super User

Последнее от Super User