(52- сон, 2016 й.) Ҳуқуқшунос минбари
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз Бош Қомуси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган йиғилишдаги "Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш - юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови" деб номланган маърузасида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим масалалар хусусида сўз юритди.
Маърузада айниқса, "Адолат - қонун устуворлигида" деган тамойил асосида жамиятимизда қонун устиворлигини таъминлаш, аҳоли барча қатламларининг ҳуқуқий билимларини юксалтириш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Маърузада давлат идоралари томонидан аҳоли мурожаатлари юзасидан иш олиб борилишининг сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимини шакллантириш бўйича фикрлар илгари сурилди. Хусусан, 2017 йилдан бошлаб барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилиши, айниқса, ҳар бир туман ва шаҳарда "Халқ қабулхоналари"ни ташкил этиш ва уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлаш халқ билан мулоқотнинг ўзига хос шакли бўлиб, кўплаб муаммоларни бартараф этишда, фуқаролар фаоллигини оширишда муҳим роль ўйнайди.
Жумладан, аҳолининг ҳуқу-қий билимларини юксалтириш бўйича 20 йил аввал қабул қилинган Миллий дастурни янгидан ишлаб чиқиш, бу борада Парламент янги Миллий дастурни яратишда бош-қош бўлиши мақсадга мувофиқлиги, шунингдек, Конституциямизда олий қадрият сифатида белгилаб қўйилган инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласи ҳамиша эътиборда бўлишлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, маърузада суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигига эришиш, хусусан, судьяларнинг ваколат муддатини узайтириш, суд ишларида адолатли қарорлар қабул қилишга қодир бўлган, юксак малакали суд ходимлари корпусини шакллантириш лозимлиги ҳам ниҳоятда муҳим масала эканлиги айтиб ўтилди.
Маърузада адвокатларнинг самарали фаолият юритиши учун барча асослар яратилган. Лекин, афсуски, адвокатура ҳанузгача фуқаролар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш институтига айлангани йўқ. Шу боисдан ҳам суд-ҳуқуқ соҳасида адвокатуранинг ўрни ва ролини янада ошириш, унинг ваколатларини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга оширишимиз зарур, деган фикрлар жуда ўринлидир.
Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбарининг маърузасида жамиятда қонун устиворлигини таъминлаш, фуқароларимизда қонунларга ҳурмат билан қараш тушунчасини янада бойитиш, уларнинг ҳуқуқий билимларини, маданиятини юксалтириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди. Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш, айниқса, биз ҳуқуқшунослар зиммасига катта масъулият юклайди. Ана шундан келиб чиқиб, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтириш, бу борадаги ишларни сифат жиҳатдан юқори босқичга кўтаришимиз зарур.
Роҳатой ҚОДИРОВА,
Андижон шаҳридаги 10- сон давлат нотариал идораси нотариуси.