Версия для печати
20 Авг 2022

ҚАДРИНГ БАЛАНД БЎЛСИН, ОНА ТИЛИМ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Ёшлар фикри

Она тили - жуда кенг ва буюк тушунча. Авваламбор, тил инсоннинг миллий ва маънавий бойлиги ҳисобланади. Нега айнан она тилим деб қадрлаймиз. Нима учун ота тилим, бобо тилим, деб мурожаат қилмаймиз.

Чунки она тилимиз бешикда ётган чоғимиздаёқ оналаримиз айтган аллалар орқали вужудимизга, руҳиятимизга сингиб кетади. Мен онам алласи билан вужудимга жо бўлган она тилимга бўлган муҳаббатимни ушбу мисралар орқали изҳор этаман:

 Онам алла айтган юракдан жўшиб,

 Мовий кенгликларда унган гулимсан.

 Қўшиқлар куйланган дардларин қўшиб,

 Мени бийрон қилган она тилимсан.

Она тилимиз миллатимиз кўзгусидир. Унда бизнинг кўхна тарихимиз, бугунимиз ва буюк келажагимиз жонланади. Шу ўринда буюк бобомиз Абдулла Авлоний сўзларини эслайман. Бобомизнинг:  "Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурған ойнайи жаҳони - она тили ва адабиётидир" дея айтган фикрлари менимча, она тилига берилган энг юксак таърифдир.

Бугун биз ёшлар улуғ ва буюк неъмат - она тилимизга, адабиётимизга бўлган муҳаббатимизни амалда кўрсатишимиз, уни асраб-авайлаш, софлигини сақлаш учун билим, куч-ғайратимизни аямаслигимиз лозим. Кўча-кўйда, интернет тармоғида чет эл ёзувида ёзилган рекламаларга, тилимиз қоидаларини бузган афишаларга  эътиборсиз қарамаслигимиз, ўзимизнинг қатъий муносабатимизни билдиришимиз, бонг уришимиз, бундай ҳолатларга нисбатан чора кўрувчи ваколатли идоралар вакилларини тинч қўймаслигимиз керак.

Агар эътибор берсак, жуда кўп тадбиркорлар корхоналарини турли хорижий номлар билан номлаб, иш бошлаган. Улар бундан нимани кўзлаганлигини англаш қийин. Эҳтимол, хорижлик инвесторлар, ҳамкорларни жалб этиш учун шундай қилгандир. Лекин улар бу иши билан тилимизга, миллатимизга ҳурматсизлик қилишаётганликларини билишармикан!? Бундай йўл тутииш шубҳасиз, ҳато. Биз шундай йўл тутишимиз керакки, чет элдан келган меҳмонларда корхоналарга қўйилган номларга, тилимиз жозибасига қизиқиши, тилимизни ўрганишга, ҳурмат қилишга иштиёқ уйғонсин.

Ҳар бир миллат ўз она тилини улуғлайди, кўкка кўтаради. Боиси, она тилини кўкка кўтарган миллатни ўзгалар ҳурмат қилади, дунё миқёсида ўша тилнинг ўрни ва қадри юксак бўлади. Мен она тилимизни ана шундай тиллар қаторидан ўрин олишини жуда-жуда истайман.

Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини оширишга, миллий қадрият сифатида улуғлашга астойдил ҳаракат қиламан. Тенгдошларимни, барча ёшларни ана шу мақсад йўлида бирлашишга чақираман.

Жаҳон адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган Навоий, Бобурдек улуғ бобокалонларимиз эъзозлаб, ижод қилган гўзал она тилимиз жозибаси асрлар оша ўз охорини йўқотмасин.

 

Машхура БОТИРОВА,

Ўзбекистон Миллий университети талабаси.

Прочитано 876 раз
Super User

Последнее от Super User