Жиноят ва жазо
Оила - кичик бир жамият. Унинг раҳбари эркакдир. Бинобарин, оиланинг саодатли бўлиши шартларидан бири эрга итоатдир.
Баъзи эркаклар буни мутлақ ҳокимлик деб англайдилар. "Мен нимани хоҳласам, шу бўлиши керак" деб, шаръий ҳуқуқларини суиистеъмол қиладилар, ҳатто аёлларга зулм қилиш даражасигача етадилар ва буни, ўзларича, "шариат ҳукми" деб талқин қиладилар.
Турмуш қурганларига хали кўп бўлмаган ёш оилада содир бўлган мудҳиш воқеа жуда кўпчиликни ларзага солгани аниқ.
Андижон шаҳрида яшовчи Тўхтасин Содиқов (исм-шарифи ўзгартирилган) арзимаган маиший муаммолар устидан жанжал кўтариб, шаръий никоҳидаги хотини Дилобарнинг оғир тан жароҳат олиши ва ҳаётдан бевақт кўз юмишига сабабчи бўлди.
Тўхтасин Содиқов Андижон шаҳридаги хонадонда турмуш ўртоғи Дилобар билан уйнинг саранжом-саришта эмаслиги юзасидан тортишиб қолади. Даҳанаки жанг Тўхтасиннинг Дилобарни дўппослашигача бориб етади. Тилини тиймаган хотиннинг адабини бериб қўймоқчи бўлган эр турли тўмтоқ жисмлар билан ожизанинг бош ва танасидаги турли жойларга уриб, оғир шикаст етказади. Кўрсатилган биринчи ёрдамга қарамай Дилобар касалхонага олиб кетилаётган вақтда ҳаётдан кўз юмади.
Суд-тиббий экспертизаси хулосасида марҳума Дилобарда бош мия ёпиқ жароҳати, тери ости ва тўқималарга қон қуйилишлар, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилиги, шилинма жароҳатлар, умуман, ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари етказганлиги қайд этилди.
Жиноят ишлари бўйича Марҳамат туман суди томонидан судланувчи Содиқов Тўхтасин Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми "д" банди билан 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди ҳамда жазони қаттиқ тартибли колонияларида ўташи белгиланди.
Рўзғордаги арзимас икир-чикирларни деб жанжал кўтариш, ўз жуфти ҳалолига куч ишлатиш, уриш ҳеч қачон яхшиликка олиб келган эмас. Хотинининг қотилига айланган эр ғазабига эрк беришдан олдин унинг оқибатини ўйлаганида эди мудҳиш ҳолат содир бўлмасди.
Абдурашид ИСАҚОВ,
Жиноят ишлари бўйича Марҳамат туман
судининг раиси.