Андижон шаҳрида ижтимоий ва турмуш шароити оғир, ишсиз хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш ва тадбиркорликка жалб этиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Акциядорлик тижорат Халқ банки вилоят бошқармаси ҳамда Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур семинарда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 2 январдаги "Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида ишлаб чиқилган "Хотин-қизлар муаммоларини "Аёллар дафтари"ни юритиш орқали тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вақтинчалик тартиби"да белгиланган ишларни тизимли ва самарали амалга ошириш хусусида сўз юритилди.
Тадбирда АТ Халқ банки вилоят бошқармаси мутахассислари, Андижон шаҳридаги 83 та маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги бир гуруҳ аёллар иштирок этди.
Андижон шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Наргиза Улуғбекованинг маълум қилишича, ҳозирга қадар Андижон шаҳрида "Аёллар дафтари"ни шакллантириш жараёнида 87 минг нафарга яқин аёлнинг шарт-шароитлари ўрганиб чиқилиб, уларни қийнаётган 16 мингга яқин муаммо аниқланган. Бундан ташқари, 995 нафар аёл ўз тадбиркорлигини бошлаш истагини билдирган.
Мақсадимиз ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда маҳаллалардаги ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган, шунингдек, қийин шароитда яшаётган, иш билан банд бўлмаган аёлларнинг муаммо ва имкониятларини ўрганиш орқали уларга кўмаклашиш.
Тадбиркорликни бошламоқчи бўлаётган ишсиз аёллар бу борада муайян билимга эгами, банк кредитидан фойдалана оладими, маҳсулот тайёрлаш, сотиш, кредитни қайтариш имкониятлари қай даражада? Ана шу йўналишларда опа-сингилларимизга зарур билим, тавсия ва маслаҳатлар бериш асосий вазифамиздир.
АТ Халқ банки вилоят бошқармаси Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Савдо саноат палатаси, "Тадбиркор аёл" ишбилармон аёллар ҳамда "Ҳунарманд" уюшмалари вилоят бўлимлари билан ҳамкорликда маҳаллаларда хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, ҳудудларни ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда бизнес-лойиҳалар ишлаб чиқишга ўргатиш, уларга бизнесга оид намунавий режаларни ишлаб чиқиш ва кредит олишларига кўмаклашиш, кредит ажратилгандан сўнг хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича амалий ёрдам кўрсатишга қаратилган ишлар олиб боради.
Семинарда АТ Халқ банки мутахассислари томонидан иштирокчиларга бизнес-лойиҳалар тайёрлаш, кредит олиш тартиблари, кредитдан мақсадли фойдаланиш ҳамда тадбиркорликни самарали юритиш сингари қатор масалалар юзасидан кенг маълумотлар берилди.
- Маҳалламизда бир неча аёл тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, яна бир гуруҳи ўз фаолиятини кенгайтириш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш мақсадида кредит олиш бўйича мурожаат қилган, - дейди Андижон шаҳридаги "Хурсандлик" маҳалла фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари Улфатхон Тешабоева. - Ушбу семинар айнан ана шу мурожаатларни ижобий ҳал этиш, энг асосийси, ишсиз опа-сингилларимизнинг бандлигини таъминлашга ёрдам беради.
Семинарда мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, ижобий натижаларга эришиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар батафсил жавоблар қайтарди.
Дилдорахон ЗУЛУНОВА,
АТ Халқ банки Андижон шаҳар амалиёт бўлими бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари.