Ис гази - яшаш хонадонларимиз ва иш жойимизда фойдаланиладиган табиий газ ва кўмирнинг чала ёнишидан ҳосил бўладиган газдир. Ис гази инсон организмининг нафас йўллари ва нафас аъзоларига кучли таъсир қилади, нафас йўллари орқали организмни, хусусан, марказий асаб тизимини зарарлайди.
Ис газидан захарланишдек кўнгилсиз ҳолатлар, умуман ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида, айниқса, куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида Бўстон тумани ФВБ ходимлари томондан профилактик тадбирлар олиб борилмоқда. Шунга қарамасдан, айрим юртдошларимизнинг эътиборсизлиги оқибатида аҳоли яшаш хонадонларида ёнғинлар келиб чиқаётганлиги ташвишлидир.
Масалан, Гузар маҳалласи Ўзбекистон кўчасида, Маданият маҳалласи Тинчлик кўчасида, Пиллакор маҳалласи Мустақиллик кўчасида, Яккатол маҳалласи Фурқат кўчасида ҳамда Дўстлик маҳалласи ҳудудидаги кўп қаватли уйнинг 2 қаватида ёнғинлар юзага келган. Мазкур ёнғин ҳолатлари ўрганилганда, оддий ёнғин қоидаларига амал қилинмаганлиги, иситиш печларининг назоратсиз қолдирилганлиги туфайли ёнғинлар келиб чиққанлиги аниқланди.
Келгусида юқоридаги каби ёнғинлар билан боғлиқ нохуш ҳолатлар юзага келмаслиги учун фуқароларимиз ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилишлари, талабга жавоб бермайдиган, қўлбола, ностандарт, носоз газ ва электр жиҳозларидан фойдаланмасликлари лозим. Бундан ташқари, газ тармоғига резина шланг орқали уланиш, носоз мўрилардан фойдаланиш, хонадонидаги иситиш воситаларини асло назоратсиз қолдирмасликлари керак. Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига эътиборсиз қараш ўта оғир оқибатларга, кимнингдир уй-жойи ёниб кулга айланишига, куйиб тан жароҳати олишга, ҳатто ҳалок бўлишига сабаб бўлиши мумкин.
Азиз юртдошлар! Ёнғин келиб чиқишидан, айниқса, кўринмас ёв - ис газидан захарланишдан эҳтиёт бўлайлик. Нафақат ўзимизнинг, балки яқинларимизнинг соғлиги ва ҳаётига бепарво бўлмайлик.
Бекзод ВАЛИЖОНОВ,
Бўстон тумани ФВБ бошлиғининг ўринбосари, капитан.