Эшитдингизми?
Янги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондаги 1200 та мактаб қоғоз журнал ва кундаликларсиз ишлашни бошлайди.
Электрон кундалик пуллик шаклга ўтказилгани маълум қилинган эди. Фойдаланувчилар учун йиллик обуна қиймати Халқ таълими вазирлиги томонидан лойиҳага техник хизмат кўрсатиш ва уни янада ривожлантириш ҳисобидан белгиланган.
Чунки, кундалик тизими давлат томонидан молиялаштирилмайди. Электрон кундаликка обуна бўлиш йилига 10 минг сўмдир.
"Кундалик" компаниясидан маълум қилишларича, ўқитувчилар учун электрон журнал бепул тақдим этилади.
Ўқувчига битта қоғоз кундалик бир йилга етмайди, электрон кундалик бу муаммони ҳал этади - ўқувчи ва унинг оила аъзолари қоғоз кундалик қийматига тенг суммани бир марта тўлаган ҳолда тизимдан фойдаланиши мумкин. Болалар яшириши, баҳоларни ўчириши ва тўғрилаши мумкин бўлган қоғоз кундаликдан фарқли тарзда, оила худди шу нархга таълим платформасидан фойдаланиш бўйича замонавий воситага эга бўлади. Кундалик тизимида қўшимча фойдали функциялар кўзда тутилган, зарурат бўлганида, масофадан туриб шуғулланиш, фойдали онлайн-материалларни топиш имконияти бор.
Мамлакатимизда таълим бепул. Солиқларни тўлаб қўйган бўлсак, нега энди биз электрон кундалик учун яна тўлашимиз керак, деган саволлар ҳам бўлади.
Таълим тўғрисидаги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бепул ўрта ва махсус таълим олиш учун ҳар бир кишига тенг ҳуқуқлар кафолатланади. Болаларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари боланинг қонуний ҳуқуқларини ва манфаатларини ҳимоя қилиши шарт, улар бола тарбияси, унинг мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини олиши учун жавобгардир.
Бу болаларни таълим олиши учун барча зарур нарсалар билан таъминлаш ота-онанинг вазифаси эканини англатади. Кундалик ва бошқа мактаб анжомлари мактаб томонидан бепул тақдим этилмайди, ота-она ҳар доим бола учун барча зарур нарсаларни мустақил равишда харид қилган.
Электрон кундалик фойдаланувчи шахсий кабинетида клик ёки узкард тўлов картаси ёрдамида расмийлаштирилиши мумкин.
Ота-оналар электрон кундалик ёрдамида, уйдан чиқмасдан ва ишдан чалғимасдан, ўз фарзандларининг баҳоларини, уй вазифаларини, давоматини онлайн режимда назорат қилади.
Электрон кундалик сабаб болаларни дарсда фаолроқ бўлишга, ўз истеъдоди ва имкониятларини намоён этиш учун кўпроқ руҳлантириш мумкин.
Kundalik.com сайти TAS-IX зонасида жойлашган бўлиб, платформа билан ишлаганда интернет-трафик, шу жумладан, мобиль операторлар томонидан тақдим этиладиган интернет сарфланмайди.
ЎзАдан олинди.