Одам савдоси жинояти бутун инсониятга қарши бўлган энг жирканч таҳдидлардан биридир.
БМТ маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг киши одам савдоси қурбонига айланади. Хусусан, 600 мингдан 800 минггача аёллар ва болалар алдов йўли билан чет элларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, дунё бўйича одам савдосидан тушадиган йиллик даромад 7 миллиард доллардан ортмоқда.
Албатта, одам савдосидек жирканч жиноятнинг олдини олиш, бу иллатни таг-томири билан йўқотиш биринчи галда барчамиздан ҳушёрликни, теварак атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ қарамасликни талаб этади. Бу борада мамлакатимизда қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Республикамиз ҳудудида фаолият олиб бораётган барча халқаро аэропортлар, автобус ва темир йўл вокзаллари, метро бекатларида "Одам савдоси жиноятидан огоҳ бўлинг!" мавзусида видеороликлар мунтазам намойиш этилиб, юртдошларимиз огоҳликка чақирилмоқда, турли мақсадларда хорижга кетаётган фуқароларимизга огоҳликка чорловчи буклетлар тарқатилмоқда.
Азиз юртдошлар! Огоҳ ва хушёр бўлайлик. Ҳеч бир фуқаро одам савдосидек қабиҳ жиноят билан шуғулланувчи разил кимсаларнинг алдов тўрига тушиб қолмасин.
Тўрахон ҲАМДАМОВ,
вилоят ИИБ ТХТБ ҳузуридаги ТБ суриштирувчиси, майор.
Хасанбой ЙЎЛБАРСОВ,
вилоят ИИБ ТХТБ ХПБ
инспектори, лейтенант.