масофавий таълим
Коронавирус пандемияси туфайли юртимиздаги таълим-тарбия муассасаларида онлайн таълим тизими жорий этилди. Бу педагог ва тарбиячиларни янгича ишлашга, изланишга, жараёнга ижодий ёндашишга ундамоқда. Карантин шароитида барча мактабгача таълим ташкилотларида бўлгани каби бизнинг боғчамизда ҳам масофавий таълим машғулотлари йўлга қўйилди.
Телеграмм каналида "16-МТТ тарбияланувчилари" деб номланган гуруҳ ташкил этилди. Ушбу гуруҳга тарбияланувчиларимизнинг юз нафарга яқин ота-оналари аъзо бўлди. Ана шу гуруҳ доирасида видеолавҳалар, ранг-баранг, қизиқарли ўйинлар орқали машғулотлар олиб борилмоқда.
Шахсан мен мусиқа машғулотларида ёз ойига мос ,"Қайси куй чалинмоқда?", "Мусиқа дўкони: тепадами-пастдами?", "Куйини топ?" сингари ўйинлар ўтказиб бораяпман. Бундай ўйинлар орқали болажонлар турли чолғуларда чалинган куйларни тинглайдилар, уларни эслаб, қайси қўшиқ мусиқаси эканини топадилар. Бундан ташқари, ушбу ўйинлар болаларда эслаб қолиш, чолғуларни ажрата олиш, мусиқа маданиятини юксалтиришга ёрдам беради. Умуман, мусиқа болажонларни гўзалликка етаклайди.
Масофавий таълим машғулотларида жажжи болажонларга расм чизиш, шеър ёдлаш, спорт билан шуғулланиш сингари вазифалар бериб борилмоқда. Ўз навбатида, айниқса, юқори гуруҳ тарбияланувчилари ота-оналари кўмагида машғулотларимизни кузатиб, берилган вазифалар бўйича видеолавҳалар, суратлар тайёрлаб, бизга юбормоқда.
Онлайн машғулотларни ўтишда тарбиячи Ҳадичахон Мирбобоева, услубчи Мадинахон Рустамқуловалар фаоллик кўрсатишмоқда. Машғулотларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, энг аввало, болаларни бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг билим ва дунёқарашини кенгайтириш, гўзалликка, мусиқага бўлган меҳрини ошириш, қолаверса, ўзларига бўлган ишонч туйғуларини янада мустаҳкамлашдан иборатдир.
Насиб этса, яқин кунлар ичида карантин тартиблари бекор қилингач, севимли боғчаларимиз бағрига қайтиб, фаолиятимизни бошласак, онлайн машғулотлар даврида тўплаган тажриба, билим ва малакамиз бизга асқотади. Биз - тарбиячилар, тўгарак раҳбарлари жажжи болажонларимиз қатори ана шу кунлар тезроқ келишини интиқлик билан кутиб қоламиз.
Дилхумор ОСТОНАМИРЗАЕВА,
Хўжаобод туманидаги 16-мактабгача таълим ташкилоти мусиқа раҳбари.