ижро ва самара
Оила - инсон учун энг муқаддас даргоҳ ҳисобланади. Кимники оиласи тинч-хотиржам бўлса, у жамиятда ўз ўрнини топади, ўша оилада улғайган фарзандлар ҳам яхши инсонлар бўлиб камол топади.
Минг афсуски, бугунги кунда жамиятимизда пароканда бўлган оилалар, ажрашиб фарзандларини тирик етим қилаётган ота-оналар ҳам йўқ эмас.
Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан ажрашган оталардан алимент қарздорлигини ундириш, шу билан бирга, ажрашиш ёқасида турган оилаларни яраштириш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Бюронинг Қўрғонтепа туман бўлим бошлиғи Ш. Умаралиев фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро судининг Худойберди Мелихўжаевдан бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатига асосан, мавжуд қарздорликнинг тўланишини таъминлаш билан бирга Х. Мелихўжаев ва қарз олувчи, унинг турмуш ўртоғи билан ўтказилган суҳбатлар, тушунтириш ишлари натижасида улар ўртасидаги келишмовчиликка чек қўйилди, ушбу оила яраштирилди.
Шунингдек, бир нафар фарзанди учун алимент тўлаши белгиланган, ўзаро жанжаллашиб юрган ёш оила соҳиблари Хусниддин Ураимов ва Гулмира Орзиева ҳам тушунтириш ишлари натижасида ярашиб олди. Умуман, коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин даврида Қўрғонтепа туманида мажбурий ижро бюроси ходимларининг саъй-ҳаракати билан ажрашиш ёқасида турган 112 оила яраштирилди. Эр-хотин муносабатларининг тикланганлиги, оилалар ярашганлиги муносабати билан қарз ундирувчиларнинг аризасига асосан, алимент унидириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бекор қилинди.
Жамиятнинг асоси бўлган оилалар ҳеч қачон завол топмасин. Ҳеч бир фарзанд отасига бегона бўлиб, ундан алимент тўловини олмасин.
Ойиста АБДУРАҲМОНОВА,
МИБ вилоят бошқармаси катта инспектори.