Версия для печати
07 Июнь 2020

ОЛИЙ ТАЪЛИМ ФИДОЙИСИ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Тўйхат ўрнида

Андижон давлат университети математика кафедраси доценти, педагогика фанлари номзоди Аҳмаджон Аҳлимирзаев узоқ йиллардан буён ёшларга таълим-тарбия бериб келаётган тажрибали педагоглардан бири.

Аҳмаджон Аҳлимирзаев 1966 йилда Булоқбоши туманидаги 6-мактабни тамомлаб, шу йили Фарғона давлат педагогика институтининг математика факультетига ўқишга кирди.  Институтни 1970 йили  имтиёзли диплом билан битиради. Меҳнат фаолиятини Булоқбошидаги 16- мактабда ўқитувчи сифатида  бошлади.

Устоз 1975 йили профессор Ж.Каримовнинг тавсияси билан Андижон педагогика институтининг математик анализ кафедрасига ишга келди. У олий таълим даргоҳидаги фаолияти давомида математик анализ ва мактаб математикаси курслари бўйича қизиқарли дарс машғулотлари билан соҳанинг етук мутахассиси эканлигини кўрсата олди.

Ўз ишига талабчан, интилувчан ёш мутахассис 1977 йилда физика факультети қошида ташкил қилинган Олий математика ва чизмачилик кафедрасига ишга ўтказилди ва у ерда 1980 йилгача фаолият юритди.

Аҳмаджон Аҳлимирзаев 1980-1982 йилларда Москва давлат педагогика университетида илмий тадқиқотчи сифатида сабоқ олди. У ерда ўз даврининг кўзга кўринган услубчи олимларидан  математикани ўқитиш назарияси ва услубияти бўйича чуқур билим эгаллади, тажриба ва малака оширди. Мазкур университет ихтисослашган илмий кенгашида педагогика фанлари доктори, профессор В.Гусев раҳбарлигида номзодлик диссертациясини ёқлади.

А. Аҳлимирзаев 1982 йили Москвадан қайтгач, фаолиятини яна ўзи ишлаган кафедрада давом эттирди. Домла 1985 йилдан бошлаб Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг Андижон филиалида дастлаб ўқитувчи, катта ўқитувчи ва кейинчалик доцент лавозимларида ишлади.

1987-1995 йилларда филиал декани ўринбосари, декани вазифаларида, 1995 йилдан Тошкент халқ хўжалиги ва Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг Андижондаги филиаллари негизида ташкил этилган Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтининг Назарий ва амалий математика кафедрасида доцент лавозимида фаолият олиб борди.

Устоз 2000 йилдан Андижон давлат тиллар педагогика      институтига ишга ўтди. 2006-2009 йилларда Умумий тилшунослик ва ахборот технологиялари кафедрасида доцент лавозимида ишлади. 2001 йили унинг ташаббуси билан институт қошида "Бизнес мактаби" ташкил қилинди ва у мазкур мактабга раҳбарлик қилди. 2009 йилдан эса Педагогика, психология ва янги педагогик технологиялар кафедраси мудири вазифасида ишлади.Шунингдек,  2001-2008 йилларда институт илмий кенгаши котиби вазифасини ҳам бажарди.

2010 йилдан ҳозирга қадар домла Андижон давлат университети математика кафедрасида доцент лавозимида ишлаб келмоқда. Устоз педагогик фаолиятини     илмий-тадқиқот ишлари билан биргаликда олиб бормоқда. Ҳозирга қадар унинг 170 дан ортиқ илмий мақола, тезис, услубий ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Унинг муаллифлигидаги нашр қилинган "Математика", "Олий математика (I) ва Олий математика (II) номли ўқув қўлланмалар талабалар учун муҳим манбага айланган. 

Айни кунда А. Аҳлимирзаев раҳбарлигида университетда битта таянч докторант ва учта мустақил тадқиқотчи ҳамда учта магистр илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Домла нафақат илмий-педагогик фаолияти билан, балки намунали оила бошлиғи сифатида ҳам барча ҳамкасблари, шогирдларига ибрат ҳисобланади. У турмуш ўртоғи билан тўрт   фарзандни тарбиялаб, эл қаторига қўшди.

Устоз улуғ ёшда бўлишига қарамай, илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, фанга оид янги адабиётлар яратиш борасида доимо илғорлар сафида. Фан сирларини пухта ўрганишда ҳамкасблари, айниқса, ёш мутахассисларга яқиндан ёрдам бериб келади. Биз - домланинг ҳамкасб ва шогирдлари олий таълим фидойиси, моҳир ва тажрибали устозимиз билан ҳамиша фахрланамиз.

 

Мадаминжон МАҲКАМОВ,

АДУ физика-математика факультети декани.

Тўланбой ИБАЙДУЛЛАЕВ,

 

АДУ математика кафедраси доценти.

Прочитано 1288 раз Последнее изменение 06 Июль 2020
Super User

Последнее от Super User