Матбуотимиз тарихидан
"Ўзбекистон матбуоти тарихи" (1925-1952 йиллар) китоби муаллифлари Иккинчи жаҳон уруши фронтларида ўзбек тилида 13 та фронт ва 3 та дивизия газеталари чоп этилганлигини таъкидлайди.
Жумладан, 1-Болтиқбўйи фронтида "Душманга қарши олға", 2-Болтиқбўйи фронтида "Суворовчи", 3-Болтиқбўйи фронтида "Ватан учун", 1-Белоруссия фронтида "Фронт ҳақиқати", 3-Белоруссия фронтида "Қизил аскар ҳақиқати", 1-Украина фронтида "Ватан шарафи учун", "2-Украина фронтида "Суворов натиски", 3-Украина фронтида "Совет жангчиси", Брянск фронтида "Fалаба сари олға", Узоқ Шарқ фронтида "Бонг" сингари газеталар чоп этилган.
Уруш йилларида Шуҳрат, Мирзакалон Исмоилий, Илёс Муслим, Назармат, Адҳам Раҳмат, Назир Сафаров, Иброҳим Раҳим, Зийнат Фатхуллин, Адҳам Ҳамдам, Султон Жўра, Абдунаби Алимуҳамедов, Маҳмуд Муродов сингари ўзбек халқининг кўплаб таниқли ёзувчи, шоир ва журналистлари ҳарбий хизматга сафарбар этилиб, фронт газеталарида фаолият юритди. Улар юртдошларимизнинг жанггоҳлардаги жасоратларини ўз кўзлари билан кўриб, улар ҳақида мақола, шеър ва очерклар ёзди. Умуман, ўзбек тилида чоп этилган фронт газеталари ўзбекистонлик жангчиларни руҳлантириб, Fалабага бўлган ишончини мустаҳкамлашга, жангларда мардона курашишга ундаган.
- Тарихчиларимиз томонидан Иккинчи жаҳон уруши даврида чоп этилган ўзбек тилидаги газеталар етарли даражада ўрганилиб, тадқиқ этилмаган, - дейди Андижон давлат университети профессори Рустамбек Шамсутдинов. - Тўғри, бу борада ўтган асрнинг 50-70-йилларида муайян ишлар қилинган. Бироқ, улар етарли даражада эмас эди. Ана шундан келиб чиқиб, бу борада бир неча йил шогирдларим билан тадқиқотлар олиб бордик. Москва ва собиқ Иттифоқнинг бошқа шаҳарларидаги архивлар, музейларда бўлиб, Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ўзбекистонликлар ва ўзбек тилида чоп этилган фронт газеталари ҳақида кўп маълумотлар, манбалар тўпладик.
Ана шу ўрганишлар, тадқиқотлар бўйича йиғилган манбалар асосида 2017 йилда "Академнашр" нашриётида менинг муаллифлигимда "Иккинчи жаҳон уруши ва фронт газеталари" деб номланган уч жилдлик китоб нашр этилди.
Тарихчи олим, профессор Р. Шамсутдинов раҳбарлигида "Мерос" халқаро илмий-амалий экспедиция жамоат фонди ташаббуси билан Россия Федерацияси давлат кутубхонасида сақланаётган "Ватан учун", "Совет жангчиси", "Суворовчи", "Фронт ҳақиқати", "Қизил аскар ҳақиқати", "Бонг" , "Ватан шарафи учун", "Душманга қарши олға", "Қизил Армия" газеталарининг электрон нусхалари олиб келиниб, ўрганиб чиқилган. Сараланиб, тартибга солинди. Қўшимча манба ва материаллар билан тўлдирилиб, тайёрланган материаллар "Иккинчи жаҳон уруши ва фронт газеталари" (Биринчи китоб) китобидан ўрин олди.
Маълумки, уруш йилларида чоп этилган ўзбек тилидаги фронт газеталари эски ўзбек имлосида чоп этилган. Муаллиф газета мақолаларини кирилл имлосига ўзгартириб, ўша давр руҳи, мафкура ва ғояси аниқ, равшан бўлишини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳар бир мақолани асл ҳолича беришга ҳаракат қилди.
- Китобда ўша даврни улуғловчи сўз, ибора ва атамаларни, ўша давр руҳини акс эттирувчи ғоя ва мазмунни аслича қолдиришни лозим тодик, - дейди профессор Р. Шамсутдинов. - Чунки, уларни тузатиш ёки ўзгартириш тарихий давр руҳини бузилишига олиб келиши мумкинлиги ҳисобга олинди. Уларни қандайлигича эътироф этиш тарихийлик тамойилларига тўла мос келади.
Уруш йилларида ўзбек тилида чиққан газеталар фронт ва фронт ортидаги Ўзбекистон халқининг Fалабага қўшган улкан ҳиссасини тўлақонли ёритишда муҳим манбадир. Умуман, фронт газеталари чоп этилган ҳар бир мақола, очерк, хабар, суҳбат, ахборот, фронтга йўлланган мактублар, жангчиларнинг ота-онасига, турмуш ўртоғига, фарзанди, қавму қариндошига ёзган хатлари, ҳарбий қўмондонлик ва бўлимлар томонидан ўзбекистонлик жангчиларга берилган турли фахрий ёрлиқ, мукофотлар, фотосуратлар Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги тарихини, юртдошларимизнинг урушдаги иштироки ва Fалабага қўшган ҳиссасини тўлақонли билишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Ўзбек тилида чоп этилган фронт газеталарининг ҳар бир сони, ҳар бир саҳифасида ўзбек ўғлонларини мардлик, жасоратга чорловчи юқоридаги каби шеъру мақолалар, очерклар ўрин олган.
Иккинчи жаҳон уруши даври халқимиз тарихининг ўчмас саҳифасидир. Биз бугунги авлод ўша давр манбаларини чуқур ўрганиш, ўқиш орқали миллатимизнинг шонли тарихини қалбимизга муҳрлаб боришимиз лозим. Бу тарихимизга, бугунги тинч-фаровон ҳаётимизга тамал тоши қўйган авлодларимиз хотирасига ҳурматимиз намунаси бўлади.
Фахриддин
ИБАЙДУЛЛАЕВ