Версия для печати
21 Май 2020

АЛЛОМАЛАР МЕРОСИ - МАЪНАВИЯТ АСОСИ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Улуғ алломалар ёшликдан уч нарсани қадрлаганлар: вақт, ўқиш, меҳнат. Ўқувчиларни вақтнинг қадрига етиш, мақсад сари интилишга, ўзининг хулқи, одоби, ютуқлари билан тенгдошларига ўрнак бўлишга ўргатиш болалик давридан шакллантирилади.

 

Бу эса бадиий адабиётларни кўп мутолаа қилишга ҳам боғлиқ. Китобга ошнолик - кишининг сўз бойлигини ўстиради. Алишер Навоийнинг сўз қудрати ҳақидаги мисраларини қайта-қайта ўқиш олам-олам завқ беради. Жаҳон адабиёти дурдоналаридан баҳраманд бўлиш эса - билимга билим қўшади.

Кўпинча дарсларда ўқувчиларга мавзуларни тушунтиришда буюк аждодларимизнинг асарларидан фойдаланаман. Ўқувчилар гўё дур гавҳардек тизилиб, саф тортган сўзлар қатига муҳрланган маъноларнинг мағзини чақишга ҳаракат қиладилар.

Маънавият дақиқаларида сўзлашиш одоби, шарқона тарбия, муомала маданияти ҳақидаги ривоятлардан намуналар ўқиймиз.

Зеро, улуғ алломаларнинг ҳикматлари ажойиб бир чашма каби, ундан қайта-қайта баҳра олгинг келади. Инсонни инсон қилиб турган гўзал фазилатлар - унинг ҳаётига мазмун баҳш этадиган туйғулари, инсоний мулоқот ва муносабатлари ҳамда бир-бирига бўлган меҳр ва муҳаббатдир. Шу туйғулар орқали оламда ҳаёт давом этади, эзгулик тантана қилади. Буюк шарқ мутафаккирларининг дурдона асарлари ҳамда халқимизнинг бой маънавий-маданий меросига қайта-қайта мурожаат қилиш - инсоннинг камол топишида беқиёс аҳамиятга эга.

Буюк шарқ мутафаккирлари асарларида илгари сурилган инсонпарварлик, ватанпарварлик, мардлик, жасурлик, камтарлик, меҳнатсеварлик, меҳр - оқибат, одоб ва ахлоқ, хушмуомалалик каби умуминсоний қадриятлар бугунги кунга қадар ўз қадр-қимматини йўқотгани йўқ. Шарқнинг буюк мутафаккирлари асарларига мурожаат этар эканмиз, улардаги панд-насиҳат, таълим-тарбия, одоб-ахлоқ, кишиларнинг бир-бирлари билан бўлган муомала муносабатлари ҳамда нутқ маданиятига оид қимматли фикрлардан, кишини маънавий ва руҳий гўзалликка ундовчи дурдоналардан, ҳаёт тажрибалари замирида бунёд бўлган ҳикмат мактабидан баҳраманд бўламиз.

Ўқувчилар донишмандлар бисотини ўрганиш орқали илм ва маърифат, билим ва заковат, ақл ва идрок, бахт ва саодат, поклик, иффат, сабр-матонат ҳақида ажойиб фикрларга эга бўлиш билан бирга, онг ва шуурида шу каби ҳислатлар шаклланиб боради. Айниқса, нутқ одоби инсоннинг умумий ахлоқини белгиловчи асосий мезондир. Буюк мутафаккир Юсуф Хос Ҳожибнинг "Қутадғу билиг" асарида комиллик шартлари, ахлоқий мезонлар, одоб-ахлоқ қоидалари, сўз қудрати, давлатчилик мезонларини тараннум этган байтларга воқиф бўлиш билан бирга, шу орқали таълим-тарбияга оид ўзига хос услуб яратганига амин бўламиз.

Бошдан охиригача донолар сўзи,

Гўёки тузилган маржоннинг ўзи.

Алишер Навоий нутқ одоби талаблари ҳақида шундай дейди: "Инсоннинг одобу ахлоқини белгилайдиган омиллардан бири унинг сўз нутқидир. Сўзлаганда ўйлаб сўзла, тушуниб, билиб гапир, сўзни кўнглингда пиширмагунча тилга келтирма, ҳарнеким, кўнглингда бўлса, тилга сурма", "сўзлаганда шароитни, суҳбатдошингни ҳисобга ол, беўрин сўз айтма"...

Юртбошимиз томонидан 2020 йил - Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" деб эълон қилинган экан, маърифат ва маънавиятнинг асл манбалари ҳисобланган буюк алломаларнинг асарларини ўрганиб бориш, уларнинг ноёб мазмунидан баҳраманд бўлиш ўқувчиларда юксак маънавиятли бўлиш, билимдонликни оширишига ёрдам беради.

 

Малоҳат ЮЛДАШЕВА,

Жалақудуқ туманидаги

 

1-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Прочитано 1338 раз
Super User

Последнее от Super User