Кўмакайда бир қарич ер ҳам бекор турмайди
Маҳалламиздаги мавжуд 720 та хонадонда 4450 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳолимизнинг аксарият даромади деҳқончилик орқасидан. Ўз хонадонида иссиқхона барпо этиб, ўзидан ортганини аҳоли дастурхонига тортиқ этаётган тадбиркор деҳқонларимиз сафи йилдан-йилга кенгаймоқда.
Кўмакайликлар қайси соҳада ишламасин, қўшимчасига деҳқончилик билан шуғулланади. Деҳқончилик кўмакайликларнинг қон-қонига сингиб кетган. Бизда бир қарич ер ҳам бекор турмайди.
Тўғри, авваллари томорқа иссиқхонасидан фойдаланишга қўрқардик. Ҳали газ, ҳали электр энергияси билан боғлиқ можаролар иссиқхона бизнесини ривожлантириш учун катта тўсиқ эди.
Ҳозир вазият бошқача. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томорқадан фойдаланиш ҳақида бот-бот сўз юритаяпти. Аввало, сизу бизни бугунгидан-да тўқ ҳамда фаровон яшашимизни истаяпти. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаб, хориж маҳсулотларига кўз тикмасдан, балки экспортни кўпайтириш, даромадни оширишни, одамларимизнинг бугунидан рози бўлиб ҳаёт кечиришини хоҳлаяпти. Шундай экан, ушбу эзгу мақсадга эришиш учун нима қилиш керак? Енг шимариб, ақл билан иш юритиш, бебаҳо бойлик саналган томорқадан унумли фойдаланиш лозим. Зеро, бугун "олма пиш - оғзимга туш", деб ўтирадиган замон эмас.
Мана, бу ерга келин бўлиб тушганимга ҳам 20 йил бўляпти. Шундан буён оила аъзоларим билан деҳқончилик қилиб келамиз. Ҳар йили 2 минг тупдан зиёд помидор-бодринг кўчатлари етиштириб, 15-20 млн. сўм даромад топамиз. Томорқадан 3 маротаба ҳосил оламиз.
Маҳалла фуқаролар йиғинига ишга кирганимга 6 йил бўляпти. Томорқадан самарали фойдаланаётган хонадонлар тажрибасини оммалаштириш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, томорқачилар ташвишини енгиллаштириш маҳалла фуқаролар йиғини диққат-эътиборида. Бу масалага жорий йилда янада кўпроқ эътибор қаратмоқдамиз. Маҳалламиздаги икки нафар эҳтиёжманд оилага Олтинкўл туман ҳокимлиги томонидан бепул иссиқхона қуриб берилди. Тадбиркоримиз Шавкат Мирзаолимов эса сабзавот кўчатлари билан таъминлади. Халқимиз бошига тушган синовли кунларда ҳам тадбиркорларимиз қараб турганлари йўқ. Кам таъминланган, карантин пайтида қийналиб қолган оилаларга озиқ-овқат, пул маблағларидан ёрдам кўрсатиб туришибди.
Маҳалламизда ишсиз аёллар деярли йўқ. Қиз-жувонларимизнинг барчаси оиласи билан бирга томорқасида, фойдали меҳнат билан банд. Энг муҳими, бировга муҳтож бўлмаймиз, ўзимиздан ортиниб, қишнинг аёзи, баҳорнинг иликузилди пайтлари ҳам аҳоли дастурхонига янги узилган сабзавотларни тақдим эта оламиз.
Барчиной ЮНУСОВА,
Олтинкўл туманидаги Кўмакай МФЙ раисининг
Оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий
масалалар бўйича ўринбосари.