жараён
"Яхшилик қил, сувга от, балиқ билар, балиқ билмаса Холиқ билар", деган эзгу ғоялар билан яшаб келган саховатпеша халқимиз коронавирус пандемияси, қолаверса, муборак Моҳи Рамазон кунларида муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракатини қўллаб-қувватлаб, кўплаб хайрли ишларни амалга ошириб, синовли кунларда аҳил ва бирдамлигини яна бир бор намоён этди.
Эҳтиёжманд инсонларга ёрдам ва кўмак бериш бизга аждодлардан мерос қадриятдир. Шу қадриятларга монанд равишда мамлакатимиз Президентининг хайрли ташаббуси билан халқимизнинг тарихий анъана ва қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда кўмакка муҳтож, имконияти чекланган, бугунги синовли кунларда вақтинча даромад манбаидан узилиб қолган инсонларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш масаласига эътибор қаратилганлиги алоҳида эътирофга сазовор.
Бутун дунёни таҳликага солган бу синовли кунлар кимларнидир ёрдамга муҳтож қилиб қўйди. Лекин, бировдан ёрдам сўраш ҳам осон иш эмас. Шу жиҳатларни инобатга олган саховатпеша инсонларнинг эҳтиёжмандлар ўзи сўраб келишидан илгарироқ ёрдамга шошаётганликлари ҳар қанча таҳсинга сазовордир.
"Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати вилоятимизнинг барча ҳудудларида оммалашаётганини кўриб, эшитиб қалбимиз беихтиёр ғурур ва ифтихорга тўлади. Шундай қалби дарё, меҳри дунё инсонлари бор юртда яшаётганимизга шукрлар келтирамиз. Зеро, биз катта бир оиламиз, бу азиз Ватан эса барчамизникидир.
- Маҳалламиздаги 100 дан ортиқ оилага "Саховат ва кўмак" жамғармаси томонидан беминнат ёрдам кўрсатилди ва бу каби хайрли ишлар давом этмоқда, - дейди Андижон шаҳридаги "Бўстон" маҳалла фуқаролар йиғини раисининг хотин-қизлар ва маънавий -маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дилфузахон Жўраева. - Пандемия даврида вақтинча ишсиз бўлиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ўз вақтида етиб боришга ҳаракат қилаяпмиз. Уларга имкон қадар кўмаклашилмоқда.
Қўли очиқ ва мурувватли ватандошларимизнинг карантин чекловлари сабабли вақтинча ишсиз қолган ва эҳтиёжманд юртдошларимизга кундалик эҳтиёжлари учун зарур озиқ-овқат маҳсулотларни хайрия тариқасида тарқатиб, уларни моддий қўллаб-қувватлашда кўрсатаётган жонбозликларини кўриб беихтиёр қўлларимиз ва тилларимиз дуога чоғланади: Илоҳим, саховатпеша юртдошларимиз ҳамиша соғ ва омон бўлсин!
Ҳабибахон ЖЎРАБЕКОВА,
Андижон машинасозлик институти МПП кафедраси мудири.