Бутун дунёни ларзага солган тожсимон вирус юртимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Мана шундай синовли кунларда барчадан уйда қолиш талаб этилмоқда. Барча таълим муассасалари қатори мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти ҳам вақтинча тўхтатилиб, тарбияланувчилар ота-оналари бағрида, уйларида қолмоқда.
Уйларида қолаётган болажонларнинг зерикмаслиги, таълимнинг илк босқичига оид билимларни олишида узилиш бўлмаслиги учун мактабгача таълим ташкилотлари томонидан ҳам таълим-тарбия ишларини масофадан олиб борилиши йўлга қўйилди. Бу борада бизнинг 34- мактабгача таълим ташкилоти томонидан ҳам эътиборга лойиқ ишлар олиб борилмоқда.
Муассасамиз 1972 йилда ташкил топган бўлиб, ҳозирда 56 нафар ходим ишлайди. Улардан 24 нафари педагог ҳодимлар бўлиб, 9 гуруҳдаги 230 нафар тарбияланувчининг таълим-тарбияси билан шуғулланишади. Ташкилот мудираси Обидахон Ҳакимованинг ўз ишига бўлган масъулияти, талабчанлиги, болаларга бўлган меҳри барчани сидқидилдан ишлашга ундайди. Ташкилотда олиб борилаётган таълим, тарбиявий ишлар Президентимиз томонидан илгари сурилган "Бешта муҳим ташаббусига" чамбарчас боғланган ҳолда олиб борилмоқда. Шу билан бирга, мактабгача таълим ташкилотимизда "Илк қадам" давлат дастурига тўлиқ амал қилинаётгани ҳам кўплаб ютуқларимизда муҳим омил бўлмоқда.
Бу борадаги ишларни ҳозирги карантин даврида ҳам давом эттирилаётгани нафақат болажонларимизни, балки уларнинг ота-оналарини ҳам қувонтирмоқда. Ташкилотимиз ходимлари ота-оналар орқали болажонлар билан онлайн мулоқотни йўлга қўйиб, кичкинтойларга таълим-тарбия беришда давом этмоқда. Хусусан, "9 апрель - Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун", "12 апрель - Космонавтлар куни , "26 апрель - шоир Муҳаммад Юсуф таваллуд айёми" каби мавзуларда онлайн мулоқот тарзида машғулотлар ўтказилди. Телефон орқали болажонлар билан қизиқарли савол-жавоблар ўтказилди, мавзуларга оид видеороликлар, маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, телевидение орқали болажонлар учун бериб борилаётган дастурларни кузатишлари, у ерда ўргатилаётган соғломлаштириш машқлари, ёзиш, ўқишни ўргатиш бўйича кўрсатувларни мунтазам кўриб боришлари айтилди. Аксарият тарбияланувчиларимиз онлайн мулоқотларга қизиқиш билан қараб, машғулотларда фаол иштирок этди. Бу билан фарзандларимиз таълим-тарбиясида узилиш бўлишига асло йўл қўйилмаяпти. Ташкилотимиз тарбиячилари томонидан карантин муддати тугагунга қадар онлайн машғулотлар давом эттирилади.
Адиба МУҲИТДИНОВА,
Асака туманидаги 34-мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси.