Версия для печати
10 Апр 2020

УЙДАН ЧИҚМАЙ – ХАВФДАН ҚУТУЛАЙЛИК!

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Маҳаллалар ҳаётидан

Бугунги оғир синовли кунларни бирдамлик билан енгиб келаётган халқимиз, хусусан, андижонликлар бир-бирига бўлган меҳр-оқибатни, якдилликни яна бир карра намоён этмоқда. Дунёни ларзага солган тожсимон вирус касаллиги туфайли жорий этилган карантинни маҳалламиз аҳли ваҳимасиз, уй ишлари билан ўз хонадонларида ўтказмоқда.  Албатта, айни кундаги вазият барчадан, айниқса, маҳалла етакчиларидан янада масъулиятли бўлишни талаб этмоқда.

Марҳамат туманидаги Гар-гар маҳалла фуқаролар йиғини раиси сифатида зиммамга юклатилган вазифаларни бекаму кўст адо этишга ҳаракат қиляпман.  Бугун тўй-хашамлар, байрам, тантаналар тўхтатилган. Бироқ вафот этган маҳалладошларимизни сўнгги манзилга кузатиш, ногирон, бева-бечоралар, кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга  имкон қадар кўмак бериб келяпмиз.

Ҳозирда дунё бўйлаб    тарқаган тожсимон вирус касаллигига чалинганлар ёки карантинга олинганлар Аллоҳга шукурлар бўлсинки, бизнинг маҳалламизда мавжуд эмас. Бу касалликни юқтириб олмасликлари бўйича аҳоли ўртасида керакли тушунчалар бериб борилмоқда. Карантин даврида уйдан чиқмай, яқинларини хавфга қўймай ўтирган маҳалладошларимдан жуда миннатдорман.

Маҳалламизда 4 минг 700 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. 15 та кам таъминланган оила рўйхатга олинган. Юқорида таъкидлаганимдек, улар доимо эътиборимизда. Айниқса, бугунги карантин шароитида Хомийлик ёрдамларини кўрсатиш маркази орқали улар зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланмоқда. Бундан ташқари, ҳозирги кунга қадар маҳалладаги 22 та хонадонга бепул ниқоб, қўлқоп,  совун, исириқ ва газ балонлари етказиб берилди.

Вилоятимизнинг барча масканларида бўлгани каби туманимизда, шу билан бир қаторда, маҳалламизда ҳам кенг кўламли дизенфекциялаш ишлари олиб борилмоқда. Маҳалланинг барча кўчалари фермер хўжаликлар томонидан ажратилган тракторлар ёрдамида мунтазам дизенфекция қилиб борилмоқда. Шунингдек, ҳар бир хўжаликда ўз томорқасидан унумли фойдаланиш, зарур экинларни экиш бўйича ҳам тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари томонидан помидор, болғар қалампири, карам, бақлажон ва бошқа кўчатлар етказиб бериш ишлари ҳам йўлга қўйилган.

Бугунги карантин шароитида аҳолидан бўлаётган энг катта талаб: уз уйларида қолиши, сабабсиз кўчага чиқмасликлари, карантин қоидаларига амал қилишларидир. Бу борадаги ишларни ташкил этишда маҳалла профилактика нозири Донёрбек Иномовнинг алоҳида ўрни бор. Маҳаллада турли тадбирлар, маросимлар ўтказмаслик юзасидан маҳалла отинойиси Мастурахон Ботирова, хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси раиси Гулнорахон Абдуллаева, маҳалла имоми томонидан карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда зарур тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. 

Ушбу кунларда барчамиз бир бўлмоғимиз, ўзимизни, яқинларимизнинг соғлиги, ҳаёти учун фақат уйда қолишимиз ва барчани шунга чақиришимиз лозим.

 

Зойиджон МИРЗАЕВ,

 

Марҳамат туманидаги  Гар-гар МФЙ раиси.

Прочитано 1335 раз
Super User

Последнее от Super User