Огоҳлик!
Бугунги кунда интернет ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Интернетдан ким қандай фойдаланаётганлиги кундан-кунга долзарб масалага айланмоқда. Интернетдан кўпчилик, айниқса, ёшлар ўз билимини ошириш, турли маълумотлар олиш, ишда, ўқишда муваффақиятга эришиш мақсадида фойдаланмоқда. Бироқ, ундан ғараз мақсадларда фойдаланаётганлар ҳам йўқ эмас. Ана шундай инсонлардан бири избосканлик Ҳамидулло Сатторовдир (исми фамилияси ўзгартирилган). У икки йил давомида интернет орқали одамлар онгига салбий таъсир кўрсатувчи ғояларни тарғиб этиб келган.
Ҳ. Сатторов 2018-2019 йилларда Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида ишлаб, ўша ерда истиқомат қилган. Фаолияти давомида интернетдаги "Одноклассники" ижтимоий тармоғи орқали профиль очган. Унда Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш таъқиқланган ҳамда диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган диний маърузаларини ўз профилига жойлаштириб, дўстлари саҳифаси орқали 67 нафар фойдаланувчига тарқатган.
Ҳ. Сатторов 2019 йил июль ойида Қирғизистон Республикаси Ўш шаҳри орқали яшаш жойига қайтиб келганидан сўнг Избоскан тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан суҳбат ўтказилган. Суҳбат мобайнида уяли алоқа телефони кўздан кечирилганда "Одноклассники" ижтимоий тармоғидаги профили орқали диний-ақидапарастлик ғояларини тарғиб этганлиги маълум бўлди ва у ушбу ҳолат бўйича жавобгарликка тортилди.
Мазкур жиноий хатти-ҳаракати учун ўтказилган суд мажлисида Ҳ. Сатторов ўз айбига тўлиқ иқрор бўлганлиги, мамлакатимизда таъқиқланган диний ғоялар моҳиятини англамасдан тарқатганлигини эътироф этиб, кечирим сўради. Лекин, ҳар қандай жиноятга жазо муқаррардир.
Жиноят ишлари бўйича туман суди ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан, унга шартли равишда 4 йил озодликдан махрум этиш жазоси тайинланди. Ана шу муддат давомида унга оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик, вилоят ҳудудидан чиқмаслик, интернетдан фойдаланмаслик, яшаш ва иш жойни ўзгартирган тақдирда туман ички ишлар бўлимига маълум қилишлик мажбуриятлари юклатилди.
Азиз юртдошлар, қадрли ёшлар! Интернет орқали ўзингиз билмаган, тушунмаган, айниқса, диний мазмундаги маълумотлар билан танишиш, олиш ва тарқатишдан эҳтиёт бўлинг. Нотўғри, ғараз мақсадларда тарқатилаётган ҳар бир маълумот кимнингдир онгини заҳарлаши, келажак ҳаётини барбод этиши мумкинлигини унутманг.
Собитхон ЯҚУБОВ,
Избоскан туман ИИБтерроризм,
экстремизмга қарши кураш бўлими бошлиғи.