"101" огоҳлантиради
"UZAuto Motors" АЖ Ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси ходимлари томонидан корхонада ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш бўйича кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари, амалий машғулотлар олиб борилмоқда. Айниқса, портлаш, ёниш хавфи юқори бўлган ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундан ташқари, корхона ҳудудида қурилиши режалаштирилаётган бинолар ҳамда зарур қурилмаларни ўрнатишда ёнғин хавфсизлиги талаблари бўйича таклиф ва тавсиялар берилмоқда.
Корхона ишчи ва хизматчилари, шунингдек, корхонага ўқув амалиётини ўташ учун келаётган талабалар билан ёнғинларнинг олдини олиш бўйича доимий суҳбатлар ўтказиб борилмоқда. Олиб борилаётган профилактик ишлар самараси ўлароқ, жорий йил давомида ёнғин билан боғлиқ бирорта ҳам кўнгилсиз ҳодиса содир бўлмади.
Хулоса қилиб айтганда, корхона ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимлари қишнинг аёзли кунларини, қолаверса, янги йил байрамини кўнгилдагидек ўтказиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш, ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш бўйича зарур барча ишларни олиб боради.
Азиз юртдошлар! Огоҳ ва ҳушёр бўлайлик. Ёнғин қоидаларига эътиборсизлик туфайли мол-мулкимизни, ҳаётимизни хавф остида қолдирмайлик.
Умиджон ҲАКИМОВ,
"UZAuto Motors" АЖ ЁХБ кичик инспектори, сафдор.