Балиқчи туманида жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича вилоят судлари раислари томонидан сайёр қабул ўтказилди.
Қабул олдидан бўлиб ўтган тадбирда мамлакатимизда демократик ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, одил судловга эришиш даражасини, фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини ошириш, суд, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди. Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман суди раиси М.Сиддиқовнинг ҳисоботи эшитилди.
Сайёр қабулда фуқароларнинг судларга тааллуқли 15 дан ортиқ мурожаатлари тингланди. Мурожаатлар юзасидан муҳокама ўтказилиб, зарур тавсия, тушунтириш ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
- Ҳар бир мурожаат ортида инсон, унинг манфаати ётади, - дейди Фуқаролик ишлари бўйича ишлари бўйича Андижон вилоят суди раиси Отабек Мирзамаҳмудов. – Шу боис, мурожаатларнинг бирортаси эътиборимиздан четда қолаётгани йўқ. Жумладан қабул давомида маъмурий масалаларга оид 3 та мурожаат эшитилиб, уларнинг биттаси қаноатлантирилди, иккитаси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.
- Менга Балиқчи тумани маъмурий судининг қарори билан 1,5 йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан махрум этиш жазоси тайинланган эди, - дейди Ғуломжон Турсунов. – Сайёр қабулда ушбу жазодан муддатидан илгари озод қилишни сўраб, вилоят маъмурий суди раисига мурожаат қилдим. Мени қийнаётган ушбу масала туман маъмурий судида кўриб чиқиладиган бўлди.
Сайёр қабул давомида 8 та мурожаат қанотлантирилди, қолганлари бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга, мурожаат қилувчиларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш юзасидан суҳбатлар ўтказилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ.