Версия для печати
22 Нояб 2018

Тарбия бир кишининг иши эмас

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Мулоҳаза

Бувимнинг ён қўшниси бўларди. Доим ҳовлиқиб, ҳаллослаб юрувчи бу жувон одамларга янгилик етказишга ўч эди. "Вой, эшитдингизми, фалончининг қизи йўқолиб қолибди", "анув фалончининг эри уйланволган экан", "фалончининг уйига ўт кетибди", "фалончининг уйида кеча роса жанжал бўлди", каби совуқ хабарларни ошириб-тошириб, ҳаммага бир-бир етказиб чиқарди. Бувим эса унга жавобан ҳар гал бир гапни такрорларди:

- Қўй-е, бунақа гапларни, чап томонингга туфла,  ўзидан келиб, ўзидан кетсин. "Қизли уй - қиё боқма, ўғли бор - ўян топма", деган нақл бор, доим совуқ хабарлар гапирасан-а, қизим, уят бўлади, бировга кулма-бошингга келади!

Йиллар ўтди, бувим оламдан ўтди, худди ўша гап ташиб юрадиган ғийбатчи қўшнининг хонадонидан янгиликлар бирин-кетин чиқа бошлади, Бир қизи тузалмас дардга чалиниб оламдан ўтгани, яна бир қизи бебахт бўлгани, хонадонида газ баллони портлаб анчайин моддий зарар кўрилгани, эр-хотин бўлиб ўтган воқеалардан сўнг инсульт бўлиб қолгани ҳақидаги хабарларни эшитдим.  Шунда дарҳол ўша кунлар ва бувимнинг гапларини эсладим.

Ҳа, болалигим бувимнинг панду насиҳатлари, ўгитлари остида ўтган. Ота-онам кекса бувиларимиз, момою холаларимизни уйимизга олиб келиб, ҳафталаб парвариш қилардилар. Аслида дадам тўнғич фарзанд бўлганликлари учун ота уйидан алоҳида яшардик, аммо ҳамиша уйимизда кексалардан кимдир бўларди.

Онам ҳам, дадам ҳам ишлардилар. Эрта кетиб кеч қайтардилар. Лекин биз - қизлар уйда ёлғиз қолмасдик. Ҳамиша ёнимизда ё бувим, ё аммам ёки холам, катталардан кимдир бизга қараб турарди.      

Синглим билан бемалол, алоҳида яшаб, ўзимизга хон-ўзимизга бек бўлиб юргимиз келарди. Тўғриси, кампирларнинг иш буюриши, хато-камчилигимизни топиши, кийимларимизга, оғзимиздан чиққан сўзларга аралашганлари ёқмасди, радио, телевизорни-ку улар борида кўрганимизни эслолмайман.Яна дугоналаримиз чиқса, уларга таъриф беришар, қайси бири билан ўртоқ бўлишни-ю, қайсинисидан узоқроқ юришимизни айтиб, жаҳлимизни чиқаришарди.  Бувим доимо  битта гапни такрорларди:

- Беодоб, ақлсиз, шарм-ҳаёси йўқ қизлардан узоқ юр, болам. Дўст тутинганинг ўзинг билан тенгдош бўлмаса ҳам майли. Яхши дугонанг бўлмаса, ундан кўра китоб ўқи. Халқимизда "Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади", деган гап бор. Дугоналаринг яхши бўлмаса, ёмонотлиғ бўласан!

Мана, улғайдик. Ўзимиз ҳам бир оиланинг бекаси, она бўлдик. Ҳаётий тажриба ҳам ошди. Ҳозир ўша кексаларнинг ҳар бир ўгитлари, ўз даврида ғашимизни келтирган насиҳатлари нақадар тўғри бўлганлиги йилдан-йилга ўз исботини топмоқда.

 Ота-онамиз "қаровсиз, тарбиясиз бўлиб қолишмасин" дея, бизнинг ор-номусимиз, шаънимиз, тарбиямизни ўйлаб  кексаларга ҳамроҳ қилганлар. Улардан ҳаётий сабоқлар олишимиз, рўзғор илмини ўрганишимиз, ҳар хил бемаъни машғулотларга  чалғимаслигимиз учун қайғурганлар. 

Бугунги кунда кўплаб юртдошларимиз рўзғор, тирикчилик деб, хорижга ишлагани кетаяптилар. Фарзандлари тарбиясини ёлғиз аёлига топшириб кетаётган эркаклар, ёки ишламаган эрига болалари тарбиясини ишониб топшириб, мўмай даромад илинжида хорижга йўл олган аёллар тарбия бир кишининг иши эмаслигини наҳотки тушуниб етмасалар?! Айни балоғат остонасидаги,  яъни ўтиш даврида турган фарзандларни тарбиялашда отанинг ҳам, онанинг ҳам, шунингдек, кекса авлод вакиллари бўлган бувию боболарнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Бобо ва бувилар ардоғида, уларнинг тарбия ва ўгитларини олиб    улғайган болалардан асло ёмонлик чиқмайди.

Инсон йиллар давомида ҳаёт синовларидан ўтиб, тажриба  орттириб, ақл заковати ошиб, комилликка эришиб боради. Шу боис ҳам ёши улуғ, бошидан кўп қийинчиликлар ўтказган кишиларнинг гаплари маъноли, суҳбати ширин,  ўгитлари ибратдир.

 

Шоҳидахон УСМОНОВА,

Булоқбоши туманидаги

 

14-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Прочитано 1848 раз
Super User

Последнее от Super User