Балиқчи туманида жиноят содир этишга мойиллиги бўлган 17 нафар, жазони ижро этиш муассасасидан қайтган 3 нафар, жиноят содир этган 22 нафар хотин-қиз ва уларнинг оилалари билан бевосита иш олиб борилмоқда.
Туманда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олиш, ана шундай ҳолатлар келиб чиқишига сабаб бўлаётган омилларни ўрганиш ва бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик кўп ҳолларда ишсизлик, оилада носоғлом муҳит шаклланганлиги сабаб бўлмоқда. Бу ана шу тоифа кишилари билан бевосита иш олиб бориш, айниқса, тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш лозимлигини тақозо этади.
Кейинги бир неча йил ичида туманда содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар таҳлили асосида жиноятчилик профилактикаси бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини оширишга қаратилган ишлар ижобий самаралар бермоқда.
Тумандаги 66 маҳалла фуқаролар йиғинида "Менинг маҳалламда жиноятчилик содир бўлмаслиги керак" шиори доирасида ўтказилаётган суҳбат ва мулоқотлар, жиноятчиликка мойиллиги бор шахслар, оилалар, шунингдек, жазони ўташ муассасаларидан ҳамда хорижда ишлаб қайтган аёллар билан бевосита ишлар олиб борилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, опа-сингилларимиз иштирокидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этган аёллар сони ўтган йилга нисбатан 15 фоизга камайди.
Туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг, шунингдек, хотин-қизлар ва балоғатга етмаганлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш мақсадида оилалар тоифаларга ажратилиб, "Намунали ва тинч оила", "Нотинч оила", "Ажрим хавфи мавжуд оила" тарзида хатловдан ўтказилди, маълумотлар базаси шакллантирилди. Нотинч ва ажрим хавфи мавжуд оилалар, шунингдек, жиноят содир этган аёлларнинг ҳар бири билан бевосита иш олиб борилмоқда. Маҳаллалардаги намунали оилалар уларга мураббий сифатида бириктирилган.
Бу борадаги ишларни оммалаштириш, мутасадди ташкилотлар назоратига киритиш ҳамда ижросини таъминлаш бўйича маҳаллаларда семинарлар ўтказилди. Қўмитамиз ташаббуси билан туман ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ҳар ойнинг 20 санасида сайёр "Ноқонуний оилалар учун очиқ эшиклар куни"ни ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.
Жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган хотин-қизларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш ва психологик-ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида улар алоҳида назоратга олинди. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида уларнинг 67 фоизи ишга жойлаштирилди, 100 фоиз тиббий кўрикдан ўтказилди, барчасига моддий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, инқирозли ва зиддиятли вазиятларга тушиб қолган, оилада турли зўриқишлар билан яшаётган, хорижий давлатлардан депортация қилинган опа-сингилларимизга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик кўмак берилди.
Ажрим, шаръий никоҳ, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик, мулкий низолар бўйича қатор ҳолатлар юзасидан кенг жамоатчилик иштирокидаги сайёр суд ва муҳокамалар ўтказилиши ҳам ижобий натижалар бермоқда. Бундан ташқари, секторлар раҳбарлари томонидан ўтказилаётган сайёр қабуллар натижасида салбий иллатлар, уларни келтириб чиқарувчи омиллар, мавжуд муаммолар бартараф этилмоқда.
Хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги билан жиноят содир этган 6 нафар хотин-қизлар суд жараёнида жазодан озод этилди. Никоҳ ўқиш ваколати бўлмаган муллаларга жамоатчилик таъсирини кўрсатиш асосида чоралар кўрилди.
Жиноятчилик, оилавий ажримлар бўйича Бўстон, Эскимарказ, Туркистон, Жасорат, Қаҳрамон, Фаровон, Қияли, Файзобод маҳаллаларида ўтказилган сайёр суд ва сайёр муҳокамалар аҳолининг ҳуқуқий билимларини оширишга, жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Олиб борилаётган юқоридаги каби ишлар натижасида хотин-қизлар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олди олинмоқда.
Мақсадимиз битта, у ҳам бўлса, опа-сингилларимизнинг турмуш фаровонлигини, ҳаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш. Энг муҳими, ҳаётимиз гултожи бўлган аёл ҳеч қачон жиноятчи бўлиб қолмаслигига эришиш.
Гўзалхон ДЕҲҚОНОВА,
Балиқчи тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.