Версия для печати
06 Сен 2018

Чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Қашқадарё вилоятининг қадимий Шаҳрисабз шаҳрида 6-10 сентябрь кунлари юртимиз тарихида илк бор Халқаро мақом санъати анжумани бўлиб ўтади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилаётган ушбу анжуманда дунёнинг элликдан ортиқ давлатларидан мақом ижрочилари қатнашаётганлиги анжуманнинг қанчалик юқори нуфузга эга эканлигини, дунё халқлари орасида мақом санъатига бўлган эътиборнинг нақадар юксаклигини кўрсатади.

Ана шундай юксак анжуманда иштирок этиш ҳар биримизнинг қалбимизга ғурур ва ифтихор бағишлайди. Зеро, мазкур анжуман мумтоз меросимизни асраб-авайлаш, уни ёшларга безавол етказиш, халқаро    миқёсда тарғиб этиш, мақом йўналишидаги мусиқа санъати ютуқлари, турли халқларнинг миллий анъаналарини ўрганишда катта аҳамият касб этади.

Халқимизнинг қадим қадриятларидан бири бўлган  мақом санъатини беназир гулшанга ўхшатиш мумкин. Унинг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, бу санъат  VII-VIII асрларда халқ мусиқаси негизи ва махсус профессионал ижрочилик анъаналари асосида ривожланди. Шу аснода йирик туркумли   жанрлар шаклланди. IX-X асрларда эса мақомсимон чолғу ва ашула-чолғу асар ва туркумлари ривож топди.  XI-XIII асрлардан бошлаб, то XVII асргача Яқин ва Ўрта Шарқда "Дуваздаҳмақом"-12 мақом туркуми кенг тарқалди. XVIII асрга келиб Бухорода янги туркум - "Шошмақом" бўй кўрсатди. XIX асрда "Хоразм мақомлари" туркуми ва Фарғона-Тошкент мақом йўналишлари вужудга келди. Кейинроқ "Шошмақом" ва     бошқа туркумлар негизида мақом санъатининг янги услублари ва кўринишлари замонавий    талқинда ривож топди. Миллий маданий меросимизнинг ажралмас қисмига айланган мақом ана шу тарзда асрлар оша сайқалланиб бизгача етиб келган.

2003 йилда "Шошмақом" ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерослар рўйхатига киритилди. 2007 йилда эса Исоқ Ражабийнинг "Мақомлар" номли рисоласи ушбу халқаро ташкилот томонидан нашр этилди.

Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги "Ўзбек миллий мақом санътини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори нафақат биз санъаткорлар, балки, барча мумтоз санъат шайдоларининг кўнглидаги иш бўлди. Қолаверса, бу миллий мақом санъатига юксак эътиборнинг намунасидир. Ушбу ҳужжат мақом санъатининг халқаро нуфузини ошириш, ёш авлод тарбиясидаги ҳамда маънавий ҳаётимиздаги аҳамиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. 

Анжуманда вилоятимиздан 120 нафар санъаткор иштирок этмоқда. Вилоятимиз мақом санъати усталари, янги ташкил этилган намунали мақом ансамбли, "Мерос" ва бошқа академик халқ бадиий жамоалари хонанда, созанда ва раққосалари, шунингдек, Андижон санъат коллежи бадиий жамоаси ўз санъатларини намойиш этади. Дастуримиздан "Сарахбори бузрук" тароналари билан "Талқинчаи мўғулчаи бузрук", "Бузрук" каби шошмақом шўъбаларига кирувчи мақом қўшиқлари ва тароналари ўрин олган. Фестивалда мен Муқимий ғазали билан айтиладиган "Фарғонача Шаҳноз" қўшиғим билан иштирок этаман.

Вилоятимиз мақом            ансамблларига таниқли мутахассис Равшанбек Ҳожиқулов, мақом устаси Бобуржон Йўлдошев раҳбарлик қилмоқда. Ишонаманки, вилоятимиз вакиллари мазкур халқаро анжуманда муносиб иштирок этади. Энг асосийси, мазкур анжуман   орқали миллий мақом санъатимиз, унинг гўзал ва бетакрор жозибасини бутун дунёга намойиш этамиз. 

  Мунаввархон ЧОВАРОВА,

 

 "Мерос" академик халқ бадиий жамоалар бўлими яккахон хонандаси.

Прочитано 2078 раз Последнее изменение 29 Окт 2018
Super User

Последнее от Super User