«101» огоҳлантиради
Мамлакатимизда хусусий тадбиркороикни жадал ривожлантиришда давлат ва ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланиб, уларни ҳар томонлама ҳимоялаш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асослар шакллантирилгани айни муддао бўлмоқда.
Дарҳақиқат азал-азалдан меҳнатсевар халқимиз тадбиркорликка кирувчи дўкондорлик, зироат ва тижорат каби касблар билан шуғулланиб, халол йўллар билан оиласини боққан, рўғорини тебратган, жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшган.
Айни кунда юртимизда тадбиркорлик субъектларига кенг йўл очиб берилиши натижасида минглаб янги иш ўринлари яратилиб, фуқароларимиз иш билан таъминланмоқда. Тадбиркорликни қўллаб - қувватлаш, уларни фаолиятига асоссиз аралашувларга йўл қўймаслик борасида қатор ҳужжатлар имзоланган.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 30 июнда “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон аукцион орқали доимий фойдаланишга бериш тартиби тўғрисида” қабул қилинган қарор ҳам шулар жумласидандир. Мазкур қарорга асосан 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди.
Ёнғин хавфсизлиги соҳасига оид ҳар қандай масалалар ҳамда ер участкасини танлаш ва ажратиш бўйича Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари ташкил этилган “YER ELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали мурожаат қилишингиз мумкин. Мазкур автоматлаштирилган тизимга мурожаат қилиш шаҳар ва туманлардаги Ягона дарча марказлари орқали амалга оширилади.
Тадбиркорлар билан соҳага оид савол ва муаммоларни ҳал қилиш мақсадида 345 маротаба семинарлар ташкил қилиниб, уларни саволлари ва муаммолари ҳал қилинди.
Ўзбекистон Республикасида 2018 йил - “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоя ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан Андижон вилояти ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларни фаолиятига асоссиз аралашувларга йўл қўймаслик борасида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ижросини таъминлаш назорат остига олинди.
Ҳозирги кунда тадбиркорлик фаолияти давлатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутмоқда. Шундай экан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ривожланишига кўмаклашиш ҳар биримизнинг мухим вазифаларимиздан биридир.
Дониёрбек ЖАҲОНОВ,
Андижон вилояти ИИБ ЁХБ молия-иқтисод гуруҳи ҳисобчиси, лейтеант.