Версия для печати
09 Авг 2018

ВИЛОЯТИМИЗДА ТАДБИРКОР ОИЛАЛАР САФИ ОРТИБ БОРМОҚДА

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

"ҳар бир оила - тадбиркор" дастури амалда

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Андижонга ташрифидан сўнг вилоятда "Ҳар бир оила - тадбиркор" ҳаракати кенг қулоч ёйди. Президентимизнинг жорий йил 7 июндаги "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастурини амалга ошириш тўғрисида"ги қарори эса мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтармоқда. Ушбу ҳужжат мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва бунёдкорлик салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, аҳолига муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бандликни таъминлаш ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши борасидаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мақсад - аниқ натижа ва самараларга эришиш

Мазкур қарор ижроси доирасида вилоятимизда ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ишчи гуруҳлар тузилиб, хонадонлар хатловдан ўтказилди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги ҳар бир оиланинг имкониятлари ўрганиб чиқилмоқда, уларга зарур тавсия, маслаҳатлар берилиб, амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Айни кунда вилоятда 538 минг хонадонда 750 мингдан зиёд оила истиқомат қилади. Оилаларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, бу борадаги ишларни самарали ташкил этишда энг асосийси, натижадорликка эришишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ушбу қарор доирасида вилоятга 3 триллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Айни кунда 800 миллиард сўмдан зиёд маблағ банкларга келиб тушган. Мутахассислар томонидан аҳолига кредит олиш тартиблари,      сарфлаш йўналишлари, тўлов жараёни тушунтирилмоқда. Ҳафтанинг якшанбаси вилоятда тадбиркорлар куни деб эълон қилнган.

 Оилаларга тақдим этилаётган кредит маблағлари аниқ мақсадларга йўналтирилмоқда. Яъни кредитлар хонадонларда тикувчилик, тўқувчилик ишларини ташкил этиш, иссиқхоналар барпо этиш, чорва ҳайвонлари боқиш, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик билан шуғулланиш, қўйингки, бошқа қатор йўналишларда тадбиркорлик  учун тақдим этилмоқда. Мазкур жараёнларда опа-сингилларимиз ҳам фаол иштирок этмоқда.

 

 Fазинахон ўз хонадонида тикув цехи ташкил этди

 Масалан, тикувчилик, тўқувчилик билан шуғулланиш истагидаги фуқаролар учун Ўзбекистон Савдо саноат палатаси ҳудудий бошқармаси ҳамда туман тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари томонидан тикув машиналари, зарур хом-ашёлар ярмаркалари ташкил этилмоқда. Фуқаролар ўзлари хоҳлаган тикув машиналари ёки тўқув дастгоҳлари олиш учун ана шу дастгоҳларни етказиб берувчи корхоналар билан шартнома тузади ва буюртма беради. Банк таъминотчи ташкилотга кредит маблағини ўтказиб беради. Таъминотчи ўша куннинг ўзидаёқ тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, буюртмани эгасига етказиб беради.

Қўй, қорамол боқиш истагидаги фуқаролар эса вилоятдаги наслчилик фермер хўжаликларига бориб, ўзлари танлаган ҳайвонни олиш учун шартнома тузади, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, уларни олиб кетиши мумкин. Бириктирилган банк шартномага асосан кредит маблағини хўжаликка ўтказиб беради. Иссиқхона барпо этиш истагидаги кишилар хонадонларига махсус агрофирмалар томонидан барча талабларга тўла жавоб берадиган иссиқхоналар қуриб берилмоқда. Умуман, барча йўналишларда мана шундай тартиб жорий этилган.

Кредит олмоқчи бўлган фуқаролар ариза билан маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда ҳудуд сектор раҳбари тавсиясига асосан ҳеч бир монеликсиз кредит олишмоқда. Мазкур жараёнларда оворагарчилик, ортиқча қоғозбозликка асло йўл қўйилаётгани йўқ.

- Маҳалламизда 4 минг 200 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, - дейди Марҳамат туманидаги Миришкор маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни   мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Роҳатой Маликова. -  Айни кунга қадар "Ҳар бир оила - тадбиркор" лойиҳаси доирасида бир неча маҳалладошимиз имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди.

Мазкур маҳалланинг Тандирчи кўчасида яшовчи кам таъминланган оила соҳибаси Дилором Раҳматуллаева 10 миллион сўм кредит эвазига 2 бош зотдор қорамол олиб боқмоқда. Юқори Бешкапа кўчасида яшовчи Нилуфар Жалолова эса 12 миллион сўм кредит ҳисобига 10 бош бош қўй сотиб олиб парваришламоқда.

Қишлоқ аёллари берилаётган бундай имкониятлар учун юртбошимиздан беҳад миннатдор бўлишмоқда.

- Ўз хонадонимда тикувчилик цеҳи ташкил этиб, аёллар либосларини тикяпман, -  дейди Хонобод шаҳри, Фозилмон маҳалласи, Хунармандлар кўчасида яшовчи Гулноза Маъмирова. - Қолаверса, айни кунда 5 нафар ёш қизларга чеварлик ҳунари сирларини ўргатяпман. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаган опа-сингилларимиз фаолияти бўйича юқоридаги каби мисолларни жуда кўп келтириш мумкин.

 

80 мингга яқин оила тадбиркорлик билан шуғулланмоқда

 Айни кунда вилоятда 80 минг-дан ортиқ оила бирор бир йўналишда тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. Бу дегани ушбу оилалар келгусида ўз даромадига эга бўлади, уларнинг турмуш шароитлари албатта, яхшиланади. Энди тасаввур қилиб кўрайлик, бу борадаги ишлар янада кенгайса, қанчадан-қанча муаммоларни  бартараф этишимиз, ҳаётимизни янада фаровон қилишимиз мумкин.

"Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури каттаю кичикни бирдек ҳаракатга келтириб қўйди. Ким билан суҳбатлашманг, тадбиркорлик билан шуғулланиб нафақат оиласига, балки жамият ривожига ҳисса қўшиш ниятида эканлигини билдирмоқда. Айниқса, ушбу дастур аҳоли жуда зич яшайдиган вилоятимизда ўта муҳим масала - бандлик муаммосини ҳал этишда кенг имкониятлар эшигини очмоқда.

 

Фахриддин  ИБАЙДУЛЛАЕВ

Прочитано 2094 раз
Super User

Последнее от Super User