Версия для печати
26 Июль 2018

ҲАЙДОВЧИЛАР ЙЎЛОВЧИЛАРНИНГ ҲАЁТИГА ЖАВОБГАР ЭМАСМИ?

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

мушоҳада

Бир куни зарур юмуш билан вилоят перинатал марказига боришимга тўғри келди.3-йўналишдаги "Дамас" автомашинасига ўтирдим.Ҳайдовчи 25-30 ёшлар атрофидаги йигит экан. Орқада жой бўлмагани сабабли, олд ўриндиқни эгалладим. Ҳалиги машинада кетаяпману, ўзимни игна устида ўтиргандай ҳис қиламан. Йигит автоуловни жуда қўпол бошқарар, ҳуда-беҳудага ёнидаги машиналарни қувиб ўтаверарди. Бир пайт унинг қўл телефони жиринглаб қолди. Йигит телефонни олди, бамайлихотир, худди уйидаги диванда ёнбошлаб гаплашаётгандай, гаплашиб кета бошлади. 5-6 дақиқа ўтиб бўлди ҳамки, йигит телефонини қўяй демайди. Орқа ўриндиқда ўтирган аёл ҳайдовчи йигитни тартибга чақирган бўлиб сўз қотди:

-"Ука, йўлингизга қаранг, бугун ўзи шундай ҳолатга гувоҳ бўли-и-б келаяпман. Опам ўтирган автомашина мана шу матоҳни деб, аварияга учрабди. Ўзингиз "телефонда қисқароқ гаплашинг!" деб ёзиб ҳам қўйибсиз, ўтин ташиб кетаётганингиз йўғ-у", деди.

Бу гап ҳайдовчига ёқмади. У йўлнинг чеккасида шартта тўхтаб олиб, ҳалиги аёлга "ёқмаса, ана, катта кўча, тушинг машинадан, берадиган минг сўм пулизга хўжайинлик қиласиз-а?!" деди.

Ундай кейинги воқеаларни, жанжал пайти оғиздан чиққан хунук сўзларни сиз сўраманг, мен айтмай. Хуллас, яхши кайфиятда кўчага чиқиб, уйга асабий, ёмон кайфиятда қайтдим.

Тўғри, "Дамас" автоуловлари манзилимизни яқин қилаяпти. Ҳатто кечга қолиб кетсангиз ҳам машина тўхтаб қолишидан хавотирга тушмайсиз. Аммо, инсонда, айниқса, ҳайдовчида озгина сабр-тоқат, йўловчиларга ҳурмат, муомала маданияти деган тушунчалар бўлиши керак. Бу мен гувоҳ бўлган биргина ҳолат. Бошқалар ҳам шунга ўхшаш воқеаларга гувоҳ бўлгандирлар, эҳтимол.

"Дамас" ҳайдовчиларнинг аксарияти ёшлардан иборат. Улар гап кўтармайдилар, панд-насиҳатни қулоққа олмайдилар, ниҳоятда асабий ва беқаноатлар. Энг ёмони, арзимаган пул учун гоҳида йўловчиларни ўсал қиладилар. Биронтаси билан баҳслашгудек бўлсангиз, пулингизни юзингизга отади, ва сизни ярим йўлда ташлаб кетади. Айрим киракашлар йўл ҳаракати қоидаларидан яхши хабардор эмаслар. Биронта йўловчи қўл кўтариб тўхтатиб қолса, бўлди, орқа-ўнгига қарамай тўхтайдилар, бир-икки марта пиёдалар ўтиш чизиғи устига тўхтаб олган ҳайдовчилар билан уришиб кетган пайтларим ҳам бўлган.

Наҳотки одам ташиш фаолияти билан шуғулланувчи шахс мана шунақа бўлса?! Наҳотки ҳайдовчилар учун йўловчиларнинг заррача қадр-қиммати ва ҳурмати бўлмаса?! Кейинги  пайтларда содир бўлаётган кўплаб йўл транспорт ходисалари айнан ҳайдовчиларнинг уқувсизлиги, эътиборсизлиги, шошқалоқлиги, машина бошқариш пайтидаги масъулиятсизлиги сабаб юз бермоқда. Ачинарлиси, бахтсиз ҳодисалар оқибатида уларнинг ўзигина эмас, бегуноҳ кишилар ҳам жабр чекаяптилар.

 

Саидахон АҲМЕДОВА,

Избоскан туманидаги

 

28-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Прочитано 2012 раз Последнее изменение 10 Сен 2018
Super User

Последнее от Super User