Бизнинг "Қоратут" маҳалла фуқаролар йиғини шаҳримиздаги маълум ва машҳур гўшалардан бири. 5-кичик даҳа деганда, ҳамманинг кўз ўнгида маҳалламиз марказидаги самолёт-кафе гавдаланади. Бу ер бир пайтлар "Малика" номи билан машҳур бўлган. Ҳудудимиз ободонлаштирилиб, не-не эски иморатлар ўрнида янги, замонавий кўркам бинолар қад ростлади, кафе ва савдо дўконлари очилди, ишлаб чиқариш цехлари ишга туширилди.
Аммо аҳоли маҳалламиз рамзига айланиб улгурган самолётни кўчиришга рози бўлмади. "Бу ҳудудимиздаги илк йирик тадбиркорлик объектидан эсдалик", дейишди. Айни кунда самолёт ичи музей бўлиб қолган, атрофида бошқа кўплаб тадбиркорлик объектлари, бозорча, маиший ва савдо хизмат кўрсатиш шохобчалари ишлаб турибди.
Ҳудудимизда 27 та кўп қаватли уйлар жойлашган. 1822 та хонадонда жами 7 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Юртбошимиз томонидан тадбиркорликка кенг йўл очиб берилаётганлиги, "иш ўринлари яратаман, бандликка ҳисса қўшаман" деган фуқароларга имкониятлар берилиб, давлат томонидан кредитлар ажратилаётганлиги ҳар бир фуқарода меҳнатга муносабат, иштиёқнинг кучайишига туртки бўлмоқда. Кимдир иссиқхона, кимдир савдо дўкони қиламан дейди, кимдир автомобиллар тўхташ жойи яна кимдир гилам ювиш жойи ёки чевархона ва ҳоказо. Тадбиркорлик қилиш истагини билдирган фуқаролар орасида айниқса, аёлларнинг кўплиги бизни қувонтиради. Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, ёшларга имкониятлар яратиб бериш, умуман, "Ҳар бир оила тадбиркор" дастурига мувофиқ фуқаролар йиғинига қарашли ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқдамиз. Тадбиркорлик билан шуғулланаман деган фуқароларга ер ажратиб бериляпти. Ҳудудимиздаги 41-мактабнинг бўш турган биноси ноль қийматда тадбиркор Умида Ашуровага берилди. Қисқа муддат ичида замонавий ва кўркам қиёфа касб этган бинода ёш тадбиркор хусусий нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этди. 1 июнь-болаларни ҳимоя қилиш кунида мазкур хусусий боғча ҳамда капитал таъмирланган "Ниҳол" мактабгача таълим муассасасининг очилиш маросимларини ўтказдик. Ишлаб чиқариш цехи барпо этиб, 5-10 чоғли одамни иш билан таъминлаш ниятидаги фуқароларга ҳам иш бошлаши учун жой ажратиб бермоқдамиз. Бундан ташқари, ҳудудимизда музқаймоқ ва салқин ичимликлар сотишга мўлжалланган дам олиш маскани қурилдию замонавий фавворалар бунёд этилди. Мазкур маскан ҳам шаҳримиздаги энг кўркам ва обод жойлардан бири бўлди, ҳордиқ чиқариб музқаймоқхўрлик қилгани жуда кўп жойлардан дам олувчилар келишяпти. Шунингдек, болалар учун янги ўйингоҳ барпо этилди ва спорт анжомлари билан жиҳозланди, улардан болалар бепул фойдаланмоқда. Ҳудудимизда кўплаб савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари очилган, аҳолига намунали хизмат кўрсатмоқда. Булардан "Теген", "Само текстиль", "Тошкент ош", "Гепомед" кабиларни мисол қилиб келтириш мумкин. Кўп қаватли уйларнинг томлари янгиланди, олдиларига брусчаткалар ётқизилди, замонавий ўриндиқлар, ёритгичлар ўрнатилди. Кичикроқ бўлсада, томорқа хўжалиги ташкил қилганмиз, бу ерда помидор-бодринг, карам, ўсмадан тортиб қалампиргача бор, жамбил-райҳонлар барқ уриб ётибди. Аҳоли ўзи парвариш қилиб ўзи фойдаланяпти.
Қувонарлиси, тадбиркорлик билан шуғулланиб, уч-тўрт сўм ўзидан ортинган одам қўшнисига, ёрдамга муҳтож кишиларга ёрдамлашгиси келаркан. Тадбиркорларимиз меҳр-мурувват кўрсатиш борасида ҳам жуда фаол. Рўзаи рамазон кунларида, ҳайит ва ундан кейинги байрамларда ҳам баҳоли қудрат хайр-саховат кўрсатиб, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олдилар, эҳсон кўрсатдилар.
Маҳалламиз "Обод маҳалла" дастурига киритилган. Йўлларимизга асфальт ётқизилиб, кўчаларимизга замонавий "Кобра" лампочкалар ўрнатилди. Иккала боғча ўртасида ўйингоҳ, хиёбон ташкил қилинди. Кечқурунда кўрсангиз ҳам, кундузгидек чароғон, гўёки "Андижон сити" дейсиз. Буларнинг барчаси юртимиздаги ободлик, тинчлик ва ҳукуматимизнинг халқимиз фаровонлиги йўлидаги амалий ишлари самарасидир.
Гавҳарой ҚЎЙЛИҚОВА,
Андижон шаҳридаги Қоратут маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси.