Версия для печати
25 Май 2018

САЛОМАТЛИК КУШАНДАСИ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

31 май - Бутунжаҳон чекишга қарши кураш куни

Маълумотларга кўра, ер юзида ҳар йили 3 миллион нафардан ортиқ одам тамаки чекиш туфайли ҳаётдан кўз юмади. Яъни, ҳар 13 сонияда 1 нафар, ҳар 1 минутда 5 киши кашандалик сабабли вафот этади. Тамаки туфайли рўй берадиган ўлимлар сони бошқа гиёҳванд моддаларга нисбатан 13 баравар кўп. Шунинг учун ҳам кашандалик саломатликнинг кушандаси ҳисобланади.

Биргина тамаки тутунида      соғлиқ учун зарарли 4 минг хил модда борлиги аниқланган. Таркибида заҳарли моддалардан миқдори энг кўплари - никотин ва унинг алкалоид қолдиғи, таркибида саратонни пайдо қилувчи бензопирин моддаси бўлган қатрон, нитрозолин, арсеник, олтингугурт каби моддалар инсон қонига сўрилгандан сўнг, организм фаолиятини  сустлаштиради. Агар 100-120 миллиграмм никотин томир орқали танага юборилса, инсон шу заҳоти ҳаётдан кўз юмади. Ана шунча заҳар 2 қути тамакида мавжуд.

"Нима учун икки қути сигаретни бир кундаёқ чекиб қўядиган одамлар заҳарланмаяпти?" деган ҳақли савол туғилиши мумкин. Бунга биринчи сабаб: чекувчи сигаретни ёқиб тутунини тортганда, никотинни бир қисми танага, бир қисми тутун билан ҳавога учади. Иккинчи сабаб: чекувчи икки қути сигаретни кун давомида битта-биттадан чекади. Учинчи сабаб: никотин моддаси томирдан эмас, балки нафас билан аввал ўпкага, ундан сўнг қонга сўрилгани учун аста-секинлик билан заҳарланади. Бир дона сигарет чеккан одамнинг юрак уриши тезлашади. Юракнинг  фаолияти оғирлашади. Қон босими ошади. Демак, сигарет тинчлантирувчи эмас, организмни танг ҳолатга солувчи ҳисобланар экан.

Кашанданинг куч-қуввати чекмайдиган кишиларга нисбатан камайиб бораверади. Узоқ йиллар давомида тамаки чеккан киши вужудида жуда кўп касалликлар пайдо бўлади. Иштаҳаси бузилади, озиқ моддаларнинг ҳазм бўлиши сусаяди. Сурункали гастрит ва ошқозон яраси пайдо бўлади. Қизилўнгач саратони, йўтал, ортиқча балғам йиғилиши, сурункали бронхит, сийдик йўллари ва замбуруғли касалликларга чалиниш эҳтимоли юқори бўлади.

Жигар ва ҳиқилдоқ саратонига чалинганларнинг 90 фоизи кашандалар ҳисобланади. Кашандалар уйқусизликдан қийналади,    шунингдек, тамаки терининг эрта қаришига ҳам олиб келади. Сигарет чеккан инсон ўз хоҳиши билан ўлим сари аста-секин одимлаб боради.

Инсон боласи ҳеч қачон ноқобил бўлиб дунёга келмайди, ноқобил бўлиб вояга етади. Тарбиядаги эътиборсизлигимиз фарзандларимизнинг ноқобил бўлиб вояга етишига замин яратмасин. Боладаги ўзгаришларни биринчи бўлиб пайқовчи - она ҳисобланади. Иккинчиси устозлар, учинчиси маҳалладир. Фарзандларимиз кашандалик иллати домига тушиб қолмаслиги, соғлом турмуш тарзи         тамойилларига амал қилиб, бахтли ҳаёт кечириши учун уларнинг хатти-ҳаракатидан огоҳ бўлайлик.

Тамакининг зарари, чекишнинг салбий оқибатлари ҳақида фарзандларимизга, ёшларга кенгроқ тушунча берайлик, зеро улар кашандаликнинг асл моҳиятини англаб етсин. Барчамиз бирлашиб бу зарарли иллатга қарши курашсак, авлодларимиз саломатлиги, фарзандларимизнинг ҳар томонлама етук инсон бўлиб вояга етишларига замин яратган бўламиз.

 

Тўлқиной РАҲМОНҚУЛОВА,

 

Булоқбоши туманидаги 26-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Прочитано 2227 раз Последнее изменение 18 Июнь 2018
Super User

Последнее от Super User