Муаллимлик касбларнинг энг машаққатлиси. Устозсиз, мураббийсиз ҳеч қайси соҳа вакили камолотга эриша олмайди. Халқимизда "Устоз отангдек улуғ" деган ҳикмат ҳам бежиз айтилмаган. Ота-она фарзандни дунёга келишига сабаб бўлса, устоз унга маънавий-маърифий озуқа беради, касб-ҳунар ўргатади. Бу эса инсонни икки дунё саодатига, олий мақомларига кўтаради.
Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в) бир ҳадиси шарифларида ўзидаги билим ва ҳунарни бошқаларга ўргатувчи инсонлар ҳақида: "Албатта, Аллоҳ таоло унинг фаришталари, самовот аҳли, ҳаттоки, кавакдаги чумоли, денгиздаги балиққача барчалари яхшилик ўргатувчи кишига саловат айтиб турадилар", деб марҳамат қилганлар.
Қайси бир инсон бирор устоздан таълим олган ёки ҳунар ўрганган бўлса, ул зотнинг ҳурматини жойига қўйиши ва ҳаққига доимо дуода бўлишлиги муҳимдир. Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам (р.а) шундай дейдилар: "Мен устозим Ҳаммоднинг ҳурматидан унинг уйи томонга ҳеч оёғимни узатмадим. Унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан буён қачон намоз ўқисам, албатта, отам билан унинг ҳақига истиғфор айтаман. Зотан, менга таълим берган ёки бирор нарса ўргатган киши учун истиғфор айтаман" деган эканлар.
Инсонларга яхшиликни ўргатувчи, ёмонликдан қайтарувчи, илм-ҳикматдан таълим берувчи устоз ва мураббийларнинг борлиги Аллоҳ таолонинг улуғ неъматидир. Ҳозирги кунда юртимиздаги барча таълим муассасаларида ёшларга турли соҳалар бўйича таълим бераётган устозлар хизматини алоҳида эътироф этиш керак.
Юртимизда истиқлол шарофати билан устоз ва мураббийларни улуғлаб, 1 октябрь - "Ўқитувчи ва мураббийлар куни" деб эълон қилинган. Бугун дунё илмларини бойитиб ёшларимизга турли соҳаларда сабоқ бериб келаётган устозларимиз борлигидан фахрланамиз.
Азиз юртдошлар! Фарзандларимиз тарбиясига бефарқ бўлманг. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) муборак ҳадисларининг бирида "Киши ўз фарзандига молу давлат қолдиришдан кўра чиройли тарбия қолдиргани яхшироқдир", деганлар. Шундай экан, азиз дилбандларимизга чиройли тарбия, билим бераётган муҳтарам устоз ва мураббийларни касб байрамлари билан муборакбод этамиз.
Салимжон ШОКИРОВ,
Андижон шаҳридаги "Хонақо" жомеъ масжиди имоми.