Пандемия ва поклик
Коронавирус пандемияси дунёдаги барча давлатлар аҳолисини, ҳатто, энг ривожланган давлатларни ҳам қийин аҳволга солиб қўйганига гувоҳ бўлдик.
Пандемия туфайли нафақат ижтимоий ҳаётимизда, балки ибодат ва зиёратларимизда ҳам қатор таъқиқлар қўйилди. Бундан кўзланган асосий мақсад, касаллик юқиши ва тарқалишининг олдини олиш бўлди.
Таъкидлаш жоизки, бу борада қатор масалалар юзасидан Ўзбекистон Уламолар кенгашининг тегишли фатвоси ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тавсиялари эълон қилинди. Диний идора, қолаверса, ҳукуматимиз томонидан юртдошларимизнинг хавфсиз шароитларда ибодат қилишлари, намоз ўқишларини таъминлаш учун зарур чоралар кўрилди.
Кўрилган ана шу чора-тадбирлар, айниқса, соғлом турмуш тарзига риоя этилиши кўплаб муаммоларнинг олдини олди.
Соғлом турмуш тарзининг асосий талаби аслида кишининг ўз саломатлигини, жонини сақлаш, авайлаш демакдир. Шахсий гигиена эса тани жонини пок асраш, тўғри овқатланиш, баданни енгил ва фойдали ҳаракатлар билан тарбия қилишдир. Бу динимизда тозалик, поклик ибораси билан таърифланади.
Муқаддас ислом динида поклик долзарб масала сифатида алоҳида таъкидланган. Покликни Аллоҳ дўст тутишлиги оятлар билан башорат қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда "Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар" деб, марҳамат қилган.
Абу Молик ал-Ашъарий (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Поклик имоннинг ярмидир", дедилар (Имом Муслим ривояти). Бу буюк динимизнинг покликка, озодаликка чорловига яққол далилдир.
Мўмин-мусулмон киши доимо тоза кийим-бошда бўлиши, покиза юриши соғлигининг гарови ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда "либосларингизни покланг" деб буюрган.
Овқатланишдан аввал ва кейин албатта қўлларни ювиш даркор. "Тиб қонунлари" китобида қўлни ювиш, саломатлик гарови эканлиги жуда кўп бор зикр этилган. Қолаверса, муборак динимизда ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилади.
Салмон Форсий (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Таомнинг баракаси ундан олдин ва ундан кейин қўл ювмоқдир", деганлар (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоятлари). Ушбу тарғибларга амал қилмаслик нақадар хатарли эканлиги, айниқса, пандемия даврида яққол кўринди. Асосан, тозаликка, ўзини авайлашга эътиборсиз бўлганлар касалликка чалинди. Бундан албатта, ўзимизга хулоса чиқариб олишимиз керак. Агар биз тозаликка риоя этсак, покликни ўзимизга дастур қилиб олсак, соғлом бўламиз, ҳаётимиз хавф остида қолмайди. Охиратда эса Яратганнинг ажр-мукофотига сазовор бўламиз.
Уйқудан олдин ва овқатлангандан кейин, ибодатлардан аввал тишларни мисвок қилиш ҳам хайрлидир. Мисвок барчамизни кайфиятимизни кўтарувчи тиббий кўрсатма, суннати санийянинг тарғиби, ажр-мукофотнинг омили саналади. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мисвок қилиш ҳақида санаб ўтган фойдаларини ўн бешдан зиёд ҳадиси муборак таърифида кўриш мумкин. Қуйида биргина ҳадисдаги таърифга қулоқ тутайлик, биргина мисвок қилишлик Роббимизнинг розилигига муяссар қилади.
Оиша(р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мисвок оғизни покловчи ва Роббини рози қилувчидир", дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Соғлом турмуш тарзи ҳозирги пандемия даврида кишига жуда катта парда, ўзини-ўзи асраш-авайлашдир. Коронавирус хасталигини юқтириб олиш хатари таҳдид солиб турган бугунги кунда соғлом турмуш тарзига амал қилайлик. Бу билан ўз саломатлигимизни, жонимизни асраймиз, қолаверса, Аллоҳнинг ажру савобига муяссар бўламиз.
Баҳодиржон СУЛАЙМОНОВ,
Асака туманидаги "Файзиобод" жоме масжиди имоми.