Пайғамбаримиз Муҳаммад(с.а.в.)болаларга нисбатан ниҳоят даражада меҳрли эдилар. Кунларнинг бирида "Сиз болаларни ўпасизми?"- дея сўраган бадавийларга "Ҳа" - деб жавоб бердилар.Улар эса "Аллоҳга қасамки, биз болаларимизни ўпмаймиз",- дедилар.Уларга жавобан Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дедилар: "Аллоҳ сизларнинг қалбингиздан раҳматини кесиб қўйган бўлса, мен нима ҳам қила олардим?"
Жиддий, виқорли бўлсаларда, болалар билан шунчалик ҳазиллашар эдиларки, сафдошлари У кишини "болалар билан энг кўп ҳазил қиладиган киши", - дейишарди. Тилларини набиралари Ҳасанга кўрсатиб, уни кулдирар эдилар. Ансор розиаллоҳу анҳу ёшлигида Расулуллоҳ оғизларига кўзадан сув олиб, унинг юзига сепганларини ривоят қилган.
Кунларнинг бирида меҳмонга кетаётган ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) у ерга набираларини ҳам олиб бормоқчи бўлиб, болакайни бошқа болалар орасидан тутиб олмоқчи бўладилар. Ёш Ҳусайн эса ўнгга, чапга қочиб тут-қич бермайдилар.Шунда Пай-ғамбаримиз (с.а.в.) ҳам набираларини тутиб олгунча ўзларини худди ёш боладек ўнгга-чапга олиб қувгандек бўладилар.Ушлаб олгач эса бир қўлларини боланинг энсасига, бир қўлларини даҳанининг остига қўйиб эркалаб, ўпиб "Ҳусайн мендандир, мен ҳам Ҳусайнданман", - дедилар.
Икки набираларини устларига миндириб, тўрт оёқлаб юриб, уларни ўйнатар эдилар. Кунларнинг бирида ҳазрати Аббоснинг завжалари Умму Фазл набираларидан бирини Расулуллоҳга тутқазади. Бола У кишининг кийимларини хўл қилиб қўяди. "Расулуллоҳга зиён етказдинг", - деб боланинг елкасига урган Умму Фазлга ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.): "Аллоҳ хайрингни берсин, ўғлимнинг жонини оғритдинг", - деб танбеҳ берадилар. Абу Умайр исмли болакайнинг хафалигини кўриб эса, у билан суҳбатлашиб, кўнглини оладилар.Унинг кичик қушчаси бўлиб, шу қушчаси ўлгани учун хафа эканлиги маълум бўлади.Бундан кейин ўша болани ҳар кўрганларида "Эй Абу Умайр, кичик қушчанг нима бўлди?" - деб сўрар эдилар.
Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) ёш болаларга нисбатан ана шундай зийрак, аҳамиятли ҳамда меҳр-шафқатли эдилар.
Ҳайрулло СУЛАЙМОНОВ,
Андижон шаҳридаги "Пистамозор" жомеъ масжиди имоми.