+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ТАРИХНИНГ ЭНГ КУЧЛИ ЗИЛЗИЛАЛАРИ

(46-сон) Билиб қўйган яхши

Зилзилалар, асосан ер куррасининг учта сейсмик камарида бўлиб туради. Улар Тинч океани, Ўрта ер денгизи - Осиё ва Ўрта Атлантика сувости тоғ тизмалари сейсмик камарларидир.

Тинч океани - сейсмик камарига дунёда бўладиган жами зилзилаларнинг тахминан 80 фоизи тўғри келади. Уларнинг маркази континент ва океан ер қобиқлари туташган минтақаларда жойлашган.

 

Ўрта ер денгизи-Осиё - сейсмик камарида тахминан 15 фоиз зилзилалар содир бўлади. У ғарбда Атлантика океани қирғоқларидан бошланиб, Ўрта ер денгизи, Кавказ, Марказий Осиё минтақалари орқали жанубий-шарқ йўналишида давом этиб, Тинч океани билан туташади.

Қадим даврлар ва яқин ўтмишда содир бўлган кучли зилзилалар инсониятга катта талофатлар етказгани кузатилган. Масалан, 1556 йил Хитойдаги Шанси зилзиласидан 830 минг, 1737 йил Ҳиндистондаги Калькутта зилзиласида 300 минг, 1923 йил Япониядаги Кантода 142 807, 1970 йил Перуда бўлган зилзилаларда 70 минг, 1976 йил Хитойдаги Тяньшан зилзиласида 240 минг киши ҳаётдан кўз юмган. Зилзила даҳшатларини тасаввур қилиш учун яқиндагина  Японияда, Хитойда, Ҳиндистонда, Эронда, Туркияда бўлиб ўтган зилзилаларни ёки 1948 йилги Ашхобод, 1949 йилдаги   Хайит зилзилаларини эслаб ўтиш кифоя. Табиий офат юз минглаб одамларни ҳаётдан олиб кетган.  Умуман, инсоният тарихида кучли зилзилалар кўп бор содир бўлган. Қуйида уларнинг айримлари ҳақида маълумотлар келтириб ўтамиз.

Тибет-Ассамда 1950 йили юз берган зилзиланинг кучи 8,6 балга тенг бўлган. Ушбу зилзила оқибатида 1500 киши нобуд бўлган. Унинг таъсири Хитойнинг Сичуан, Юннан вилоятлари, ҳатто Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳрида ҳам сезилган. Ер кўчиши оқибатида дарёларнинг йўли тўсилган ва сув тошқини кўплаб қишлоқларни вайрон қилган. Тибетда юзага келган ушбу зилзила Ассам номи билан машҳур бўлган.

 

Суматра ороли шимолида 2005 йили 8,6 баллик зилзила юз берган. Мингдан ортиқ киши ушбу офатдан ҳалок бўлган ва юзлаб инсонлар тан жароҳати олган. Кўплаб талофатлар Индонезиянинг Суматра шимолидаги Нияс минтақасида  бўлган. Зилзила маркази  Ҳинд океани тубида бўлган.

 Альяскадаги Рат оролларида 1965 йили юз берган 8,7 баллик зилзила ўта даҳшатли бўлган. Зилзила баландлиги 10 метр бўлган цунамини  юзага келтирган. Шиддатли зилзиланинг зарарлари у қадар кўп бўлмаган. Зеро, у аҳоли кўп яшамайдиган,  узоқ Алотиян оролида юзага келган. Цунами таъсири ҳатто Япония қирғоқларида ҳам сезилган.

Эквадорнинг денгиз билан туташ қирғоқларида 1906 йилда юз берган 8,8 баллик зилзила ҳам катта талофатлар келтирган. Унинг оқибатида кучли цунами вужудга келган, қурбонлар сони 500 дан 1500 нафарга етган. Цунами Марказий Америка соҳиллари бўйлаб чўзилган ва унинг таъсири Франциско ороллари, ҳатто Японияга етган. Ушбу зилзила Назако ва Жанубий Америка туйнукларида юзага келган.

2010 йилда Чилининг Майола минтақасида содир бўлган 8,8 баллик зилзила ҳам катта талофат ва қурбонларга сабаб бўлган. Шу ўринда таъкидлаш керакки, Чили дунёда энг кўп зилзилалар кузатиладиган мамлакат ҳисобланади. 2010 йилдаги зилзила оқибатида 700 киши ҳалок бўлиб, 220 минг аҳолининг турар-жойлари вайрон бўлган. Зилзила етказган иқтисодий зарар эса 30 миллион долларни ташкил этган.

 Россиянинг Камчатка ярим оролида 1952 йилда 9 баллик зилзила юз берган. Дунёда биринчи бор 9 баллик кучга эга зилзила Камчатканинг шарқий соҳилларида юз берган. Бу  зилзила  баландлиги  13 метрга етадиган цунамини келтириб чиқарган ва Калифорниянинг Корсент шаҳрига қадар етиб борган.  Қурбонлар бўлмаган бўлса-да, ушбу зилзила Гавайи ороллари иқтисодиётига 1 миллион долларлик зиён етказган. 1923 йилда ҳам  Камчаткада 8,5 баллик зилзила юз берган эди.

Япониянинг шарқий Ҳонсью соҳилларида 2011 йилда 9 баллик зилзила содир бўлган. Ушбу зилзила кучли цунамини келтириб чиқариш натижасида қарийб  29 минг киши нобуд бўлган. Япониянинг атом электр  станцияларидаги айрим ядро реакторлар ҳам ушбу зилзиладан зарар кўришади. Бу Япония тарихида юз берган энг кучли зилзила ҳисобланади.

Шимолий Суматранинг ғарбий қирғоғида 2004 йилда  9,1 баллик зилзила юз берган. Ушбу зилзила натижасида юзага келган цунами оқибатида Жануби - Шарқий Осиё ва Африка шарқидаги 14 мамлакатда 227 минг нафардан зиёд  киши ном-нишонсиз йўқ бўлиб,  1,7 миллион киши  бошпанасиз қолган. Ушбу зилзила юзага келтирган цунами тарихдаги энг кучли цунами сифатида қайд этилган.

Альяскада 1964 йили 9,2 баллик зилзила юз берган. Ушбу кучли зилзила ва у келтириб чиқарган цунами оқибатида 128 киши ҳалок бўлган, 311 миллион доллар миқдорида иқтисодий  зарар кўрилган. Зилзила марказидан 120 километр узоқликда бўлган  Анкориж шаҳрига катта талофат етган. Ернинг силкиниши 3 дақиқа давом этган.

 Чилида 1960 йили 9,5 баллик зилзила юз берган. Дунёдаги энг кучли зилзила  сифатида қайд этилган ушбу зилзила оқибатида 5000 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлган,  миллионлаб  инсонлар бошпанасиз қолган. Зилзила вужудга келтирган цунами оқибатида Гаитида 61, Японияда 138 ва Филиппинда 32 киши ҳалок бўлган.

Ўзбекистон ҳам юқори балли зилзилалар бўлиб турадиган сейсмик жиҳатдан фаол ҳудудлардан ҳисобланади.

Тарихий маълумотларга қараганда, 838-839 йилларда Фарғонада, 942 йилда Бухорода, 1208-1209 йилларда Урганчда, 1490 йилда Самарқандда, 1494 йилда Наманганда, 1620 йилда  Ахсикентда, 1821-1822 йилларда Бухоро ва Самарқанд яқинида, 1902 йилда Андижонда, 1966 йилда эса Тошкентда кучли зилзилалар бўлиб ўтган. Булар орасида энг кучли зилзилаларга тўхталиб ўтамиз:

Ахсикент зилзиласи. Зилзила 1620 йилда Намангандан 5-15 км.  жануби-ғарбда содир бўлган. У қадимий шаҳар Ахсикентни тўла вайронага айлантирди. Шаҳар кейин қайта тикланмаган. Ҳозирда шаҳар қолдиқлари сақланган холос.

Андижон зилзиласи. Андижонда 1902 йили содир бўлган 9-10 баллик зилзила халқимиз бошига тушган энг қора кунлар ва аянчли воқеаларга сабаб бўлган. Зилзила туфайли ўша пайтда шаҳар тўла вайрон бўлган. Минглаб одамлар халок бўлган ва бошпанасиз қолган.

Тошкент зилзиласи.1966 йилнинг 26 апрелида соат 5 дан 23 дақиқа ўтганда рўй берган. Ўчоғи ер сатҳига яқин бўлгани сабабли 8-9 балли силкинишлар кузатилган. Кўплаб бино ва иншоотлар жиддий талофат кўрди. Ер силкиниши 10-12 сония давом этди. Ушбу зилзилада қурбонлар сони камлиги эса силкинишларнинг бўйлама бўлганлиги билан изоҳланади. Бўйлама тебранишларда бинолар бирданига йиқилмайди. Аммо ҳодисадан кейин юрак ва асаб хасталиклари туфайли қурбонлар сони кўпайган. 

Назирахон ДАДАБОЕВА,

 

вилоят ФВБ мутахассиси.