+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 09 Май 2020
    Инсонпарварлик карвони Сирдарёга йўл олди
    Бугун бутун халқимизнинг асосий эътибори "Сардоба" сув омборида юз берган тошқин асоратларини бартараф этишга, сув тошқинидан азият чеккан юртдошларимизга ёрдам кўрсатишга, уларни моддий ва маънавий…
  • 09 Май 2020
    Асл бойлигимиз соғлигимиз, тинчлигимиздир
    Оғир дамлар келганда асл инсонларгина бир-бирини қўллайди. Меҳр-оқибат шундай кунларда янада билинади, қадрли бўлади. Дарҳақиқат, вирусга қарши меҳри дарё халқимиз бирдамликда ҳаракат қилмоқда. Буни Хонобод…
  • 29 Апр 2020
    ХАРИДОРЛАРГА СИФАТЛИ НОН ЕТКАЗИБ БЕРИЛМОҚДА
    Андижон шаҳрида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркор "Бобохўжаев Шуҳратбек" томонидан ташкил этилган нон цехида бир неча йиллардан буён аҳолига қолипли нон ва бир неча турдаги…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Чимилдиқ - ҳаё остонасига тутилган бахт қўрғони

Мулоҳаза

Шаҳардаги узоқроқ қариндошларникига тўйга боргандим. Тўйхонадан сўнг келин-куёв билан биргаликда уйга келдик. Бу ерда тўйдан кейинги маросим, яъни "юз очди" маросими ўтказилса керак, деб ўйладим.

Бир талай хотин-халаж келинчакнинг сепини кўргани кирдик. 2 та хона экан. Битта катта зал ва кичикроқ ётоқхона. Иккала хона ҳам завонавий безатилган, қимматбаҳо пардалар осилган, аммо,  келинчакнинг уйида чимилдиқ йўқ.  Ўзимча уй тўрисига тутиладиган, келинчакнинг бахт қўрғонини қидиряпман. Ёнимдаги қиздан "Чимилдиқ кўринмаяптими, куёв келинчакни чимилдиққа обкириб қўймайдими?" дея сўрадим.

"Ана-ку опа!" - деди қиз ва пардага ўхшаш матоҳга ишора қилди. Белда айлантириладиган спорт халқасида юпқа матоҳдан Фатага ўхшаш ёпқич.  "Импортнийда бу, ҳозир фақат шунақасидан тутишяпти", деди қиз изоҳ бериб.

Момо-ю бувиларимиз азалдан сарполар аввалида ният қилиб аввал чимилдиқ тайёрлашган. Чимилдиқни кашталар билан безатиб унга яхши ният билан ўғил ва қиз боланинг дўпписи ёки бирор кийимчасини, туморларни осиб қўйишган. Чимилдиқнинг икки тори - ипларига қўш қошиқлар тугишган; бунинг маъниси келажакда шу икки ёшнинг, оиланинг ризқ-насибали бўлишларини тилаш белгисидир. Тумор кўздан асраса, ўғил ва қиз боланинг кийими фарзанд тилаб турган. Чиллали уйда тиланган барча орзу ниятлар албатта, ижобат бўлади. Қирқ кунда уй тўридан чимилдиқ йиғиб олинишининг маъниси эса янги келин-куёвни ёт назардан асраш билан бирга, бад ниятли иримчилар хатлаб ўтолмайдиган чегара вазифасини бажарган.

Бугун яхши-ёмонни, дўст-душманни ажратолмайдиган бўлиб қолганимизга ўзимиз ҳам ечим тополмаётгандекмиз. Шоҳи сўзаналардан тутиладиган чимилдиқларда ҳаё ила куёвни кутадиган келинчак қизларимиз бугун  "орзу ҳаваслар"  қурбонига айланган.

Ҳозирги замонавий тўйларимизда "юз очди" маросимлари ҳам тўйхонада ўтказиляпти. Бу бир томондан яхши, ортиқча оворагарчилик, қудаларни меҳмон қилиш ташвишидан қутулади киши. Аммо, "юз очди" дан мақсад фақат қудаларни меҳмон қилиш эмасди-да. Келинчакни чимилдиқдан олиб чиқиб, «юз очди» маросими бошланар, келиннинг қўлига ун, гурунч, ёғ солинар, юзидаги рўмоли олиниб куёвнинг оиласига таништириларди. Қайнона-қайнота икки ёшга дуойи фотиҳа берар, келинчак ёш болаларга рўмолча тарқатарди. Бу маросим, урф-одатларнинг ўзига хос маъноси бор эди. Аммо, тўйхонада ўтказиладиган "юз очди"ларда европача либосдаги келинчакнинг қўлига ҳеч ким ун-ёғ солмайди, этагига бола тутмайди, юзидаги рўмоли олинмайди. 

Айрим янгиликка ўч, замонавийликка интилган ёшлар, ёш қайноналар негадир кейинги пайтларда ота-боболаримиз, бувиларимизнинг тўй маросимларидаги азалий урф-одатларига шунчаки кўр-кўроналик билан ёндашаётгандек туюлади. Аслида эса бу урф-одатлар тагзамирида миллий қадриятларимиз, ўзлигимиз мужассам.

Аслида тўй куни келиннинг поёндоз босиб остонадан кириши, таъзим қилиши, қайнона ва қайнота қўлидан кўрмана олиши чиройли ва ҳеч қачон эскирмас урф-одатларимиз эмасми? Айниқса, чимилдиқ - ҳаё остонасига тутилган бахт қўрғони. Бу қўрғонга меҳмон бўлишни ҳар бир балоғат остонасидаги қиз орзу қилади.

Бизнинг ҳар қандай миллат кўрса ҳавас қиладиган ўзига хос удумларимиз, урф-одат, анъана ва қадриятларимиз бор. Шундай экан, замонавийлик дея аталаётган "оммавий маданият" кўринишлари ўзлигимизга соя солмасин!

Муборак МИНГБОЕВА,

Балиқчи туманидаги 34-умумтаълим мактаби

 

 хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.