+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

13 Март 2017

МУЛОҚОТ ХАЛҚ ИШОНЧИНИ ОШИРМОҚДА

 

(9- сон) 2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича оилалардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни ўрганиш мақсадида бир қатор масъул ташкилотлар вакилларидан иборат республика ишчи гуруҳи ташкил этилган бўлиб, айни кунда ишчи гуруҳ аъзолари раҳбарлигида вилоятимизнинг туман ва шаҳарларда фаолият юритаётган ишчи гуруҳлари томонидан белгиланган ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Норбоева, вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова иштирокида Олтинкўл тумани ишчи гуруҳи фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ўтказилган йиғилишда вилоят, Олтинкўл тумани ҳокимликлари вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари қатнашдилар.

Йиғилишда Президентимиз раҳнамолигида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, уларнинг орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ва ҳал этишда халқ билан мулоқот тизимини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

- Туманимиздаги 56 та маҳалла фуқаролар йиғинида  45 мингдан зиёд оила мавжуд, - дейди Олтинкўл тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Муқаддас Султонова. -  Оилалардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни ўрганиш бўйича ташкил этилган туман ишчи гуруҳ томонидан оилаларнинг ўз даромадларини ошириш борасидаги имкониятлари ўрганиб чиқилмоқда, бирор бир йўналиш бўйича тадбиркорликни йўлга қўйишлари учун уларга амалий ёрдам кўрсатилиб, банклардан кредит олишларига кўмаклашилмоқда. Аҳоли вакиллари билан бевосита мулоқотларда қатор муаммолар ҳал этилмоқда, ўз ечимини топмаётган масалаларни ҳал этиш бўйича эса мутасадди идораларга таклиф ва тавсиялар юборилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Норбоева Чўнтак маҳалла фуқаролар йиғинидаги бир қатор оилаларга кириб, уларнинг турмуш шароитлари билан танишди, аҳоли вакиллари билан мулоқотда бўлди. Бундай мулоқотлар аҳолининг давлатимизга бўлган ишончини янада оширмоқда.

- Яқинда "Микрокредитбанк" туман бўлими томонидан тақдим этилган 4 миллион 900 минг сўм кредит ҳисобига 100 дона товуқ, уларни парваришлаш учун зарур жиҳозлар сотиб олдим, - дейди хонадон соҳиби Хасанбой Шамсуддинов. - Асосан деҳқончилик билан шуғулланаман. Берилган имкониятдан фойдаланиб, қолаверса, хонадонимизда шароит мавжудлиги учун ҳам паррандачилик билан шуғулланишга астойдил киришдим.  Ёш оиламиз, турмуш ўртоғим уй бекаси, 2 нафар фарзандимиз бор. Бошлаган янги ишимиз оиламизга яхшигина даромад келтиришига ишонаман.

- Бугун юртимизда бирор бир фойдали иш билан шуғулланаман, деган кишига кенг имкониятлар яратиб берилмоқда, - дейди Шуҳратой Умаров. - Хонадонимизда 3,5 сотих майдонда иссиқхона ташкил этганмиз. Кузда саримсоқпиёз экканмиз. Ҳозирда етилганларини бозорга олиб чиқиб сотяпмиз, апрель ойида ерни бўшатиб, кузги помидор, остига резавор кўкатлар экамиз. Шу тариқа иссиқхонадан йилига икки марта ҳосил оламиз, даромадимиз эса 12-15 миллион сўмни ташкил этади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Норбоева шу куни Андижон туманидаги Оқёр саноат касб-ҳунар коллежида, Истиқлол маҳалласида, "Водий фаровон текстил" масъулияти чекланган жамиятида аҳоли, хотин-қизлар вакиллари ва ёшлар билан ҳам мулоқотда бўлди.

Истиқлол  маҳалласи ўрамида иш олиб бораётган  "Водий фаровон текстиль" масъулияти чекланган жамиятида айни кунда 50 нафар хотин-қиз меҳнат қилади. Мазкур корхонада бўлиб ўтган учрашувда  аёллар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш, умуман, оилалар даромадини ошириш, шу орқали аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Избоскан туманидаги мурувват уйида, Балиқчи туманидаги индустриал-педагогика касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган учрашувларда эса хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, таълим-тарбия самарадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, иқтидорли қизларни қўллаб-қувватлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларнинг турли иллатлар, "оммавий маданият" кўринишлари таъсирига тушиб қолишларининг, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, ёш оилаларни мустаҳкамлаш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.

- Ушбу учрашувдан жуда катта таассурот олдик, - дейди Балиқчи индустриал-педагогика касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Мадинабону Аслиддинова. - Биз ёшлар нафақат, аъло баҳоларга ўқиш, балки жамиятдаги жараёнларда фаол иштирок этиш, турли иллатларга, ёшларга бўлаётган маънавий таҳдидларга қарши курашда ҳам фаол бўлишимиз кераклигини яна бир бор дилдан ҳис этдик. Ишонаманки, мазкур учрашувда иштирок этган ҳар бир тенгдошим ўз фаоллиги билан юртимиз равнақига, она Ватанимизни асраб-авайлашга муносиб ҳисса қўшишга аҳд қилди.

Учрашувда юқорида қайд этилган йўналишлардаги ишлар самарадорлигини ошириш, мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.

Ўтказилаётган бу каби мулоқотлар халқимизнинг давлатимизга, мамлакат раҳбариятига бўлган ишончини янада оширмоқда.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ