+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 28 Дек 2023
    Талабалар ташаббуслари қўллаб-қувватланади
    ёшлар ҳаёти Андижон давлат чет тиллар институтида "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда институтнинг биринчи проректори Ботиржон Аҳмедов талабалар билан мулоқот ўтказди. Дастлаб у…
  • 28 Дек 2023
    Ватан ҳимояси - муқаддас бурч
    Мамлакатимизда ўтказилаётган "Ватанпарварлик" ойлиги доирасида Булоқбоши туманидаги 55- ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида "Ватан ҳимояси - муқаддас бурч" мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Ўқувчи ёшларнинг юртга…
  • 28 Дек 2023
    ҚИЗЛАР ТАРБИЯСИДА КИТОБНИНГ ЎРНИ
    "Китоб - беминнат устоз" деб ёзганди буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий. Дарҳақиқат, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи китобдир. Шунингдек, китоб тарбия…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

15 Сен 2024

ҲАММАСИ НИЯТГА БОFЛИҚ!

Орамиздаги аёллар

Нигором Каримова Марҳамат туманидаги "Марҳаматлик Нигорой даласи" фермер хўжалиги раҳбари, халқ депутатлари туман кенгаши депутати.

Ер билан тиллашиб, бор куч ва ғайратини қишлоқ хўжалиги соҳасига йўналтириб келаётган фермер аёл пахта-ғалладан ҳар йили мўл ҳосил етиштиради, режани 110-120 фоизга бажаради.

...+ишлоқ хўжалиги техникумини тамомлаган Нигоромхон санъаткор йигит - Тўлқинжон билан тақдирини боғлади. Оилада бирин-кетин 4 фарзанд туғилди. Тўлқинжон мактабда мусиқа муаллими, қолаверса, тумандаги тўй-у тантана, байрам тадбирлари усиз ўтмайди. Каримовлар оиласи бахтли, тинч-тотув яшарди. Аммо... Афсуски, ҳаёт фақат қувонч ва шодликлардан иборат эмас.

- Турмуш ўртоғим автоҳалокатга учраб, эрта оламдан ўтгач, ҳаётнинг аччиқ синовларига дуч келдим. Дунё гўё менинг бошимга қулагандек эди.  -   эслайди Нигором опа. - Ёлғиз бошим билан 4 болани энди қандоқ боқаман, нима қилсам фарзандларимнинг ўқиши, камол топиши учун етарлича даромад топаман?, деб ўйланардим. Уч қизим бўй етиб келяпти, ёлғизгина ўғлим эндигина 10 ёшда. Рўзғорнинг ташвишию, турмушнинг машаққатларини ана ўшанда ҳис қилганман.

Бугун жамиятимизда ўз соҳасида муваффақиятга эришган аёллар кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг аксарияти тадбиркорлик йўналишида фаолият юритаётган аёллардир. Чунки тадбиркорликни йўлга қўйишнинг ҳам турлича сабаблари бор. Кимлардир ўзини намоён қилиш учун тадбиркор бўлса, кимлардир эҳтиёж туфайли тадбиркорликни бошлайди. Нигором опанинг ҳам тадбиркорликка эҳтиёжи бор эди. Аммо ишни нимадан бошлашни, қайси соҳада тадбиркорлик қилишни билмасди.

- Бозордан 2 кило картошка-пиёз кўтариб келган аёлмасман. Фақат идорага ишга бориб-келардим. Барча рўзғорликни эрим қиларди, мен эса пишир-куйдирни. Ёстиқдошинг қадрига уни йўқотганда етар экансан, - кўз ёшларини артиб сўзлайди аёл.

Ўзбек аёллари жудаям иродали. Улар ҳаётда не-не қийинчиликка учрамасин, барчасини енгиб ўтишади.  Фақат фарзандлари тинч бўлса, соғ бўлса бас. Нигором опа ҳам фарзандлари учун ўзини қўлга олди. Деҳқончилик илмини яхши билгани боис, фермерликнинг бошини тутди.

-      Жамоа хўжалигида бригадир, табелчи бўлиб ишлаб юрган кезларим қишлоқ хўжалигида анча тажриба тўплагандим. Шу малакам фермер хўжалиги ташкил этишимда қўл келди. Танловда ютиб ер эгаси бўлдим. Мана, 20 йилдирки, ит тинади - қуш тинади, мен тинмайман, - дейди Нигором опа.

Аёлнинг меҳнатлари ўз самарасини бера бошлади. Деҳқончиликлари хайрли келди. Фермер ҳар йили экинларидан мўл ҳосил олди, меҳнатига яраша даромад кўтарди, участкасининг чала қолган қисмини битказди, тўйлар қилди.

-      Ҳақиқатда, бирон марта режани бажармаган йилим бўлмаган. Лекин бу ўзидан-ўзи бўлмайди. Меҳнат қиласиз, сабр қиласиз, Аллоҳга таваккал қиласиз. Шу учаласини бажара олсангиз, марра сизники! - дейди у.

Нигоромхон Каримова ёлғизлик аламини меҳнатдан олди, меҳрини буткул ерга бағишлади. 40 ёшини далаларда ёстиқдошисиз нишонлади у. Ернинг жигарини суғуриб оладигандай шаҳд билан кетмон урди, пешона терлари кўз ёшлари билан қоришиб, эгатларга томчилади. Ҳар кўчатни умид билан, болаларининг орзу-армонларини айтиб суғорди аёл. Ёзнинг жазирамаси, қор-қировли кунларда ҳам далаларини тарк этмади. Ҳар йили кўтариладиган улкан хирмон баракаси ортида унинг кундузлари қилган меҳнатию, кечалари қилган дуоларининг ижобати бор.  

-      Ҳар бир машаққатли меҳнатнинг мукофоти, ҳар бир сабрнинг улкан ажри бор, деганлари рост экан. Фарзандларимни ҳалол меҳнатим билан оёққа қўяман дегандим, мана, бугун орзу қилганларимнинг барчасига эришдим. Катта қизим - издошим, туман бухгалтерия марказида ишлайди, ўртанча қизим -тиббиёт ходими, кенжам - туман ҳокимлигида давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчи, ўғлим эса ички ишлар ходими. Менга шунча имконият яратиб берган давлатимиз, Президентимиздан жуда миннатдорман, - дейди Нигором опа.

Нигором Каримова соҳадаги ютуқлари, фидокорона меҳнатлари учун "Меҳр саховат", "Мустақилликнинг 30 йиллиги", "Илғор фермер" кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Ишбилармон аёллар "Анор-2019" миллий кўрик-танловининг туман босқичи ғолиби. Бир неча бор Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ташаккурномалари ҳамда Андижон вилояти ҳокимининг фахрий ёрлиқларига сазовор бўлган. 

Сабр, матонат, шижоат, келажакка бўлган ишонч Нигором опани бир зум тарк етмади. Минг бир қийинчиликларни енгиб ўтди. Меҳнат қилиб, роҳатини ҳам кўрмоқда. Мавжуд 35 гектар ер майдонининг 10 гектарида оқ олтин етиштираётган миришкор шу кунларда эрта баҳордан қилинган машаққатли меҳнати ҳосилини йиғиб-териб олишга ҳозирлик кўрмоқда.

Нигором опа ҳар тонг  далаларини,  маҳалласини айланади, аҳолининг мурожаатларини тинглаб, муаммоларини ўрганади. Депутат сифатида   Бешмирза маҳалласида 350 ўринли янги мактаб қурилишида, 12 километрлик ички йўлларнинг асфальтланишида ҳам унинг хизматлари бор.

-      Барчага бирдек ёқишнинг иложи йўқ, биламан. Аммо барибир одамларни рози қилсам, кўнглини олсам дейман. Шу юрт - шу халққа озгина бўлса-да нафим тегса бас, - дейди Нигором Каримова. - Ҳадемай теримга тушамиз. Худо хоҳласа,  биринчи теримдаёқ маррага етамиз, иншааллоҳ. Ўтган мавсумда 45 центнердан пахта топширганман, жорий йилда 50 центнерни мўлжаллаб турибман. Буғдойдан ҳам юқори ҳосил олдик. Энг асосийси, ниятимиз яхши, интиляпмиз. Кўп йиллик тажрибамдан келиб чиқиб, кўп нарса ниятга боғлиқ, деган хулосага келганман. Ҳар бир ишга яхши ният билан киришаман.

Моҳичеҳра МАМАТУРАИМОВА,

жамоатчи мухбир.