+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

24 Сен 2020

Меҳри ҳамиша қалбларимизда

Бу ёруғ оламда муаллим каби ўзлигидан кечиб, ўзгани камолга етказишга тайёр бўлган фидойи касб эгаси топилмаса керак. Тан олайлик, ҳеч бир киши шогирдининг бахт-саодати ва толеидан устози каби хурсанд бўлмайди, қалби қувончга тўлмайди. Муаллим сийрати поклик, самимият, садоқат, меҳр-муҳаббат, хуш одобу хушхулқ, беғуборлик, соддадилликка йўғрилиб кетган.

Менинг устозларим аслида жуда кўп. Илк бор ҳарф танитган биринчи устозим, шеъриятнинг бетакрор оламига қизиқтирган адабиёт муаллимам, дунё тилларини ўрганишимга туртки берган инглиз тили ўқитувчим, яна журналистика оламига кириб келишимга сабабчи бўлган устозларим ва ҳоказо. Уларнинг барчаси мен учун азиз ва мўътабар. Ана шу устозларимдан бири - Муҳаммад Юсуф ижод мактаби директори, менинг иқтидор ва имкониятларимни юқори баҳолаган, менга ишонч билдирган устозим Шоҳистахон Нурматовадир.

Шоҳиста опа 1993 йили Андижон давлат университетининг она тили ва адабиёти йўналишини тамомлади. Педагоглик фаолиятини Андижон шаҳридаги 21-умумтаълим мактабида бошлади. Кейинроқ 7-умумтаълим мактабига ишга ўтди. Ижодкорлиги, ўз ишига масъулият билан ёндошиши, креатив фикрлашлари боис, аввалига илмий бўлим мудири, сўнг мактаб директорлигига тайинланди.

Президентимиз фармонига асосан, 2017 йилда Андижон шаҳрида Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган ижод мактаби фаолият бошлади ва Шоҳистахон Нурматова ижод мактабининг биринчи раҳбари этиб тайинланди.

Ўтган йиллар давомида устозимиз Шоҳистахон Нурматованинг қўллаб-қувватлашлари ва саъй-ҳаракатлари билан мактабдаги 46 нафар ўқувчининг ижод намуналари "Умид ғунчалари" номли альманах тўпламдан жой олди, 24 нафар ижодкор  ўқувчи ёшларнинг илк шеърий тўпламлари бепул нашр этилди. Ҳозирда яна 56 нафар ижодкор ўқувчининг шеър, ҳикоя ва бадиалардан иборат тўплами чоп этишга тайёрланмоқда.

- Мақсадимиз, ёш ижодкорларни ҳамиша қўллаб-қувватлаш, уларга соғлом ижодий муҳит яратиш, - дейди Шоҳистахон Нурматова. - Ўқувчиларимизнинг аксарияти ижодкор ёшлар. Келажакда улардан Ватанимиз равнақи учун хизмат қилувчи, она тилимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшувчи олиму фузалолар, таниқли шоир ва адиблар етишиб чиқишига ишонаман.

 "Халқ таълими аълочиси", "Мустақилликнинг 25 йиллиги" ҳамда "Конституциямизнинг 25 йиллиги" кўкрак нишонлари соҳибаси, меҳрибон устозимизнинг кўп йиллик самарали меҳнатлари муносиб тақдирланиб, Истиқлолимизнинг 29 йиллик байрами арафасида у "Соғлом турмуш" медали билан мукофотланди.

Ҳар йили 1 октябрь санасида устозларимизни анъанавий касб байрамлари билан табриклашга одатланганмиз. Гарчи мактабни битириб, мустақил ҳаёт сари йўл олган бўлсак-да, ўқитувчиларимиз ўгитлари доимо қулоғимизда, меҳри эса қалбларимиздан аллақачон жой олиб улгурган. Фурсатдан фойдаланиб, моҳир педагог, жонкуяр раҳбар, салоҳиятли муаллима Шоҳиста опа ва у орқали барча устозларимизни Устоз ва мураббийлар куни билан чин дилдан табриклаймиз.

Мурғак қалбларга зиё улашишдан асло чарчаманг, фидойи устозлар.

Каримжон ИКРОМОВ