+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

27 Авг 2020

ОТАМНИНГ КАСБИНИ ЭГАЛЛАБ КАМ БЎЛМАДИМ

Давримиз фидойилари

Андижон шаҳридаги "Қурувчи - 97" хусусий корхонаси қарийб йигирма уч йилдан буён фаолият юритиб келади. Ўтган йиллар давомида жамият қурувчилари томонидан ўнлаб умумтаълим мактаблари, боғчалар, кўп қаватли, намунали лойиҳалар асосида уйлар ҳамда бошқа кўплаб     объектлар барпо этилди.

Энг асосийси, ана шу  объектлар ўзига хос қиёфаси, сифати, пишиқ-пухта барпо этилганлиги билан барчага бирдек манзур бўлмоқда. Кейинги икки йил ичида корхона қурувчилари томонидан Қўрғонтепа тумани Дардоқ массивида 10 та коттеж, Пахтаобод тумани  Гулистон массивида 24 квартирали кўп қаватли уй, шунингдек, 6-мактабгача таълим ташкилоти барпо этилган бўлса, 19-умумтаълим мактаби капитал таъмирланди.

Жорий йилда корхона қурувчилари Хўжаобод тумани Иттифоқ массивида барпо этилаётган микромассивда бир, икки ва уч хоналардан иборат 5 қаватли уй қурмоқда. Мазкур     массивда бир неча босқичда 35 та, биринчи босқичда 330 квартирали 11 та кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган. Айни пайтда ҳудудда қурилиш ишлари авж паллага кирган.

... Кун иссиқ. Шундай бўлса-да, адир ҳудудидаги қурилиш майдонида ишлар жуда қизғин. Массивдаги Қурилиш штабидан "Қурилиш - 97" хусусий корхонаси объектини сўраганимизда мутасаддилар  микромассивнинг энг юқорисида, томи ёпилаётган уй, дея жавоб беришди.

Техникалар тинмай ишлаётган қурилиш майдонларидан ўтиб, адирнинг энг юқорисида уй томон юрдик. Бу ерда барча ташкилотлар томонидан қурилиш ишлари бир пайтда бошланган бўлса-да, қайсидир уйнинг учинчи, тўртинчи қавати кўтарилаётган бир вақтда "Қурилиш - 97" корхонаси қурувчилари уйнинг томини ёпаётгани эътиборимизни тортди. Бу албатта, ишларнинг тез ва самарали олиб борилаётганлигидан нишона.

Ҳақиқатдан ҳам объектда иш қизғин. Бир гуруҳ қурувчилар бино томини ёпиш ҳаракатида, яна бир гуруҳ ташқи фасадга ишлов бермоқда, ичкари хоналарда эса пардозлаш ишлари авжида.

- Умумий лойиҳа қиймати 5 миллиард 863 миллион сўм бўлган мазкур объектда ишлар 90 фоиз якунига етказилди, - дейди "Қурилиш - 97" хусусий корхонасининг ёш, фидойи ва ташаббускор раҳбари Дилнозахон Тўланова. - Ҳар бир ишнинг сифатли бажарилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Белгиланган ишларни ўз муддатида якунлаш учун ишчилар масъулият билан, сидқидилдан меҳнат қилмоқда. Насиб этса,  уйни яқин кунларда фойдаланишга топширамиз.

Дарҳақиқат, айни кунда 50 нафар доимий ишловчи ишчи-хизматчи, яна 50 нафар мавсумий ишчининг ҳар бири ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан бажармоқда. Жамият раҳбари эса аёл киши бўлишига қарамасдан ҳамиша ишчилар орасида. Иш жараёнида ишчилар билан гаплашади, уларнинг кўнглини кўтаради. Раҳбарнинг ана шу эътибори, самимияти барчани самарали ишлашга ундайди.

Прораб Анваржон Аббосов, бригада бошлиғи Бахтиёржон Ахборалиев ишларни сифатли бажарилишини, барча жараёнлар белгиланган стандартлар асосида амалга оширилишини назорат қилиб боради. 

Кран ҳайдовчиси Турғунбой Болтабоев, пайвандчи Лочинбек Деҳқонов, сантехник Эркинбой Назаров, Маҳмуджон Абдуллаев, Яшнарбек Ҳамрақулов, Файзулло Қодиров, Умиджон Деҳқонов, Шавкатбек Йўлдошев, Иқболжон Тўйчиев каби илғор ишчилар кўпчиликка намуна бўлмоқда. 

-      Уйнинг адир ҳудудида қурилаётганлиги қурувчи ва мутахассислардан катта масъулиятни талаб этади, - дейди Дилнозахон Тўланова. - Чунки, тупроқнинг юмшоқлиги, ўтириб қолиш эҳтимоли юқорилигидан келиб чиқиб, бу борада қатор ҳорижий давлатларнинг тажрибаларини ўргандик, қурилиш ишлари мазкур йўналишдаги илғор технологиялар асосида олиб борилмоқда, ҳар бир жараён мутахассислар томонидан доимий назорат қилиб борилмоқда.

Корхонада ишларни самарали ташкил этиш, ишчиларга қулай шароитлар яратиш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Ишчи-хизматчилар махсус иш кийимлари билан таъминланган, иш жараёнида техника, ёнғин     хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилинмоқда. Иссиқ овқат, дам олиш хоналари ташкил этилган. Ишчиларга ўз вақтида иш ҳақлари бериб борилиши эришилаётган ютуқларда муҳим омил бўлмоқда.

Шу ўринда алоҳида эътироф этиш керакки, корхона раҳбарининг ташаббуси ва саъй ҳаракати билан корхонанинг ўзида шлакоблок, газаблок, акфа эшик-ромлар тайёрлаш цехларини ташкил этиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Бу албатта, барпо этилаётган янги иншоотлар таннархининг янада арзон бўлишига хизмат қилади.

 - Бугун мамлакатимизда биз хотин-қизларга ўз салоҳиятимизни тўлақонли намоён этишимиз учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда, - дейди корхона раҳбари Д. Тўланова. Ана шу имкониятлар самараси ўлароқ мен каби кўплаб хотин-қизлар қурилиш, ишлаб чиқариш, қўйингки, турли соҳаларда самарали иш олиб бормоқда, юртимиз равнақига, халқимиз турмуш фаровонлигининг юксалишига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Аёл киши бўла туриб, қурувчилик касбини танлаганимдан асло афсусланмайман. Чунки мен отамнинг касбини давом эттиряпман. Асли касби қурувчи-архитектор бўлган дадам Латифжон Режавалиев узоқ йиллар Пахтаобод тумани қурилиш ташкилоти раҳбари бўлиб фаолият юритган.

Болалигимдан дадам билан қурилиш майдонларига кўп борар эдим. Техникаларнинг ишлашига катта қизиқиш билан қарар эдим. Кўркам, чиройли бинолар барпо этаётган қурувчиларга ҳавас қилардим. Шукрки, йиллар ўтиб, ўзим ҳавас ва орзу қилган касбда ишлаяпман. Катта ва кўп йиллик тажрибага эга падари бузрукворим маслаҳат беради, билмаганларимни ўргатади.

Мактабни фақат аъло баҳоларга, Андижон машинасозлик институтини қизил дипломга тамомлаганман. Онам Қумрихон Каримова педагог бўлгани учун институтни тамомлаганимдан сўнг мени ҳам шу соҳада ишлашимни истади. Бироқ, ота касбига бўлган қизиқишим устун келиб, 2013 йилдан буён қурилиш соҳасида ишлаб келяпман.

Қурувчилик, отамнинг касбини танлаб асло кам бўлмадим. Касбимдан ҳамиша фахрланаман. Турмуш ўртоғим Дилмуроджон Тўланов ҳар бир ишда мени қўллаб-қувватлаб туради. Ҳозир уч нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказяпмиз. Қизларим Шоира, Диёра ва Сарвинозлар мактаб ўқувчилари.

Ҳа, ҳаётидан бахт топган, ўз ишининг фидойиси бўлган ёш аёл раҳбарлик қилаётгани учун ҳам "Қурилиш - 97" хусусий корхонаси юқори натижаларга эришмоқда, қолаверса, бу жамоанинг фидокорона меҳнатлари, аҳиллиги самарасидир.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ