+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

27 Авг 2020

Балиқчининг россиялик келини

орамиздаги аёллар

Балиқчи туманидаги Авесто маҳалласида яшовчи Любовь Свиридова асли Россиянинг Калининград вилояти, Долгорукова шаҳридан. Йигитлик бурчини ўташ учун армия хизматига борган балиқчилик Мингбой Собиров қиз билан ўша ерда танишади. Қишлоқ йигити эмасми,    Мингбой русча гапиришга қийналарди. Любадан рус тилини ўргатишини сўради. Бундан ташқари, қиз солдатга шаҳарчадан у-бу егулик келтириб, хабар олиб турди. Тез орада дўстлик муҳаббатга айланди. Любахон билан Мингбой бир-бирига ипсиз боғланиб қолишди, сўнг аҳду паймон қилишди.

Хизмат тугагач, Мингбой Любанинг ота-онасидан қизининг қўлини сўради. Розилик олгач, ихчамгина тўй уюштиришди, сўнг биргаликда Ўзбекистонга қайтишди.

Россиялик келин Собировлар оиласи уни яхши қабул қилмаслигидан хавотирда эди. Чунки, минг қилса ҳам қишлоқчилик, бунинг устига Люба ўзга миллат вакиласи. Аммо, Собировлар оиласи сочлари олтиндек товланган, самимий бу рус қизини илиқ кутиб олишди. "Бу ерларда мусофир" деб авайлаб, меҳр кўрсатишди. Шундай қилиб, Любовь Свиридова Собировлар хонадонининг еттинчи келинига айланди.

У овсинларидан аста-секин ўзбекона урф-одатларни ўргана бошлади. Эгнига атлас кўйлак-лозим кийиб, бошига рўмол ўради.

Любахон овсинларига рус миллий таомларидан, овсинлари эса унга ўзбек пазандачилигидан ўргатдилар. Рус келин ҳатто тандирда нон ёпиб, ўчоқда ош дамлашнинг ҳам аста-секин ҳадисини олди.

- Мен бу аёлдан муомала, кийиниш маданияти, дастурхон тузаш, меҳмон кутиш ва кузатиш сингари, аслида арзимасдек туюлган, аммо ҳаётда айни зарур бўлган юмушларни ўргандим, - дейди овсини Роҳатой Собирова. - Йиллар давомида бирон марта сен-менга бормадик. Шу сабаб туғишган опа-сингиллардек бўлиб кетганмиз.

Табиатан серғайрат, меҳнаткаш Любахон келинлик юмушларидан ортиниб, давлат ишида ишлашни, рўзғорнинг кам-кўстини тўлдиришда турмуш ўртоғига ёрдам беришни истади. 1964 йилда Балиқчи туман алоқа бўлимига ишга кирди. Узоқ йиллар телефон-телеграф соҳасида сидқидилдан, ҳалол меҳнат қилди, жамоада ҳурмат қозонди. Унинг меҳнатлари эътироф этилиб, ҳукуматимиз томонидан "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони, "Фидокорона меҳнатлари учун", "Меҳнат шуҳрати" ҳамда       "Халқлар дўстлиги" орденлари билан тақдирланди. Бир неча бор туман кенгашига депутат бўлди.

Мингбой ака ва Люба опа икки фарзандни тарбиялаб элга қўшдилар. Бугун улар 4 невара, 5 чеваранинг бобою бувисидир. Уларнинг тинч, аҳил оиласини балиқчиликлар ҳурмат билан тилга олишади.

Люба опа йиллар давомида  ўзгача муҳит - тили, дини, урф-одатлари, маданияти бошқа одамлар орасида яшади. Шу муҳитга кўникди, шу ҳаёт тарзига меҳр қўйди. Ислом динини қабул қилди. Эрининг ризосига эришди. Шундан буён муқаддас динимиз фарзларини сидқидилдан адо этиб келади. 2008 йилда Маккаи Мукаррамада бўлиб, муқаддас ҳаж зиёратини адо этиб қайтди.

- Ўтган ҳаётимдан мингдан-минг розиман, - дейди Люба опа. - Чунки, турмуш ўртоғим билан жуда бахтли ҳаёт кечирдик. Тўғри, озмунча қийинчиликларни бошдан ўтказмадик. Бироқ, бахтли оила гашти бу қийинчиликларнинг барчасидан устун келди.

Баъзан, рўзғорида барча шарт-шароитлар етарли бўла туриб, ноз-фироқ қиладиган келинлар, қиз томоннинг бойлигига учадиган куёвлар, тирноқ остидан кир қидирадиган қайноналар, умуман, сийқа муносабатларни кўрганимда беихтиёр Люба опа ва Мингбой аканинг оиласи кўз олдимга келади. Мустаҳкам, бахтли ушбу оила ҳаёти ана шундайларга, айниқса, ёш оилаларга ибрат мактабидир.

Исмонали ҲОЖИМАТОВ,

 

Балиқчи тумани.