+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 28 Янв 2021
    Ватан ҳимояси муқаддас бурч
    Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейининг "Чўлпон ёдгорликлар музейи" бўлими ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Андижон академик лицейи…
  • 28 Янв 2021
    Фахрийларга юксак эҳтиром кўрсатилди
    Асака туманида Ватан ҳимоячилари кунига бағишланиб, "Сизга таъзим, сизга шараф-шон" деб номланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Асака туман…
  • 28 Янв 2021
    Ходимларнинг 260 миллион сўмга яқин иш ҳақлари ундириб берилди
    Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармаси ҳамда ҳудудий бўлимлари томонидан суд ҳужжатларига асосан, белгиланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлашни пайсалга солаётган жисмоний…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

07 Июль 2020

ШАҲРИХОНЛИК СТЮАРДЕССА

Ибратли ёшларимиз

Ҳар ким ҳам стюардесса бўлавермайди. Бунинг учун кўп ўқиш, изланиш, турли синовлар, чиғириқлардан ўтиш лозим. Энг асосийси, инглиз тилини мукаммал билиш талаб этилади. Негаки, стюардессалар у давлатдан бу давлатга қатновчи ҳаво транспортида турли миллат вакилларига хизмат қилади.

Оддийгина қишлоқ қизи, Шаҳрихоннинг Бўстон маҳалласида туғилиб ўсган Дилафрўз Fуломовага ана шундай бахт, минглаб қизлар орзуси бўлган - стюардесса бўлиш насиб этди. Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетининг таржимонлик факультетини тамомлагач, Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳридаги стюардессалар тайёрлаш курсига йўл олди. Иштиёқ билан ўқиди, изланди.

Ёш стюардесса ўз иш фаолиятини Бирлашган Араб Амирликларига қарашли "Emirаtеs" авиакомпаниясидан бошлади ва халқаро йўналишларда 3 йилдан ортиқ хизмат қилди. Шундан сўнг, Англиядаги нуфузли университетлардан бирига ўқишга кирди.

Айни кунларда Дилафрўз Fуломова Англияда яшаб, илмий иш олиб бормоқда. Оилали, ширингина қизалоғи бор.

Қуйида таътил даврида Шаҳрихонга ташриф буюрган Дилафрўз Fуломова билан бўлган суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

- Дилафрўз, стюардесса бўлиш болаликдаги орзуингизмиди ёки тасодифми? Умуман, бу касбни эгаллашингизга нима туртки бўлган?

- Болалигимдан турли давлатларга саёҳат қилиш, турфа халқлар маданияти, тили, тарихини ўрганишга қизиққанман. Телевизордан дунё мамлакатлари ҳақидаги кўрсатувларни, у ерлик аҳолининг сўзлашиши, турмуш тарзини қизиқиб томоша қилардим. "У ерлар қанақа экан, қайси тилда сўзлашар экан? Овқатланиши қандай, мен ҳам борсам бўлармикан?" деган саволлар ичимдан ўтарди...

Бир куни онамдан "дунёда чиройли жойлар, ривожланган давлатлар кўп экан, у ерларга боришим учун нима қилишим керак?", деб сўраганимда, "инглиз тилини мукаммал ўрганишинг керак", деб жавоб берди. Шундан сўнг, шаҳардаги 2 - лицей-интернатга ўқишга топширдим. У ерда бор кучимни тил ўрганишга сарфладим. Кўп ўқидим, изландим. Аллоҳга шукр, вақтим бекор кетмади. Мақсадимга эришдим.

- Ота-онангиз стюардесса бўлишингизга қарши бўлишмаганми? Ахир, уйдан кўра йўлда кўп бўласиз-ку?!

- Йўқ, ҳеч қачон қаршилик кўрсатишмаган. Аксинча, мени қўллаб-қувватлаганлар. Ўқимишли, дунёқараши кенг инсон бўлишим учун қўлларидан келганча ёрдам бердилар. Лекин, ўша вақтда, айтганингиздек қаршиликлар бўлганида, билмадим, ҳозир бу даражада ютуқларга эришмаган бўлармидим?! Ахир, ота-она розилиги муваффақиятга эришишингда муҳим роль ўйнайди-ку. Шунинг учун, улардан бир умр миннатдорман.  

- Туғилиб ўсган қишлоғингизга қанча вақтда келиб турасиз?

- Ҳар йили келишга ҳаракат қиламан. Олдинлари олти ойда бир келардим. Иш, оиладаги масъулиятинг кўпайгани сари ўзингдан ортмай қолар экансан. Ўзбекистонга келсам,    аэропортдан тўғри қишлоққа кетаман. Бир кун ҳам меҳмонхонада турмайман. Мен, ўз қишлоғимни жуда яхши кўраман. Келсам, онажоним мазали таомлар пишириб беради. Тандирдаги иссиқ нонни айтмайсизми... Тўғриси, дунёнинг кўплаб гўзал жойларида бўлдим, бироқ, ҳеч қайсиси киндик қоним тўкилган жойга етмайди. Уйга борсам, қўшнилар чиқади, қариндошлар йиғилади. Ўша вақтда ўзимни яна ҳам бахтли сезаман. Жуда ҳам бахтли...

Барибир, ҳар доим қишлоғимни соғиниб яшайман. Мана, ҳозир яшаётган жойимда ёмғир ёғса, ернинг ҳиди қишлоғимни эслатади...

Буни чет-элда яшаб кўрганлар тушунади.

- Касбингиз тақозоси билан кўп жойларда бўласиз, турли давлат, миллат одамлари билан суҳбатлашасиз, уларда ҳам ўзимизнинг юртдошлардагидек меҳр-оқибатни кўрасизми?

- Тили, дини, миллати бошқа бўлгани билан одамлар орасида яхшиси жуда кўп. Мен буни кўрдим. Биздагидан бироз   фарқли бўлиши мумкин. Меҳмондўстлик, меҳр-оқибат ҳаммада ўзига яраша бўлади. Тўғри, Ўзбекистонда меҳр-оқибат кучли. Лекин, бу ўзингизга ҳам боғлиқ. Қаерда бўлсангиз ҳам муомалангиз яхши бўлса, бошқалар ҳам сизга шундай муносабатда бўлар экан.   

 - Илмий ишингиз мавзуси нима?

- Марказий Осиё ва Европа иттифоқи ўртасидаги муносабатларни ўрганиб чиқяпман. Бундан мақсад, давлатлар ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш. Айниқса, табиатни асраш борасида ҳамкорликни кучайтириш. Жойлардаги экологик ҳолатдан келиб чиққан ҳолда, бугунги кундаги об-ҳаво масаласи, яъни, глобал исиш, умуман, иқлим ўзгариши муаммоларини ўрганиш.

- Қатнаган йўналишингизни ҳисобга олган ҳолда, шу     вақтгача нечта давлатда бўлдингиз, санаб ўтсангиз?

- Адашмасам, бугунга қадар 50 дан ортиқ мамлакатда бўлдим. Йирик шаҳарлардан Лондон, Манчестер, Сидней, Шанхай, Шри-Ланкага доимий парвозларда ишлаганман. Эрон, Туркия, Япония, Канада, Германия, Россия, Норвегия, Италия, Испания, Греция, Франция каби кўплаб давлатларга қатнаган ҳаво лайнерида фаолият олиб бордим.

- Орзуларингиз қай даражада ушалди?

- Орзуларимнинг кўпи ушалди. Яъни, дунё кездим. 3 та тилни мукаммал ўргандим. Хорижда магистратурада ўқидим. Энг асосийси, бахтли оила бекасиман. Опа-укаларимга қўлимдан келганча ёрдам бердим. Аммо, бир армоним бор, дадам тўйимни кўрмай оламдан ўтди. Турмуш ўртоғим билан танишмади. Шунга кўп ўйланавераман. Лекин, онамни кўп давлатларга олиб бордим. Кўп жойларни кўрди.

- Вақти келиб Ўзбекистонга бутунлай қайтиш ниятингиз борми?

- Ҳа, албатта. Илмий ишим тугаши билан Ватанимга қайтиш ниятим бор. Олдимга қўйган мақсадим ҳам шу! Ўзбекистонга бориб ишлаб, юртим ривожига ҳисса қўшсам, одамларга фойдам тегса, дейман.

- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

 

Аббосбек СУЛТОНОВ суҳбатлашди.