+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

07 Июль 2020

АСАКАЛИК "ТЕМИР ХОТИН"

Асакалик Хайрихон Азизовани қишлоқдошлари саховатли,  мурувватли аёл,  дейишади.  Ҳақиқатан ҳам, у тепаликка насос билан сув чиқариб, мингдан ошиқ хонадонга сув келтириб, файзу барокат улашган меҳрибон аёл.

"Қадим" маҳалласига ташриф буюрган кунимиз  Хайрихон опани яна бир хайрли иш устида учратдик. Тиниб-тинчимас фермер маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи ариқни экскаватор ёрдамида ковлатаётган экан. 

-Қадим ариғининг узунлиги салкам 7 километрни ташкил этади, - дейди Хайрихон опа. - Ариқни ковлатиб, сув йўлини очиб турмасак, массивнинг охирига сув етиб бормайди. Қишлоқ хўжалик экинлари сувсиз қолади. Шу боис, вилоят сув хўжалиги бошқармасидан ёрдам сўрадим. Мана, кўриб турганингиздек, сув йўлини очаяпмиз.

Хайрихон Азизова Асакага Фарғонанинг Қува шаҳридан келин бўлиб тушган. Деҳқон оиласида туғилиб ўсган ёш келинчак бекор ўтиролмай, далага ишга чиқиб кетади. Ишни теримчиликдан бошлаган Хайрихон барчани ҳайратга солиб кунига 200 кг дан пахта теради. Пилла мавсумида 4-5 қути ипак қурти боқиб, пилладан мўл ҳосил олади. Тез орада унинг довруғи ёйилиб, бригадирликка кўтарилади.

-Деҳқончилик қонимда бор, - сўзлайди Хайрихон опа. - Отам колхоз раиси бўлган, оиламиздаги ҳамма деҳқончилик билан шуғулланган. Ҳатто, ишонасизми, онам мени далада, қовун чопиғида туғиб қўйган экан. (кулади) Шу боис, ерсиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман. Мана, қирқ йилдан ошибдики, даладаман. Қишлоқдошларим мени "темир хотин" деб аташади.

Хайрихон опа 2006 йили фермер хўжалиги ташкил этди. 20 га ер олиб, буғдой сепди, бошланишига 10 туп ўрик кўчати ўтқазди. Ҳозир хўжалик кўп тармоқли фермер хўжалигига айланган.Мавжуд 46 гектар ер майдонининг 33 гектарида ғалла, 7 гектарида соя, 6 гектар интенсив боғда олма, ўрик, шафтоли каби мевалар етиштирилади. 30 бош қорамол, 50 бош товуқ, 10 та оила асалари парваришланяпти. Хайрихон опа олаётган даромадининг бир қисмини қишлоқдошлари билан баҳам кўради. Ким ёрдам сўраса, ёрдамини аямайди.

-Хайрихон билан тенгқурмиз, - дейди Қадим маҳалласида яшовчи Муборакхон Ашурова. - Пиллага, пахтага бригадир бўлган кезлари қўл остида ишлаганман. Пенсияга чиққач, уйдан чиқолмай қолдим. Хайрихон кўз тегмасин мана, ҳалиям ғайрат билан ишлаяпти.

Асакалик "темир хотин" ҳозир 68 ёшда. "Минг ўрик азизи" фермер хўжалигини бошқаряпти. 20 дан зиёд маҳалла одамларини иш билан банд қилган.

- Ҳар куни "бугун қандай хайрли иш қилдим, оиламга, одамларга нима нафим тегди?" деб ўзимга-ўзим савол бераман, - дейди фермер. - Озгина бўлсада, эзгу амал қилган бўлсам, тинч ухлайман. Акс ҳолда, уйқум қочади. Ҳар бир инсон ўтаётган кунини     сарҳисоб қилиб яшаши керак.

Хайрихон Азизова қилган меҳнатлари, юртимиз ривожига қўшаётган ҳиссаси  учун "Шуҳрат" медали билан мукофотланган.

Fайратли фермер ҳалиям тингани йўқ. Буғдойдан бўшаган майдонларига сояни такрорий экишни мўлжаллаб турибди. Биз ҳам унинг хайрли ишларига ривож, ўзига эса куч-қувват тилаб қоламиз.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА