+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

09 Май 2020

БУ УРУШДА ЎҚ ҚАЙСИ ТОМОНДАН КЕЛИБ КЎКСИНГГА УРИЛИШИНИ БИЛМАЙСАН

 

Замонамиз қаҳрамонлари

Холисхон ая муаззиннинг бомдод намози учун айтаётган азонидан уйғониб кетди. Ёнида ётган набираларининг устини енгил кўрпа билан ёпди-да, аста ўрнидан турди.

Намозини ўқиб бўлгач, жойнамозда узоқ қолиб кетди. Қадоқли қўллари кўкка чўзилган, таъзимла ерга қадалган кўзларидан оқаётган ёш ажинли юзларини ювиб тушарди. Яратгандан дунё тинчлигини сўраб дуо қиларди.

Ўлатга ўхшаш вирус келгандан бери кўплар қатори аянинг ҳам тинчи бузилди. Ички ишлар ходими бўлган ўғли Алишер ва шифокор келини Моҳичеҳра неча кундир-ки эл хизматида. Тўнғич ўғли Фарҳод тадбиркор. Уй-жойи алоҳида. Қизлари ўзидан тинчиган. Турмуш ўртоғи Абдусаттор аканинг оламдан ўтганига яқинда икки йил бўлади. Эллик йиллик турмуш ўртоғига суяниб қолган аянинг қадди анча букилиб қолди. Ярми бўшаб қолган уйининг тўриси каби бутун кўнгли ҳам бўшаб қолди.

Холисхон ая ҳовлига чиққанида, қуёш ҳусну жамолидан таралаётган нурларини заминга тортиқ қилаётган эди. Қўлига тешани олиб яқинда набиралари билан эккан помидор кўчатлари атрофини чопа бошлади. Чарчади шекилли, ҳовлисидан оқиб ўтаётган анҳор бўйларига эккан райҳонлар олдига бориб ўтирди. Райҳоннинг ширин ифори тонг ҳавоси билан     уйғунлашиб, юрагига ҳузур бағишласа-да, кўнглининг бир четига ўрнашиб олган ғашлик онаизорга тинчлик бермасди. Туну кун хаёли ўғли ва келинида. Инсоннинг қандай экани эл бошига ташвиш келганда билинар экан. Яратганга шукр, бугунги синовли кунларда фарзандлари халқнинг ташвиши билан ҳамнафас юрибди. Тунов куни тадбиркор ўғли ҳам ёрдамга муҳтож хонадонларни озиқ-овқат билан таъминлабди. Холисхон ая ўғлининг бу савобли ишидан хурсанд бўлганидан боши осмонга етди. Чунки, уруш йилларининг азоб-уқубатли кунларини онасидан эшитган эди. Ўшанда фронт ортидаги хотин-қизларнинг, ёши улуғ кексаларнинг меҳнати, матонату жасорати ғалаба қозонилишига катта туртки бўлганди. Қиш-қировли кунларда кимнинг хонадонида чақалоқ дунёга келса, ўчоғи иссиқ бўлиши учун ўтин олиб кирганлар. Мақсад миллатни сақлаб қолиш эди. "Битта майизни қирқ бўлакка бўлган халқмиз, саховатли бўл қизим", - дея онаси ҳам кўп     таъкидлар эди. Бугун эса онасидан эшитганларини ўз кўзи билан кўриб турибди. Фақат бу урушнинг душмани кўзга кўринмайди. Уларга қарши курашишнинг биргина йўли уйда қолиб, истиғфор айтиш. Биз учун курашаётган инсонларнинг қадрига етиш.

Хаёллар ичра ўзи билан сўзлашар экан, сув бетида оқиб келаётган, вирусдан ҳимояланиш учун юзга тутилиб, сўнг ташлаб юборилган ниқобга кўзи тушди. Дарҳол қўлидаги теша билан ниқобни сувдан илиб олди.Ҳовли четидаги ахлат қутига солди. Фаҳмсиз одамлардан кўнгли оғриди. Озодалик ашаддий душмани бўлган вирусга қарши курашда соғлом турмуш муҳимлигини бутун дунё бонг ураётган бир пайтда табиатни менсимаслик жоҳиллик эмасми? Кимдир жон бериб курашар, кимдир эса вирус ташир.

Бир воқеа ҳеч ёдидан чиқмайди. Қўшнисининг эҳсон учун ёзган дастурхонида бир уй хотин-халаж йиғилган эди. Ҳовли саҳнида майитни эслаб яқинлари йиғи-сиғи қилар, ичкарида ғийбат авж олган эди. Бу ҳолатдан норози бўлган Холисхон ая аёлларга юзланиб шундай деган эди.

- Яхшилар, ҳеч бўлмаса хонадон эгалари ҳурматини     жойига қўяйлик. Fийбат ўрнига ҳикматлардан гапирайлик. Айтишларича, ғийбат бўлган жойга фаришталар кирмас экан. Fала-ғовурга айланган давра сув сепгандай тинчиди. Аммо, бир аёлнинг шеригига айтаётган шивир-шивири қулоғига чалинди. Юрагига ўқдай санчилган фитна қилгувчининг сўзлари кечагидай ёдида.

- Ўғли ички ишларда "оқ"ни "қора", "қора"ни "оқ" дегани учун пул олса, келини беморларнинг касалига эмас, қўлига қараб даволайди. Уйидагиларга қилсин насиҳатини!

Ўшанда аянинг қалби қаттиқ оғриди. Лекин, ёзилган дастурхон ҳурмати лом-мим демади. Фарзандларига бўлган ишончи туфайли фитна қурбонига айланмади. Эл оғзига элак тутиб бўларканми? Бугун эса  фарзандлари ўша ишончни оқламоқдалар.

- Ассалому алайкум, бувижон, яхши ётиб турдингизми? - Беш ёшли кенжа набираси бўйнидан қучоқлаб юзидан ўпар экан деди: - Бувижон, тушимда дадам билан аямни кўрдим. Дадам бобомнинг қиличи билан вирусларни қириб ташлабди. Аям эса "биз ғолиб бўлдик"- дея ҳаммага гул улашяпти.

- Тушларинг ўнгидан келсин, болам, бу кунлар ҳам ўтиб кетади. Ҳали ҳаммамиз яна  дастурхон атрофида жамулжам бўлиб йиғиламиз. Даданг ва аянгга ўхшаган фидойи инсонлар туну кун осойишта ва бахтли ҳаётимиз учун курашмоқда. Улар миллатимиз қаҳрамонлари. Бизнинг эса бирдан-бир ёрдамимиз уйда қолишимиздир, - деди Холисхон ая набираларининг ҳар бирини бошини силаркан.

- Дадам, аям ҳам қаҳрамонми? Уларга медаль беришадими? - дея маъсум қалби фахр-ифтихорга тўлиб-тошган яна бир набираси саволга кўмиб ташлади.

- Ҳа, болаларим, улар ҳам қаҳрамон. Миллат учун оиласидан, оромидан мосуво, туну кун шу балога қарши курашаётган барча фидойи инсонлар буюк қаҳрамондирлар. Fалаба эса улар учун энг олий мукофотдир, - деди кайвони онахон набираларини бағрига босаркан.

- Бувижон, яхши ҳам сиз борсиз. Бизга бор меҳрингизни беряпсиз. Дадам ва аямнинг уйда йўқлигини билдирмаяпсиз, - деди оқни қорадан ажратадиган ёшдаги тўнғич набираси.

Набирасининг бу гаплари ёшликдаги бир хатосини эслатди. Ўшанда шу хонадоннинг янги келини эди. Катта ҳовли бўлгани учун келди-кетди ҳам шунга яраша эди. Қайнона-қайнота, момо қайнона, яна бир турмушдан қайтган аммаси шу ҳовлида турарди. Ёшлик қилдими?, хуллас бир куни онасига арзу дод қилди.

- Аяжон, суриштириб ҳам узатмабсиз. Шунақа хонадонга тушаман деб ҳеч ўйламаган эдим. Ҳамманинг битта қайнонаси бўлса, менда иккита, амма билан учта. Уларнинг хизматини қилиб умрим ўтадими энди? - деди норози оҳангда.

Онасидан "Вой қизим, қийин бўлибди-ку. Сени ўтга ташлаб қараб турмаймиз, дейишини кутганди. Аммо, у кутганча бўлмади. Аксинча, онаси унга бошқача гап гапирди:

-      Қизим, ёшлик қилиб калта ўйлама. Кексаларнинг хизматини қилиб дуосини олсанг, икки дунё саодатига эришасан. Агар билсанг, улар - давлатинг. Бу хазиналарни асраб-авайласанг, ўзинг учун жаннат эшикларига йўл очган бўласан!

 Ҳа, дарҳақиқат фарзандлари шу кекса мунис онахон тарбиясида улғайдилар. Бугун жанг майдонида кўринмас ёв билан курашаётган фарзандларининг шижоат, жасоратида ана шу ҳазрати инсонларнинг меҳнатлари беқиёс. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жанг бу. Чунки, жанг майдонида душман билан юзма-юз келасан. Очиқ майдонда ғолиб бўлиш учун курашасан. Бу қандай уруш бўлдики, ўқ кимдан ва қайси томондан келиб кўксингга урилади, билмайсан. Аммо, шуни билса-да фидойи инсонлар ўз жонини хатарга қўйиб миллат учун курашмоқдалар.

Холисхон ая фарзанд тарбиясида кекса боболар, бувиларнинг ҳам ўрни муҳим эканлигига яна бир бор амин бўлди. Келажакда набираларини ҳам эл корига ярайдиган комил инсонлар бўлиб вояга етиши учун донишманд халқимизнинг одоб-ахлоқ дурдоналаридан иборат бебаҳо хазинасини аста очди. Унга термулиб турган маъсум қалбларни бу бебаҳо чашмалардан баҳраманд эта бошлади.

 

Ёқутхон ОБИДОВА