+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 09 Май 2020
    Инсонпарварлик карвони Сирдарёга йўл олди
    Бугун бутун халқимизнинг асосий эътибори "Сардоба" сув омборида юз берган тошқин асоратларини бартараф этишга, сув тошқинидан азият чеккан юртдошларимизга ёрдам кўрсатишга, уларни моддий ва маънавий…
  • 09 Май 2020
    Асл бойлигимиз соғлигимиз, тинчлигимиздир
    Оғир дамлар келганда асл инсонларгина бир-бирини қўллайди. Меҳр-оқибат шундай кунларда янада билинади, қадрли бўлади. Дарҳақиқат, вирусга қарши меҳри дарё халқимиз бирдамликда ҳаракат қилмоқда. Буни Хонобод…
  • 29 Апр 2020
    ХАРИДОРЛАРГА СИФАТЛИ НОН ЕТКАЗИБ БЕРИЛМОҚДА
    Андижон шаҳрида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркор "Бобохўжаев Шуҳратбек" томонидан ташкил этилган нон цехида бир неча йиллардан буён аҳолига қолипли нон ва бир неча турдаги…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

09 Май 2020

ХОРАЗМ ЛАЗГИСИНИ ЭШИТСАМ, БОЛАЛИК ХОТИРАЛАРИМ УЙFОНАДИ, -

дейди 91 ёшли онахон Энабиби Тўрабоева.

Избосканнинг Қораянтоқ қишлоғида юзи нурли, тили ширин, шеваси ўзига ярашган, дуогўй Энабиби момо Тўрабоева истиқомат қилади. Ўзининг айтишича, момо бу ерларга Иккинчи жаҳон уруши йиллари келиб қолган. Энабиби момо туғилиб ўсган шаҳри, оғир кечган болалиги ҳақида хотирлар экан, тақдир  чархпалаги сабаб кўрган-кечирганлари ёзишга арзигулик китоб бўлишини, ёшлар бугунги саодатли кунлар қадрига етиб яшашлари лозимлигини таъкидлайди.

- Ота-онам ўша пайтда тарқалган вабо касаллиги туфайли оламдан ўтишгач, мени Абдулло тоғам уйига, Қашқадарёга олиб кетди, - дея ҳикоя қилади Энабиби момо. -Ўша машъум Иккинчи жаҳон уруши     воқеалари ҳамон кўз олдимда гавдаланаверади. Қанча дўстларим, дугоналаримнинг фронтга кетган оталаридан "қора хат" келарди.Уни ўқиган дугоналарим уввос солиб йиғлардилар.Оталаридан эрта айрилган дугоналаримга раҳмим келар, уларга таскин беришга уринардим. У вақтларда ҳаёт кечириш, илм олиш ҳозиргидек осон эмасди. Ҳали бола бўлсак-да,  фронт учун катталар билан тенгма-тенг ишлардик. Нонни    навбат билан, карточка орқали беришарди. Бир буханка нон учун кечаси чиқиб навбатга турилар, гоҳида нон олгунимизча тонг отиб бўларди.

Уруш йиллари ёш қизалоқ бўлган Энабиби биргина муаллим дарс берадиган қишлоқ мактабида савод чиқарди. Кўп муаллимларни урушга олиб кетиб қолишган. Мактабда ҳар-хил ёшдаги бир неча бола ўқир, кўп болалар оёқ кийимлари йўқ бўлганлиги учун дарсга келолмасдилар. Энабиби момо ўша пайтлар мактабга келолмаган болаларга қандай ёрдам бергани, уйма-уй юриб, ўрганган дарсларини ўртоқлари билан баҳам кўрганини эслайди.

Урушдан сўнг Энабибини андижонлик Исмоилжон исмли камсуқум, меҳнаткаш йигитга узатдилар. Шундай қилиб, Хоразмнинг Энабибиси Андижоннинг сўлим Қораянтоқ қишлоғида туп қўйиб, палак ёзди. Турмуш ўртоғи Исмоилжон билан тўрт ўғил, тўрт қизни тарбиялаб, элга қўшдилар.

- Урушдан кейинги тикланиш даврлари ҳам осон кечмади, - хотирлайди онахон. -Уруш оқибатларини бартараф этиш, иқтисодиётни тиклаш, ҳаётни бир маромга солиш учун тинимсиз меҳнат қилиш, изланиш талаб этиларди. Эҳ-ҳе, турмуш ўртоғим билан не-не қийинчиликларни кўрмадик. Бирин-кетин туғилган болаларимни бирини етаклаб, бирини опичлаб, бирини бешикка солиб, далада ҳам меҳнат қилдим, ҳам ўқишимни давом эттирдим.

Энабиби болалигида эришолмаган орзулари ушалиши учун астойдил ҳаракат қилди. Машаққат билан олган билимини бойитди, илм олишни давом эттирди.  Ва ниҳоят орзуларига эришди. 40 йилдан зиёд мактабда муаллима бўлиб ишлади.

Бу йил Энабиби момо Тўрабоева 91 баҳорни қарши олмоқда. Ўғли Холдоржон Ички ишлар ходими, Рустамжон ва Равшанбек -тадбиркор. Келинлари - Омадхон ўқитувчи, Шоҳидахон ҳамшира, Шоирахон эса тарбиячи. Набира келинлар ҳамиша онахоннинг хизматида.

- Ҳар гал Хоразм лазгисини эшитганимда, кўнглимда алланечук ҳислар пайдо бўлади. Болалигим, қаҳатчилик, армонларим, уруш таҳликалари, ҳамма-ҳаммаси ёдимга тушади. Буни оддий сўз билан ифодалаб беролмайман. Бу рақсни набираларимга ўргатганман. Гоҳи-гоҳида уларни ёнимга чақириб, лазгига ўйнатаман. Улар билан ўзим ҳам ҳиром айлайман, - дейди Энабиби момо.

Хотира инсоннинг борлиғидир. Хотира уйғонса, инсоннинг ўзлиги уйғонади. Хотира уйғонса, инсон ўтмишни хотирлайди, кечмишидан сўзлайди, тарих ёзилади. Энабиби момодек пиру бадавлатларимизнинг хотиралари бизга янги тарих саҳифаларини ўқишга ёрдам берса, ажаб эмас.

Гулнора МАҲКАМОВА,

 

Избоскан тумани.