+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

26 Дек 2019

Онам - бошдаги тожим, қизим - бахтим, меърожим

орамиздаги аёллар

Халқимизнинг хўб ажойиб нақллари бор. "Меҳнат инсонни улуғлайди" ибораси шулардан биридир. Одамлар орасида тилдан тилга ўтиб келаётган бу сўз замирида қанчалар маъно мужассам эканлигини ҳалол меҳнати билан элда обру-эътибор, эъзоз топаётганлар яхши биладилар.

Муҳаббатхон Азизларходжаева ўзини ишига, оиласига бағишлаган, ҳалол меҳнати билан маҳалладошлари, ҳамкасблари орасида ҳурмат эътибор қозонган фидойи аёл. 

Ўтган асрнинг 80-йиллари. Асли қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидан бўлган Муҳаббат опани  фалакнинг гардиши Андижонга улоқтирди. Бу ерда у ўқиди, турмуш қурди, ишга жойлашди. Туп қўйиб, палак ёзди. Аввалига ўз соҳаси бўйича Хонободдаги Сув қурилиш материаллари корхонасида инженер бўлиб ишлади. Сўнг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланди. "Семурғ" фирмасини ташкил этди. 14 йиллик фаолияти давомида Муҳаббат опа ишлаб чиқариш, товар айирбошлаш,   экспорт-импортни, бизнес юритишни пухта ўрганди. Ҳисоб-китобларда чархланди.

2011 йилда Муҳаббат опани ҳисобчилик ишига таклиф этдилар. Ана шундан буён Муҳаббатхон Азизларходжаева Андижоннинг маълум ва машҳур кафеларидан бири бўлган "Истанбул Лаззат" МЧЖда бош ҳисобчи бўлиб ишлаб келмоқда.

- Оилада 7 қиз эдик, - эслайди Муҳаббат опа. - Барчамиз ўқидик, олий маълумот олдик. Мен тўнғич қизман. Бир синглим адвокат, иккитаси инженер,  яна бири ўқитувчи, икки синглим шифокор. Онам Манзурахон ая жамиятнинг жуда фаол аёлларидан бўлган. Махсус мактаб-интернатда тарбиячи бўлиб ишлагани боис, таълим ва тарбия қон-қонига сингиб кетган.Ҳовлимиздан маслаҳат сўраб келадиган одамлар кети узилмасди.  Биронта ажрашаётган оила бўлса, онам бориб ўша оилани тикламагунча, яраштирмагунча тинчимасди. Дадамни Файзуллахўжа уста дейишарди. Ҳокисор, самимий, танти одам эди. Меҳнаткашлик, бардошлилик отамдан ўтган бўлса, тиришқоқлик, фаоллик  онамдан ўтган. Уларнинг ўгитлари, берган тарбиялари билан ёмон бўлмадик. Оила, фарзандлар олдидаги бурчга садоқат, қайноқ меҳр ва эътиборни бизга ота-онамиз юқтирган. Қанийди, ҳозирги ёш куёв-қайлиқларда ҳам шундай фазилатлар бўлса.

Муҳаббат опа Мактубжон ака билан турмуши давомида қизлик бўлди. Бироқ, тақдир унинг пешонасига бошқа фарзанд битмади. "Қиз фарзанд - давлат, йўқлаб келадиганим, коримга ярайдиганим, ўлсам-йиғлайдиганим бор", дея шукр қилди у. "Биргина қизим бор", деб ўксинмади, унга бор меҳрини берди, таълим-тарбиясига эътибор қаратди.

Дилоромхон Муҳаббат опа орзу қилганидек эсли-ҳушли, одобли,  тиришқоқ, илмга чанқоқ чиқди. Андижон давлат тиббиёт институтида ўқиди, илмий иш қилди. Малакали нейрожарроҳ бўлиб етишди. Ақлу заковати, юксак салоҳияти боис уни институтнинг ўзида олиб қолдилар. Мана 5 йилдирки, Дилоромхон Норматова Андижон давлат тиббиёт институтининг "Болалар травматологияси, ортопедия ва нейрожарроҳлик" кафедрасида   ассистент лавозимида ишламоқда. Оиласи, Муслимахон исмли ширингина қизалоғи бор.

- Бу дунёда мен фахрланадиган ва суянадиган икки инсон бор. Булардан бири - онам, бири қизим, - дейди Муҳаббат опа. - Онам бошдаги тожим бўлса, қизим - бахтим, меърожимдир. Бу ўхшатиш кимларгадир эриш туюлар. Бироқ, ўйлаб кўрсангиз, ростдан ҳам оналик - улуғ мартаба. Она бўлсанг, еттинчи осмонларда учасан, гўё меърожга юксаласан. Онаси борлар ҳеч қачон қаримайди, қизи борлар эса ҳеч қачон хор бўлмайди. Шундай тақдир берган Оллоҳга беадад шукроналар келтираман. Онангиз борми, уни асранг, бошингизга кўтаринг, қизингиз борми, уни асраб-авайланг. Уларнинг бахти - сизнинг бахтингиздир.

Инсонга умр бир марта берилади. Уни қандай ўтказиш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Ҳаёт йўлини тўғри танлаган одамгина юксак ҳурматга сазовор бўлади. Муҳаббат опа ҳаёт йўлини тўғри танлади, бу борада фарзандига ҳам тиргак бўла олди. Орамиздаги ана шундай аёллар, оналарни ҳамиша нур таратиб турувчи маёққа қиёслагим келади.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА